Йўл носозлиги сабабли ЙТҲ содир бўлса, ҳайдовчининг зарари қопланади

0

Йўл носозлиги (ямалар) сабабли ЙТҲ содир бўлганда, ҳайдовчига зарар қопланиб бериши ҳақида айтилди.

«Ҳар қандай ЙТҲ содир бўлганда ҳайдовчи йўлнинг айби билан бўлди деб мурожаат қилишга ҳақли. Шунақа мурожаат қилинганда транспорт вазирлиги ҳузуридаги автомобиль йўлларини назорат қилиш инспекцияси томонидан ўрганилади ва хулоса берилади. Агар йўл носозлиги [ЙТҲга] сабаб бўлган бўлса, бу хулоса судга тақдим этилади», — деди Автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти раҳбари Руслан Рўзметов.

Департамент раҳбарининг аниқлик киритишича, ушбу ҳолатларда ЙТҲ оқибатидаги зарар йўл қайси ташкилот балансида бўлса, ўша ташкилот томонидан қоплаб берилади. «Бунда ҳайдовчи ўз ҳуқуқини билиши, мурожаат қилиши катта аҳамият касб этади» — дея таъкидлади у.

Руслан Рўзметовнинг маълум қилишича, Транспорт вазирлиги автомобиль ташувларини назорат қилиш бошқармаси инспекторлари йўловчилар ва юклар ташувчи автотранспорт воситаларида лицензия карточкалари мавжуд бўлишини, автомобилларда ташувларни амалга ошириш шартларига риоя этилишини, ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этишини назорат қилади.

Бу тадбирлар йўловчилар тўпланадиган ва юклар ортиладиган ҳамда тушириладиган йирик пунктларда (темир йўл вокзаллари ва станцияларида, дарё портларида, бозорларда, метрополитеннинг охирги станцияларида, автовокзалларда (автостанцияларда), автобус йўналишларининг оралиқ ва охирги тўхташ бекатларида ҳамда ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг стационар постларида амалга оширилади.

«Инспектор автотранспорт воситасининг лицензия карточкасини кўздан кечиради ва ҳайдовчида лицензия карточкаси мавжуд бўлмаган тақдирда тегишли тарзда баённома тузади. Ҳайдовчи инспектордан шахсини тасдиқловчи ҳужжат, гувоҳнома, кўкрак нишони, дислокациясини сўраши мумкин. Бир ойлик қўшма рейд тадбирлари ҳар ойда тасдиқланади ва инспекторлар шу асосда иш олиб боришади. Бу дислокация ҳар ой ўзгаради» — дейди Руслан Рўзметов.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов вазирлик ходимлари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ишлашини қайд этиб ўтди.

«Бизнинг вазирликка тегишли автомобиль ташувларини назорат қилиш инспекторлари ҳеч қачон бир ўзи якка тартибда истаган пайтида ва истаган жойида рейд ўтказмайди. Автомобилни тўхтатиш билан ЙҲХ ходимлари шуғулланишади» — дейди Ашурматов.

Аввалги мақолаЯна эски гап: «Ҳақимизни беринг бой ота»
Кейинги мақолаЖиноят ишларини кўришда янги институтлар