Янги Меҳнат кодекси: у қандай бўлиши керак?

0

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси чорак аср аввал бозор муносабатлари шаклланаётган бир пайтда қабул қилинган. Шу сабабли унинг   бозор муносабатлари шароитига тўлақонли жавоб бермаслиги меҳнат қонунчилигини ислоҳ қилиш масаласини кун тартибига олиб чиқди. Негаки амалдаги Меҳнат кодексида   замон талабига жавоб бермайдиган айрим нормалар мавжудлиги, барча зарур масалалар аниқ тартибга солинмагани, уни амалиётда қўллашда бир қатор муаммолар юзага келаётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, унда фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги турли хил шаклларининг фаол ривожланиши ҳисобга олинмагани, иш берувчиларни, хусусан, қўшимча одамларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган мослашувчан иш режимларидан кенг фойдаланиш учун етарли шарт-шароитлар яратилмагани янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини қабул қилиш заруратини келтириб чиқарди.     Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилиб,   Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан   концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳада ҳам амалдаги Меҳнат кодексининг умумий фалсафаси ва моҳияти сақланиб қолмоқда. Энг катта камчилик меҳнат муносабатларини марказий тартибда ҳуқуқий тартибга солишнинг ўрни кучайиб, меҳнат шартномаси тарафларига зарур эркинлик берилмаганлигидир. Шунингдек, меҳнат нормаларининг иқтисодий ўсишга таъсири инобатга олинмаган, бу эса норасмий меҳнатнинг олдини олиш бўйича қўйилган вазифани бажаришга имкон бермайди.  Тилга олинган камчиликларни бартараф этиш ҳамда янги кодекс лойиҳасини такомиллаштириш учун айрим ҳолатларни танқидий қайта кўриб чиқиш лозим.

Аввало, ишга жойлаштириш бўлими (10-,11-боб ва 97-110-моддалар)ни янги лойиҳадан чиқариб юбориш лозим. Чунки Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонун ишга жойлаштириш билан боғлиқ катта ҳажмдаги ва асосий қоидаларни  ўзида мустаҳкамлаган.

Иккинчиси, меҳнат шартномаси боби (111-189-моддалар) иқтисодий ўсишга эришиш, норасмий меҳнатнинг олдини олиш, ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнат шартномасини тузиш ва шартларини эркин танлаш нуқтаи -назаридан қайта кўриб чиқилиши ва илғор хорижий давлатлар тажрибасига мослаштирилишини талаб этади.

Учинчиси, иш вақти бобидаги айрим қоидаларни ҳам қайта кўриб чиқиш тавсия этилади. Масалан, хорижда қисқартирилган ва тўлиқсиз иш вақти бир-биридан ажратилмайди ёки иш вақтидан ташқари ишларнинг энг кўпи учун бошқа муддатлар белгиланган. Шу сабабли лойиҳадаги мазкур нормаларга ҳам танқидий ёндашиш керак бўлади.

Тўртинчиси, иш берувчиларни ташкилий ва молиявий жиҳатдан мураккаб аҳволга соладиган кўплаб кафолатлар (кафолатли ва компенсация тўловлари) ва имтиёзлар тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурати бор.

Қолаверса, “Хизмат текшируви” билан боғлиқ моддаларни ҳам лойиҳадан чиқариб юбориш, ходимларга қўлланиладиган интизомий жазо чораларини либераллаштириш, меҳнатни муҳофаза қилиш боби (20-боб)га киритилган нормаларни оптималлаштириш ҳамда ўриндошлик асосида ишлаш тушунчаси ва тартибини бекор қилиш таклиф этилади. Шунинг баробарида, меҳнат-процессуал ҳуқуқини ривожлантиришга қаратилган меҳнат низоларини судгача ва муқобил ҳал қилишга қаратилган нормаларни киритиш лозим.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилишда унинг барча таркибий қисмларини юқорида қайд этилган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш меҳнат қонунчилигининг либераллашуви ва  модернизация қилинишига   асос бўлади.

Шуҳрат ИСМОИЛОВ,

Тошкент давлат юридик университети

 кафедра мудири,

юридик фанлар доктори

 

Аввалги мақолаАйрим юридик хизмат ходимларининг мартаба даражалари бир поғонага пасайтирилди
Кейинги мақолаУрганчда 157 нафар ходимга пандемия давридан буён устама пули тўланмаган