Якуний сўзни суд айтади… Унгача шахсни айблаш мумкин эмас

0

Фақатгина суд ҳукми билангина шахсни содир этган қилмиши учун айбдор деб ҳисоблаш мумкин, бошқа ҳолларда уни айблаш тақиқланади.

Бироқ сўнгги вақтларда айрим ОАВ ва блогерлар томонидан жойларда қўзғатилган жиноят ишларини жамоатчиликка ёритишда юқоридаги қонун талабларига риоя қилмаган ҳолда якуний тўхтам сифатида содир этилган қилмишда маълум бир шахсни айблаш ҳолатлари (масалан, “мансабдор шахснинг талон-тарож этгани фош этилди”, “банк ходими 1,2 млрд. сўмни пулни талон-тарож қилган” каби мазмунда ахборотларни тарқатиш кузатилмоқда.

Конституциямизнинг 26-моддасига кўра жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Яъни, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга
ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.

Шахснинг содир этган қилмиши учун уни айбдор деб топиш, зарарнинг миқдори ва бошқа ҳолатлар суд ҳукми билан аниқланади.

Шу сабабли Адлия вазирлиги шу каби муносабатларни ёритишда қонун ҳужжатларига риоя қилиб боришларини сўраб қолади.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими