Вақт қиймати

0

                                                                       О. Генри

Ота одатдагидек ишдан кеч қайтди. Ҳорғин, ҳафсаласиз, пажмурда гавдасини аранг судраб остона ҳатлади. Бўсағада уни мижжа қоқмай кўзлари тўрт бўлиб, интиқ кутаётган 5 яшар ўғли  қарши олди.

— Салом , дада!-деди у қувончдан кўзлари порлаб.

— Салом, бўталоғим, ҳалиям ётмадингми?

— Йўқ, — дея жавоб берди бола ва сабрсизлик билан сўради. —Дада, сизга  савол берсам майлими?

— Майли. Қани эшитайлик-чи, оромингни ўғирлаб, алламаҳалгача сенгинани йўлимга интизор қилдирган қандай савол бўлди у?

— Бир соатда қанча пул ишлайсиз? — кўзларини пирпиратиб, болаларга хос содда самимият билан сўради болакай.

Кутилмаганда берилган 5 яшар боланинг саволи отани танг қолдирди ва туриб-туриб жаҳлини чиқарди.

— Бемаҳалда бошқа савол ўйлаб тополмадингми? Қолаверса, бу сенинг ишинг эмас, зумраша!

— Дада, илтимос, айта қолинг, бир соатда қанча пул топасиз? — оёқ тираб олди болакай.

Бола ҳукми пошшонинг ҳукмидан устун эмасмия, ота қараса жавоб бермаса бўлмайдиган, жавдираб тикилаётган покиза кўзлар билан нигоҳи бақамти келганида кўнгли ийиди ва:

— Бир соатда 20 доллар ишлайман, қўзим, — дея жавоб қилди у боласининг бошини силаб.

— Яшасин! — қичқириб юборди кичкинтой. — Дада, менга 10 доллар қарз бериб тура оласизми?

Буниси ҳаммасидан ошиб тушди ва дарғазаб отанинг сабр косаси тўлди. У ортиқ жаҳлини яширолмади:

— Ие, тағин нима ўйлаб топдинг? Қаердаги кераксиз ўйинчоқни сотиб олишинг учун дадам 10 доллар беради деб ўйласанг, чучварани хом санабсан, зумраша! Қани, ҳозироқ ўз ўрнингга бориб ёт ва охирги пайтларда қанчалар худбин бўлиб улғаяётганинг ҳақида бош қотириб кўр! Мен ҳар куни бетиним машаққатли меҳнат қиламан ва жоним ҳалқумимга келиб, аранг уйга қайтаман. Сенинг хархашаларинг ва  инжиқликларингни кўтаришга тобим йўқ!

Мўлтираб тикилиб турган кўзларга ёш қалқди. Болакай индамай ортига ўгирилди. Чарчаган ота дам олгани ўрнига чўзилди, бироқ ҳар қанча ҳориган, жисмонан эзилган бўлмасин, ҳадеганда кўзларига уйқу инмади. Асаблари дош бермай, боласига бақиргани учун кўнгли бузилди. “Тун ярмигача ухламай, топган саволини қаранг. Қизиқ 10 доллар унга нега керак бўлиб қолдийкин?”. Шу тариқа орадан бир  соат ўтди. Ота у ёнига ағдарилди, бу ёнига ағдарилди, лекин кўзлари юмилмади. Бу туришда саҳарга довур ухлолмаслигини англаб, ўрнидан турди. Ҳовуридан тушган ота сокин ўй сурар экан: “Чиндан ҳам, болам шу 10 долларга муҳтож бўлса-чи? Мен жигаргўшамнинг гапини эшитмай туриб, шунча кутганиниям юзхотир қилмай уришиб бердим” дея кўнгли хижил бўлди.

У ўғининг хонаси томон йўналди. Эшикни секингина очиб:

— Ухлаяпсанми, болажоним? — деб сўради.

— Йўқ , уйғоқман, дада.

— Сенга нисбатан ноҳақлигу қаттиққўллик қилганимни тушундим. Шунинг учун бўлса керак, ухлолмаяпман. Мендан ранжимадингми? Баъзан катталар ҳам хато қиладилар. Мана сенга 10 доллар, энди эски гиналарни унутамиз.

Бола пулни қўлига ҳам олмай, чопқиллаб бориб, ёстиғининг остидан бир даста ғижимланган пулларни чиқарди. Ўғлининг ҳаракатларини сукут сақлаб кузатиб турган ота ҳайратда эди.

— Шунча пулинг бор экан, мендан тағин 10 доллар сўраганинг нимаси бўталоғим?

— Пулим борликка бор эдику-я, аммо етмасди-да! Мана энди 20 долларим бор. Дада, мен бир соат вақтингизни сотиб олмоқчиман. Эртага уйга вақтлироқ келинг, сизни кутаман…

 

Аввалги мақолаЯнги қонун ва адвокатлар дахлсизлиги: муҳокама мавзуси бошқачароқ бўлиши керак
Кейинги мақолаКўчага чиқманг, Сизни вирус кутмоқда!