“Ваҳиманинг ўзи ярим касаллик, хотиржамлик ярим соғлик, сабр эса шифонинг бошланишидир”

0

Бугунги кунда коронавирус инфекцияси глобал хавф сифатида бутун дунё мамлакатларининг асосий муаммосига айланди. Дунёнинг 190 дан ортиқ мамлакатига кириб борган бу офатдан 750 мингга яқин аҳоли зарарланди ва афсуски, 34 мингдан зиёд шахс инфекция оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Шарқда, хусусан Хитойнинг Ухань шаҳрида аланга олган ушбу инфекция қисқа муддатда Ғарб давлатларини ҳам ларзага солди. Италия мисолида олганда, жорий йилнинг 15 февралида 3 нафар шахсда вирус аниқланган бўлса, орадан бир ой ўтиб, яъни 15 мартда 24 минг бемор қайд этилди, ҳозирда эса уларнинг сони 80 мингдан ошиб кетди.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсифига кўра, бир минтақада кутилмаганда касаллик тарқалиши эпидемия аталиб, янги касалликни бутун дунё бўйлаб тарқалиши пандемия ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари ва тегишли экспертларнинг фикрига кўра, ҳозир дунё бўйлаб авж олган короновирус касаллиги инсоният тарихидаги сўнгги юз йилликда учраган энг жиддий муаммолардан биридир.

Ривожланган давлатлар ҳам бу офат олдида ожиз эканлиги намоён бўлмоқда. Кўпгина сиёсатчилар инсоният ўз саломатлиги йўлида “кўринмас душман” билан уруш ҳолатида эканлигини таъкидламоқда. Шу сабабли, жаҳон миқёсида инфекция тарқалишига қарши курашишда мисли кўрилмаган кескин чоралар кўрилмоқда.

Шунга қарамасдан, кўп давлатларда COVID-19 инфекцияси тарқалиши яшин тезлигида геометрик прогрессия билан рўй берди.

Хўш, бунга сабаб нима?

Халқаро экспертларнинг фикрича, айрим мамлакатлар аҳолисининг ушбу касалликка ва ўрнатилган фавқулодда чораларга етарли эътибор қаратмасдан, оммавий тадбирлар ва жамоат жойларида тўпланишларни давом эттирганликлари бунга асосий сабаб бўлди.

Хорижий тажриба

Юзага келган вазиятда вирус тарқалишини камайтириш ва унинг олдини олиш учун барча давлатлар томонидан қатъий карантин чора-тадбирлари кўрилиши талаб этилади. Бу хавфли касалликни енгиш йўлида давлат органлари ва соғлиқни сақлаш тизимлари томонидан кўрилаётган тадбирларда аҳолининг барча қатламлари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этиши ҳамда мамлакатда ўрнатилган карантин талабларига қатъий амал қилиши жуда муҳимдир. “Бу масалани менга алоқаси йўқ”, деб ўйлаш мутлақо хатодир.

Аксарият давлатларда пандемия шароитида энг оғир карантин чоралари белгиланган. Ушбу тадбирларга барча куч-воситалар, хусусан, армия назорати ҳам сафарбар этилган.

Хусусан, Европанинг инфекция ўчоғига айланган Италия ҳукумати қатъий чораларни жорий қилишга мажбур бўлди. Фуқаролар энг зарур ҳоллардан ташқари, барча ҳолатларда мамлакат бўйлаб ҳаракатлана олмайдилар, ҳар қандай кўринишдаги жамоавий тадбирлар бекор қилинган, карантин чораларини бузган фуқаролар жарима ёки қамоқ жазосига тортилади.

Карантин қоидаларига амал қилмаганлик учун Буюк Британияда 1 100, Руминияда 4 500, Жанубий Кореяда 8 200, Сингапурда 10 000 ва  Чехияда 130 000 АҚШ доллари миқдоригача жарима солиш белгиланган бўлса, Хитойда уч йилгача, Россияда 5 йилгача қамоқ жазоси, Францияда эса тегишли ваколатли идораларнинг буйруғига кўра “мавжуд хавфларга мос келадиган ҳар қандай чораларни” қўллаш жорий этилган.

Карантин қоидаларига амал қилмаган шахснинг ҳаракатлари юқумли касаллик тарқалишига сабаб бўлса, Украинада 5 йилдан 8 йилгача, Италия, Испания, Франция, Руминия ва Аргентинада 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Жавобгарлик кескин кучайтирилди

Карантин шароитида касаллик тарқалиши олдини олишнинг энг муҳим шарти – тегишли қоида ва талабларга сўзсиз риоя этишдир. Ушбу тартиб ва қоидаларга амал қилмаслик, ўз навбатида, тегишли жавобгарлик ва жазо чораларининг қўлланишига олиб келади.

Бизда ҳам айрим фуқаролар вирус хавфини тўлиқ англамай ва унга қарши кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳамиятини тушунмаган ҳолда карантин тартибини бузишга ҳаракат қилиб, касалликнинг мамлакатимизда кенг тарқалиши хавфини туғдирмоқда.

Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонунчилигимизда жавобгарликлар мавжуд ва улар янада кучайтирилди.

2020 йил 26 мартда Президент томонидан имзоланиб, эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун билан эндиликда карантин шароитида давлат санитария назорати органларининг қонуний талабларини, масалан, тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ҳамда ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик жиноят сифатида баҳоланади.

Илгари карантин қоидаларини бузганлик учун, агар бу одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо белгиланган. Янги тартибга кўра, бунинг учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.

Агар ўша ҳаракат одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин эди. Эндиликда карантин қоидаларини бузган шахс 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Қонунга кўра, Жиноят кодекси 2445-модда билан тўлдирилди. Инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш 44 миллион 600 минг сўмгача жарима, 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазосини юзага келтиради.

Бундай маълумотларни нашр қилиб, кўпайтириб, ОАВ, Интернет орқали тарқатганлар бадални икки ҳисса кўпроқ тўлайди – 89 миллион 200 минг сўмгача жарима! Бу ҳолат учун ҳатто 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жиноий жавобгарлик белгиланди.

Буюк бобокалонимиз Ибн Сино таъкидлаганидек, ваҳиманинг ўзи ярим касаллик, хотиржамлик ярим соғлик, сабр эса шифонинг бошланишидир. Мақсад, биринчи навбатда, асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, ваҳиманинг олди олинсагина жамоат хавфсизлиги таъминланади, мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тиббий мажбурлов чораси қўлланилишини назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.

Тиббий мажбурлов чораси шахсни маъмурий жавобгарликдан озод этадими? Йўқ. Яъни, карантин шароитида қоидаларни бузган шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланса, у жарима тўлабгина қолмай, бир пайтнинг ўзида 30 суткагача муддатда тиббий мажбурловни ҳам ўтайди.

Амалдаги кодексда мажбурий тиббий чоралар қўллаш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмас эди. Ушбу чоралар санитария ва эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузган ва айни пайтда касалликнинг янада кенгроқ тарқалишига сабабчи бўлиши мумкин бўлган шахсни жамиятдан ажратган ҳолда мажбурий равишда даволаш имконини беради. Ушбу чоралар айнан карантинли ва инсон учун хавфли юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида қўлланилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси ниқобсиз юрганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қисм билан тўлдирилди. Карантин шароитида жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш 1 миллион 115 минг сўм миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш фуқароларга 4 миллион 460 минг сўмдан 6 миллион 690 минг сўмгача маъмурий жарималар солишга олиб келиши мумкин.

Бир тану бир жон

Юртимизда давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан коронавирус тарқалишини олдини олиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда пандемиянинг салбий таъсирларини юмшатишга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинмоқда ва зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу чора-тадбирлар ва карантин қоидалари инфекцияга қарши курашга ўз таъсирини кўрсатиши аниқ. Қонуний тартиблар қатъий ўрнатилгани билан, ҳамма гап одамларнинг онгли равишда уларни тўғри қабул қилишида қолади.

Бундай вазиятда шахсий масъулиятни ҳис этиш ва виждонан ҳаракат қилиш катта аҳамиятга эга. Бошқача айтганда, бугунги кунда ўрнатилган карантин чекловларига сўзсиз амал қилиш ҳар бир фуқаронинг ҳаёт-мамот масаласига айланмоғи лозим.

Агар барчамиз бир тану бир жон бўлиб ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигига алоҳида эътибор қаратсак, аҳоли саломатлигини сақлаш бошқа ҳамма нарсадан муҳим эканини англасак, ва энг муҳими, ўрнатилган қонуний талаб ва қоидаларга қатъий амал қилсак – биз бу оғир ва мураккаб синовдан ёруғ юз билан ўтамиз.

Ҳурматли фуқаролар, ҳозирги кунда нафақат тиббий, балки ҳуқуқий маданиятимизни намоён этган ҳолда, белгиланган карантин ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этайлик. Бинобарин, ушбу қоидаларга оғишмай амал қилиш ҳар биримиз ва яқинларимизнинг саломатлиги учун муҳимлигини эсдан чиқармайлик!

Шерзод  БАҲРОНОВ,
Навоий вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

Аввалги мақолаҲамжиҳатлик, жипслик, тартиб-интизом бугун жуда зарур
Кейинги мақолаЛола Саидова: Инсонлар ўз интеллекти устида ишламай қўйди