“Владимир Короткевич” энциклопедиясида Ўзбекистон саҳифалари

0
06.01.2013 книга подоконник фото Ольги Пак

Алесь КАРЛЮКЕВИЧ,
ёзувчи (Беларусь Республикаси)

Минск шаҳрида “Владимир Короткевич” энциклопедияси нашр қилинди. Китобдан беларус миллий адабиётининг мумтоз вакили ҳаёти ва ижодига тааллуқли мингдан ортиқ мақола жой олган.

МДҲ давлатларида, ҳатто дунёда ҳам машҳур шахсларнинг тақдири қомусий, илмий нуқтаи назардан баён этилган бунга ўхшаш нашрлар кўп эмас. Собиқ Иттифоқда 1991 йилга қадар шу каби энциклопедиядан фақат иккитаси чоп этилган, уларнинг бири рус шоири Михаил Лермонтов, иккинчиси украин шоири Тарас Шевченко ҳаёти ва ижодига бағишланган эди. 1986 йилда Беларусда “Янка Купала” номли бир томли энциклопедия нашр қилинган, XXI асрга келиб эса уни уч томли қилиб қайта чоп этишди, бундан ташқари, беларус ва рус тилларида “Франциск Скорина” ҳамда “Максим Богданович” энциклопедиялари босилган.

“Петрусь Бровка номидаги беларус энциклопедияси” (“Беларусская Энциклопедия имени Петруся Бровки”) нашриёти ёзувчи, шоир, драматург, публицист ва таржимон Владимир Семёнович Короткевич (1930 – 1984) ҳаёти ва ижодига бағишланган бир томли энциклопедияни босмадан чиқарди. “Владимир Короткевич” номли бу китобда Ўзбекистон билан боғлиқ бир нечта мақолалар бор.

Ўзбек рассоми, сценарийчиси ва режиссёри Шавкат Абдусаломов (1936 йилда туғилган) таржимаи ҳоли, ижоди алоҳида мақолада ёритилган. Ш.Абдусаломов В.Короткевич сценарийлари асосида суратга олинган “Сталкер” фильмининг бош рассоми, шунингдек, “Юрась Братчикнинг ҳаёти ва шуҳрат қозониши” (“Жизнь и вознесение Юрася Братчика” – 1967) фильмининг постановкачи рассоми ҳисобланади.

Ўзбекистонда 1917 йилдан бери нашр этиладиган “Правда Востока” ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий газетасига алоҳида мақола ажратилган. Газета ўзининг 1967 йил 7 февраль сонида В.Короткевичнинг Беларусь ўлкасининг тарихий-ўлкашунослик қиёфасига бағишланган “Оқ қанотлар остидаги замин” (“Земля под белыми крыльями”) номли эссесини эълон қилган.

Қисқа, лекин ёзувчининг Ўзбекистонга алоқадорлиги жиҳатидан анча аҳамиятли бўлган “Ўрта Осиё” (“Средняя Азия”) мақоласини алоҳида таъкидлаш лозим. Энциклопедияда қуйидагиларни ўқиймиз: «…1960-йилларда А. Мальдзис билан бўлиб ўтган суҳбатларнинг бирида Короткевич Ўрта Осиё уни ўзига маҳлиё қилганини айтиб қолди. 1978 йил сентябрида ёзувчининг орзуси ушалди: рафиқаси билан бирга Ўзбекистонга борди. Сафар таассуротлари ҳақида А. Мальдзисга Гўр Амир мақбараси тасвири туширилган откритка жўнатиб, шундай деб ёзади: “Кеча самолётда Самарқандга учиб келдик, ўзбекча тўйни кўришга ҳам улгурдик (ҳамиша шунақа қизиқарли воқеаларга дуч келаман). Мана бу мақбарани мўъжиза деса бўлади. Сурат Гўр Амирнинг ҳовлисидан кўринган мовий гумбазлари, ичкаридаги тилларанг нақшлари, Регистон майдонининг тунги гўзаллигидан умуман тасаввур беролмайди. Минг бир кечанинг ўзгинаси!.. Гўзаллик – бир олам”. Хат пастида ёзувчининг рафиқаси – таниқли тарихчи олима Валентина Брониславовна дастхати билан қуйидагилар битилган: “Кеча Самарқанд маъмуриятида уни ўзбек деб ўйлашди, бошига дўппи кийиб олганига осиёликдан ажратиб бўлмай қолди”.

В.Короткевич ХХ аср беларус адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири бўлиб, унинг ижоди ўзининг романтикаси, юксак бадиий маданияти, ватанпарварлик руҳи ва инсонийлиги билан ажралиб туради. Ёзувчининг “Қирол Стахнинг ови”, “Қадим афсона”, “Лўлилар қироли”, “Баҳор қор қўйнида мудрайди” қиссалари, “Сен ўроқ солган буғдойзор”, “Ольшанскийнинг қора қасри” романлари, “Оппоқ қанотлар остидаги замин” эссеси машҳур. Ёзувчи халқ оғзаки ижодини маънавиятнинг бетакрор хазинаси деб билар, миллий эртаклар, афсоналар, топишмоқ ва қўшиқларни ёзиб олиб, тўплар эди. У Киев университетида таълим олаётган йилларидаёқ ижтимоий эртаклар ва Шарқий славян халқлари афсоналарини илмий асосда ўрганган ҳам эди. Ёзувчи болалар учун халқ оғзаки ижодидан руҳланиб қатор асарлар ҳам яратган. Унинг “Ватаним эртак ва афсоналари”, “Оққушлар ибодатхонаси”, “Сувилонлар маликаси”, “Қарға, укки ва қушлар мажлиси” асарлари шулар жумласидандир.

Владимир Короткевич ўз асарларида она халқининг тарихи, санъати, маданияти, маънавий ҳаётини тасвирлаган, беларус тили ва маданияти, меъморий обидалари, урф-одатларини авайлаб асраш учун курашган фидойи ёзувчи сифатида эъзоз топган.

Владимир Короткевичнинг китоблари XXI асрда ҳам фаол нашр этилмоқда. Фақат охирги ўн йилликда – 2010 йилдан 2020 йилгача ёзувчининг беларус ва рус тилларида элликдан зиёд китоблари ўқувчилар қўлига тегди. Китобларнинг умумий адади юз мингга етади. Беларус адабиёти мумтоз вакилининг ижодига қизиқиш дунёнинг бошқа давлатларида ҳам ошиб бормоқда. Ўзбекистонда унинг асарлари ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Айтиш керакки, В.Короткевич ижодига ўзбек адибаси ва таржимони Рисолат Ҳайдарова жиддий қизиқиш билдирган, ўзбек матбуотида ёзувчининг бир қанча ҳикоялари Р.Ҳайдарова таржимасида босилди. Яқин орада В. Короткевичнинг китоби ўзбек тилида ҳам нашр этилса ажабмас.

“Владимир Короткевич” энциклопедиясининг янги, масалан, унинг 2030 йилда нишонланадиган 100 йиллигига бағишланган нашрида Ўзбекистон, ўзбек адабиёти билан боғлиқ мақолалар янада кўпаяди, деб умид қиламиз. Бу ўзбек-беларус адабий алоқалари ривожида янги саҳифа бўлади.

 

Рус тилидан Гулноз Тожибоева таржимаси