Янги йилда тадбиркорларни нималар кутмоқда?

0

Бу йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга Мурожаатномасида бутун дунёни таҳликага солган ва барчани эсанкиратиб қўйган коронавирус инфекциясининг дунё бўйлаб тарқалиши ва унинг жаҳон иқтисодиётига беҳисоб зарар кўрсатаётганлигини инобатга олиб, олдимизга қўйилган режалар, амалга оширилаётган ислоҳотлар пандемия зарбасини юмшатишга қаратилиши лозимлиги, шунингдек ушбу ислоҳотлар натижаси давлат бошқарувидаги самарадорликка узвий боғлиқ эканлиги таъкидланди.

Мурожаатномада, хусусан, иқтисодий ислоҳотларни жадал амалга ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш масалаларига алоҳида урғу бериб ўтилди.

Асосий эътибор иқтисодиётнинг барча жабҳасига бозор механизмини жорий этишга қаратилиб, иқтисодиётимизда таркибий ўзгартиришлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсиш пойдеворини яратиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, устав капиталининг асосий қисми давлатга тегишли бўлган бир қатор банкларни хусусийлаштириш, бу орқали банк соҳасида соғлом рақобатни шакллантириш, банк хизматлари ва кредитлаш сифатини оширишга эришиш таъкидланди. Бунда банк хизматлари кўламини кенгайтириш, яъни янги молиявий инструментлар, масалан, фонд бозорини ривожлантириш, облигациялар чиқариш орқали молиялаш каби хизматларни, банк фаолиятига рақамли технологияларни татбиқ этиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Бугунги кунда кўпгина соҳаларда давлатнинг улуши аксариятни ташкил қилиши сабабли, бозор механизмлари ишлашига, инвестициялар жалб қилинишига тўсиқ бўлаётгани, давлат активларининг тартибсиз бошқарилиши оқибатида давлат корхоналари аянчли аҳволга келиб қолганлиги айтиб ўтилди ва  давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, уларни молиявий соғломлаштириш, хусусийлаштириш ва уларни трансформация қилиш жараёнларини амалга ошириш таклифи берилди. Ҳозирги кунда йирик корхоналарнинг мутахассислари ва техник имкониятлари замон талабларига жавоб бермаслиги Давлат раҳбари томонидан таъкидлаб ўтилди.

Юртимизда тадбиркорликни жадал ривожлантириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга яқиндан кўмак бериш мақсадида бир қатор таклифлар, режалар, йўналишлар белгиланди.

Хусусан, касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув курсларини битириб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга келгуси йилидан бошлаб 7 млн.сўмгача субсидиялар бизнес учун ускуналар сотиб олиш мақсадида берилиши, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 1 гектаргача ер ажратилиши режалаштирилди. Тадбиркорларга хом-ашё сотиб олишда тенг имкониятлар яратиладиган бўлди.

Табий газ монополияси бекор қилиниб, табиий газнинг улгуржи бозори шакллантирилади, шунингдек бошқа хом-ашёлар, чунончи заргарлик буюмлари учун кумушни сотишда биржа бозори йўлга қўйилади.

Давлат харидлари электрон тарзда шакллантирилганлиги натижасида тадбиркорлар камида 10 трлн.сўмга яқин товарларни давлат ҳаридлари электрон платформасида сотиш имкониятига эга бўлдилар.

Мурожаатномада тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб қувватлашга қаратилган бир қатор муҳим таклифларни бизнес вакиллари томонидан кутилган эътибор деб баҳолаш мумкин. Жумладан:

  • туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳасидаги имтиёзлар келгуси 2012 йилнинг охиригача узайтирилади;
  • 20 000 та тадбиркор учун ер ва мол-мулк солиқларини тўлаш муддатлари (400 млрд.сўмга тенг) яна бир йилга узайтирилади;
  • “оилавий тадбиркор” дастури учун 6 трлн.сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилади;
  • тадбиркорларга валютани ҳозирги вақтдагидек 4 кун эмас, ярим муддатда кун ичида сотиб олиш учун имкон яратилади, бунда банклараро валюта бозори онлайн платформаси яратилади ва тадбиркор банкнинг ўзидан тўғридан-тўғри сотиб олиш имкониятига эга бўлади;
  • хусусий, давлатнинг гарантияси бўлмаган тўғридан-тўғри инвестицияларни йирик ва ўрта инвестициявий лойиҳаларга жалб қилишни жадаллаштириш ва бунинг учун ҳуқуқий асос яратиш мақсадида келгуси йилнинг февралигача “банк бўлмаган кредит ташкилотлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага киритилади ва келгусида қабул қилинади;
  • ислом молиясини татбиқ қилиш учун ҳуқуқий мезонлар яратилади;
  • ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқини жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилади ва ерни ҳуқусийлаштиришга оид мезон яратилади;
  • хусусий мулк даҳлсизлигини таъминлаш барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифаси эканлиги таъминланади;
  • тадбиркорлар ҳуқуқларини бузаётган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўриш вазифасини Бизнес-омбудсманига топширилади;
  • тадбиркорга унинг бизнес ҳамкорининг солиққа доир қарзлари ҳақида маълумот олиш имконияти яратилади;
  • 105 турдаги лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 105 та лицензия ва рухсатнома бўйича тартиб-қоидалар соддалаштирилади;
  • тадбиркорликка доир 5000 яқин норматив ҳужжатлар қайта кўриб чиқилади, уларнинг сони қисқартирилади ва “Тадбиркорлик кодекси” ишлаб чиқилади;
  • тадбиркорлик субъектларини текшириш бўйича эълон қилинган мораторий яна бир йилга узайтирилади.

Ушбу мурожаатда илгари сурилган таклиф ва фикрларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, албатта, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ортишига, тўғридан-тўғри инвестицияларнинг кириб келишига замин яратади, шу билан бирга, мутахассисларнинг давлатимизнинг мазкур соҳадаги қонунчилигини такомиллашитириш бўйича тегишли норматив-ҳужжатларни жадал равишда қайта кўриб чиқишни талаб этади.

Ҳамида Мамажанова,
Тошкент давлат юридик университети
“Бизнес ҳуқуқи” кафедраси ўқитувчиси