Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоиз,  ўтган давр мобайнида эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ вужудга келган янгича муносабатлар амалдаги Қонун нормалари билан тўлиқ қамраб олинмаган. Соҳадаги кўплаб масалалар қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинмоқда.

 Қонун лойиҳасида қандай янгиликлар назарда тутилмоқда?

  • Давлат органлари томонидан ҳуқуқ нормаларини турлича талқин қилиниши ва қўлланилишига олиб келадиган атама ва тушунчалар қайта кўриб чиқилиб, улар аниқ ва оддий тилда баён этилди, айрим тушунарсиз атамалар чиқариб ташланмоқда.
  • Виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принциплари ўрнатилмоқда.
  • Диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилмоқда.
  • Соҳада ваколатли бўлган давлат органларининг вазифа ва функциялари чегараси аниқ белгилаб берилмоқда.
  • Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари тубдан енгиллаштирилмоқда, яъни:

– диний ташкилот тузиш учун талаб этиладиган ташаббускорларнинг сони амалдаги 100 нафардан 50 нафаргача камайтирилмоқда;

– диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг умумий 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланмоқда;

– рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ давлат хизматлари тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилмоқда;

– диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этишнинг аниқ асослари белгилаб қўйилмоқда.

 Қуйидаги қўшимча кафолатлар белгиланмоқда…

– диний ташкилотни тузиш ҳақида йиғилиш ўтказилгандан бошлаб балки 6 ой муддатда (амалдаги Қонунда 3 ой) рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда;

– қонунбузилишга йўл қўйган диний ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туриш фақат суд тартибида амалга оширилиши белгиланмоқда ва уларга камчиликни бартараф этишга 6 ойгача имконият берилмоқда;

– диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш билан ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар ҳақли эканлиги белгиланмоқда (амалдаги Қонунга кўра фақат диний ташкилотларнинг марказий органлари ҳақли);

– ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўзларининг болаларига диний амалиёт ва одоб-ахлоқ асосларини ўқитиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.

 Қуйидаги тартиблар бекор бўлмоқда:

– диний ташкилотни тузишда маҳалла институтининг розилигини олиш тартиби бекор бўлмоқда;

– диний таълим муссасаларида диний таълим берувчи шахсларга марказий бошқарув органининг розилигини олиш талаби чиқариб ташланмоқда;

– диний ташкилотнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва уставидан дубликат олиш каби бюрократик тартибдан воз кечилмоқда;

– рўйхатдан ўтказувчи органнинг, яъни адлия органининг диний ташкилотни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи чиқариб ташланмоқда;

– рўйхатдан ўтиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда;

– диний ташкилотнинг хорижий фуқаро бўлган раҳбари номзодини Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш талаби чиқарилмоқда.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида миссионерлик фаолияти ва прозелитизмга йўл қўймаслик ҳамда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишнинг мажбурийлигига оид нормалар сақланиб қолинмоқда.

Конституциямизнинг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

Миссионерлик фаолияти ва прозелитизмни тақиқлаш динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш, ижтимоий тангликнинг олдини олиш, турли конфессиялар ўртасида зиддиятларнинг авж олишига ҳамда муносабатлар қарама-қаршилиги зўрайишига йўл қўймаслик заруратидан келиб чиқади. Бу кўпмиллатли ва тарихан динлараро бағрикенг жамиятимизнинг бугунги ҳолатига ҳамда халқимизнинг хоҳиш-истагига тўлиқ мос келади.

Мазкур чекловлар Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддаси талабларига ҳам мос бўлиб, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш, турли диний конфессияларга мансуб бўлган фуқаролар ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш учун муҳимдир.

Қонун лойиҳасининг қабул қилинишидан кутилаётган натижалар

биринчидан, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятига оид муносабатларни тартибга солувчи турли даражадаги қонуности ҳужжатлари тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунда мужассамлашади;

иккинчидан, соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлиши таъминланади.

учинчидан, диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатлар такомиллашади.

Қонун лойиҳасининг жамоатчилик ва экспертлар иштирокидаги муҳокамаси:

Қонун лойиҳаси миллий ва хорижий экспертлар, фуқаролик жамияти институти ва диний конфессиялар вакиллари иштирокида бир неча марта муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши томонидан тасдиқланган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини кенг муҳокама қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури асосида жорий йилнинг май-сентябрь ойларида хорижий ва халқаро мутахассислар, жумладан, АҚШ, Австрия, Украина ва бошқа давлатлар мутахассислари иштирокида видео-конференц алоқа шаклида маслаҳатлашув учрашувлари ўтказилди.

АҚШнинг Бригам Янг университети экспертлари томонидан берилган тавсиялар асосида лойиҳа такомиллаштирилди.

Ушбу қонун лойиҳаси 15 сентябрь куни қуйи палата ялпи мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган.

 Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг