Ватанга қасамёд – садоқат баёти ва содиқлик онти! (+фото)

0

Жорий мавсумда миллий армиямиз сафларига муддатли ҳарбий хизматни ўташга чақирилган ўғлонларнинг тантанали Ватанга қасамёд қабул қилиш маросимлари кеча, 12 июль куни Мудофаа вазирлигига қарашли барча ҳарбий округларда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда юқори савияда ўтказилди. Тошкент ҳарбий округига янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар билан ўтказилган шундай тадбир Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, Ватанга қасамёд – бу эр йигитларнинг ҳаётида бир бор кечадиган, унинг умр тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйиладиган бетакрор ва унутилмас воқеадир. Юрт ўғлонлари қасамёд қилиб Ватаннинг ҳақиқий таянчи ва суянчи бўлган кўкси қалқон ҳимоячилари сафидан жой олишади.

Тантанали маросимда она Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташга шайланаётган муддатли ҳарбий хизматчиларга Мудофаа вазирининг табриги ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг саф майдонини юракни ҳапқиртирадиган жарангдор сўзлар тутиб кетди:

“… Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига кирар эканман, давлатим тимсоли бўлмиш муқаддас байроқни ўпиб…”

“Ўзбекистон Республикасига, халқимга ва Президентимга бир умр содиқ бўлишга …”

“… Қуруқликда, сувда, ҳавода – ҳар қандай шароитда ҳам ўз бурчимни виждонан бажаришга, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртимнинг юксак ишончини оқлашга тантанали равишда қасамёд қиламан!”

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Жуманазар Қултўраев зиёли оила фарзанди. У она Ватанга хизмат қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб билади. У ҳам сафдошлари сингари ҳозир бутун умр эсдан чиқариб бўлмайдиган ҳаяжонни юрагидан ўтказиб турибди.

– Азиз ота-онам, акаларим, жонажон сингилларимнинг ҳаловати учун ҳарбий хизматда ўтказган ҳар бир лаҳзам мен учун ғурур бағишлайди, – дейди у. – Чунки мен ҳам она Ватаннинг ҳақиқий ҳимоячисига айландим. Бугун мен Ватанга қасамёд қилдим. Бу қасамёдимга содиқ қолиб, юртимиз сарҳадларини муносиб ҳимоя қилишга ваъда бераман.

Тантанали маросимда сўзга чиққанлар Ватан мардларига улкан муваффақият ва зафарлар тилади.

Якунда ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари, Чирчиқ гарнизони ҳарбий оркестри ва маданият маркази вакилларининг куй-қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият улашди.

Мудофаа вазирлиги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти