Бугун, 15 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда “Ахир, қонун бўйича янги автомобиль 2 йилдан сўнг техник кўрикдан ўтади-ку!” сарлавҳаси остидаги хабар тарқалди.

Ушбу хабарда, Наманган вилояти ЙҲХБ РЎ ва ИОБда янги транспорт воситаси учун ҳам техник кўрик мажбурий қилиб қўйилгани, 90.000 сўм тўлаб, техник кўрикдан ўтказиб келинмаса автомобиль учун қайд этиш гувоҳномаси берилмаётганлиги баён этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом”нинг 5-бандига кўра, транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилиши керак:

а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар – бир йилда икки марта;

б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) – икки йилда бир марта;

в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) – бир йилда бир марта;

г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси – шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.

д) навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъи назар, уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида;

е) улар ишлаб чиқарилган йилдан қатъи назар, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган (қайта рўйхатдан ўтказилган) кундан бошлаб бир йил ўтгач (мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно).

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1010-сон қарорига илова қилинган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар”нинг 136-бандига кўра, субъектнинг транспорт воситаси техник ҳолатини текшириш хизматлари учун мазкур хизматни кўрсатадиган субъект томонидан тасдиқланган, бироқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари билан келишган ҳолда белгиланадиган чекланган миқдорлардан ошмайдиган тарифлар бўйича ҳақ тўланади.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг