ЯнгиликларМаҳаллийЯнги Конституция учун фуқаролардан қандай таклифлар келиб тушди?

Янги Конституция учун фуқаролардан қандай таклифлар келиб тушди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари асосида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинмоқда.

Маълум қилинишича, Қонун лойиҳаси муҳокамаларида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, қўйингки, ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклифларини билдирган. Умумхалқ муҳокамаси доирасида 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган.

Фуқаролардан келиб тушган таклифлар орасида давлатнинг ишсизликни тугатиши, солиққа тортишнинг адолат принципларига мос бўлиши, давлатнинг зарур ҳолларда хориждаги фуқароларга ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиши, меҳнат ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиниши, аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглиги, ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиши, одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилишини белгилаш ва бошқа шу каби таклифлар бор.

Ҳозирги кунда ҳар бир таклиф ва экспертиза хулосалари чуқур ва атрофлича экспертлар, мутахассислар, олимлар, сиёсатчилар иштирокида муҳокама қилиб борилмоқда. Масъул қўмиталар келиб тушган таклифларни чуқур таҳлил қилиб, уларни лойиҳа матнида акс эттириш устида иш олиб боряпти.

Қонун лойиҳаси қуйи палатанинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши, сиёсий партиялар фракциялари йиғилишида муҳокамалардан ўтказилган.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img