Вирус ортидаги фирибгарликлар…

1434

Жорий йилнинг январь ойига қадар коронавирусларнинг 40 га яқин турлари аниқланган. Улар асосан сут эмизувчилар ва паррандаларни зарарлаши мумкин. Коронавирус — лотинча сўздан олинган бўлиб, корона, яъни тожли вирус деб аталишига сабаб, у ташқи кўриниши жиҳатидан қуёш атмосферасидаги ташқи қатлам — қуёш тожини эслатади. У сохта молекулалар ҳосил қилиб, ҳужайраларга кириб олиши кузатилган.

Ҳимояланиш чоралари

 Коронавирусдан ҳимояланиш чоралари сифатида гигиена-санитария қоидаларига риоя қилиш сабаблари борасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли тавсия ва маслаҳатлар бериб ўтилган. Жумладан, ниқоб тақиш, қўлларни тез-тез совунлаб ювиш кабилар ва ҳоказо. Коронавирус иссиққа чидамсизлиги ва иссиқ ҳароратда кўпайиш хусусиятини йўқотиши, нобуд бўлиши аниқланди. Хусусан, 33 даража иссиқда 16 соат ичида, 56 даражадаги иссиқлик бўлганда 10 дақиқа  атрофида фаолсизланиши маълум бўлди. Олимлар ўтказган тадқиқотларга кўра 70 % этанол, яъни этил спирти,  гипохлорит натрийнинг кучсиз 0.01 % эритмаси ва хлоргексиннинг 1 % мазкур вирусни зарарсизлантириши ва уларнинг нобуд бўлиши ўз исботини топди.

Эҳтиёткорлик чоралари кўрилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов мамлакатимизда коронавируснинг биринчи ҳолати аниқлангани сабабли муҳим эҳтиёт чораларини кўриш мақсадида ўтказилган йиғилишга кўра тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши вақтинча тўхтатилди, 16 мартдан барча давлат ва нодавлат таълим муассасаларида (боғча, мактаб ва университетлар) баҳорги таътил эълон қилинди, мазкур таълим муассасаларида дезинфекция ишлари амалга оширилиши, ҳар 4 соатда жамоат транспортлари дезинфекция қилиниши, барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Наврўз тадбирлари бекор қилиниб,  кейинги кунларга қолдирилиши белгилаб қўйилди. Ўзбекистондаги театр ва кинотеатрлар вақтинчалик фаолиятини тўхтатиб,  намойишлар бошқа саналарга кўчирилди.

   Ҳукумат карантин вақтида нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўради. Бунга Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат солиқ қўмитаси жалб қилинадиган бўлди.

   Бўлиб ўтган йиғилишда хавотирга ўрин йўқлиги, коронавирусга қарши курашиш борасида етарлича эҳтиёт чоралари кўриб қўйилганлиги таъкидланди.

   Бу аслида, ваҳимага тушиш ва хавотирланишга асос бўлмайди, шунчаки касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш осон бўлгани каби, эҳтиёткорлик чоралари кўрилмоқда. Бунақанги эҳтиёт чоралари, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунё миқёсида бўлиб ўтмоқда.

   Коронавируснинг  жаҳон бўйича тезлик билан тарқалиб, инсоният саломатлигига хавф солаётгани боис, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан пандемия эълон қилинди ва натижада, одамлар гавжум бўладиган катта тадбир, йиғилишлар хавф ортда қолгунга қадар ортга сурилиши таклиф қилинди. Жумладан, турли анжуманлар, спорт мусобақалари ва маданий тадбирларнинг бир қанчаси куз фаслига кўчирилди. Мисол учун Лондонда 26 апрель куни бўлиб ўтиши режалаштирилган йирик спорт мусобақалари 4 октябрга кўчирилди. Чемпионлар лигаси ва футбол ўйинлари ҳам кўпгина давлатларда вақтинчалик тўхтатилиши, ўтказилса ҳам томошабин ва мухлиcлар онлайн тарзда ё эфир орқали кўришлари, яъни ўйингоҳларда мухлислар йиғилмаган ҳолда интернет ё ойнаи жаҳон орқали кўриш имконига эга бўлишлари режалаштирилмоқда.

   Дунёдаги энг катта Диснейленд истироҳат боғлари ҳам ой охиригача ёпилди.

   АҚШдаги Нью-Йорк губернатори одамлар гавжум жойларда 500 дан ортиқ киши тўпланишини тақиқлагач, Нью-Йоркда ўтказиладиган бродвей шоулари ҳам 12 апрелгача тўхтатилди.

Бировнинг мусибатидан фойдаланган фирибгарлар. Огоҳ бўлинг!

Маълумки, фирибгарлар инсонларнинг таҳликага тушиб қолганидан ва оғир вазиятидан унумли фойдаланишади. Худди шунингдек, бу иллат баҳонасида чўнтакларини қаппайтириш илинжида бўлган савдо ходимлари-ю тижоратчиларнинг сохта акцияларини гапирмасак ҳам бўлади. Асосий масала, чинакам фирибгарлар борасида. Италияда коронавирус тарқалганидан унумли фойданган бир гуруҳ фирибгарлар тўдаси уйларга бориб, сохта тиббиёт ходимининг ҳужжати ва мажбурий тиббий кўрикдан оилавий ўтиш ҳақидаги қалбаки фармойишни кўрсатишиб, бўйсунмаганларга жиноий чора кўрилиши билан огоҳлантириб (пўписа қилиб), уйларидан чиқаришга муваффақ бўлишган. Натижада, уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган фирибгар талончилар жиноий шериклари билан тил бириктириб, хонадонларни тунашган.

   Яна айрим фирибгарлар бу касалликка қарши дори чиқарилгани, фақат давлат идоралари ходимларигагина бу сир аёнлигини, пул зарурати туфайлигина сотишга мажбур бўлганини, тиббиёт лабораторияларидан бирида ишлашини таъкидлаб, дорихоналардаги оддий ёнғоқ мойи солинган идиш устига ўзлари ўйлаб топган дори ва принтерда чиқарилган йўриқномаларни кўрсатишиб, қиммат нархларда пуллашган.

Айтганча!

Зотилжамга қарши вакцина тузатармиш, намакоб билан бурунни ювса юқмасмиш, саримсоқни қайнатиб ичилса ёки туз қўшиб ейилса тузалармиш, антибиотиклар қабул қилиш самара берармиш, давоси топилди қабилидаги интернет орқали ёки маҳалладаги миш-мишчилар тарқатилаётган асоссиз гапларга асло ишонманг! Намакоб, яъни тузли сув таркибида ишқор бўлса-да, туз ва саримсоқ коронавирусни нобуд қилиш хусусияти борлиги аниқланмаган. Антибиотиклар эса вирусларни эмас, бактерияларнигина ҳалок қилишга қодир. Агар бу касалликка қарши вакцина ишлаб чиқилса ва давоси топилса расмий сайтлар ва ойнаи жаҳон орқали барчага бу ҳақда маълум қилинади. Айниқса, содда халқимизнинг аксарияти сохта табибларга, “куф-суфчи” домлаларга ишониб кетишади. Чўкаётган одам хасга ёпишганидек, уларнинг ёлғон ваъдалари-ю баландпарвоз гапларига чув тушганларини ўзлари ҳам сезмай қолишади.

    Энди, бизда ҳам шундай ҳолат кузатилмаслигига ким кафолат беради? Шунинг учун, биринчи галда, ҳар кимга ва ҳар қандай гапга ишонмаслигимиз керак. Уйингизга шу каби даъволар билан “санитария эпидемия вакиллари” ниқоби остида қаллоблар ташриф буюргудек бўлса, уларни уйга киритмасдан, бу ҳақда  тегишли идораларга, жуда бўлмаса тез ёрдам хизматига қўнғироқ қилиб, аниқлаштириб олиш, агар фавқулодда ҳолат жорий этилгани ёлғон бўлса, ҳуқуқ тартибот ходимларига қўнғироқ қилиш зурур. Агар ҳушёрликни оширмас эканмиз, ваҳимага берилиб, ҳар қандай лўттибознинг уйдирмаларига ишонсак, зарар кўришимиз турган гап.

Музаффар Муҳаммадназар

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг