Янги йилдан суд тизимида нималар ўзгаради?

0

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди”.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича сўнгги тўрт йилда муҳим қадамлар қўйилди. Мазкур соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Президентимиз барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталди. Жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар натижасида судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилган. Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида ўтган йили 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.

Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Давлатимиз раҳбари бу борада қилиниши лозим бўлган ишларга ҳам тўхталди.

Келгуси йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.

Янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилади.

Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади.

Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.

Шунингдек, жорий йилда Президентимиз томонидан судлар фаолиятини рақамлаштириш, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигига, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Қонунчилигимизда эскидан қолган “ишни қўшимча тергов”га қайтариш институти тугатилди.

Жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти буткул бекор қилиниб, суд томонидан иш бўйича барча ҳолатлар ва далилларга холисона баҳо берилишига замин яратилди. Натижада оқлов ҳукмлари кўпайди. Хусусан, ўтган тўрт йилда 2 минг 750 дан ортиқ оқлов ҳукми чиқарилган.

2020 йилнинг ўзида 763 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 1 минг 610 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди ва ўзгартирилди.

Жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар натижасида бу йил судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган  616 нафар фуқаро афв этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга жорий йилнинг 29 декабрдаги навбатдаги Мурожаатномасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар 2021 йилда изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Бу ҳақда фикр юритганда, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратганини таъкидлаш лозим.

Жорий йилда инсон ҳуқуқлари тўла-тўкис таъминланиши йўлида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида бешта қонун лойиҳалари тайёрланди. Улар парламентнинг қуйи палатаси томонидан қабул қилиниб, яқинда Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида маъқулланди.

Ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Биргина  2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган.

Давлатимиз раҳбари томонидан “бир суд – бир инстанция” тамойилининг илгари сурилиши суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб келинган муаммоларнинг ҳал қилинишида айни муддао бўлди. Таъбир жоиз бўлса, бу тамойил ушбу тизимни тубдан кўриб чиқишга асос солди.

Келгуси йилдан бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Халқаро стандартларга мос равишда  уч босқичли суд тизими яратилади.

Яъни, биринчи инстанция – туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судлари, апелляция инстанцияси – вилоят даражасидаги судлар, кассация инстанцияси – Олий суддан иборат бўлади.

Натижада судларда ишларнинг якуний ечим топмасдан, қайта-қайта кўрилишига, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига, айниқса, уларнинг йиллар давомида овора ва сарсон бўлиб, судма-суд юришига барҳам берилади.

“Бир суд – бир инстанция” тамойилининг илгари сурилиши фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд идораларига нисбатан ишончи ошишига, суд қарорларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Эндиликда янги йилдан, вилоятларда жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлар асосида ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилмоқда. Бу ўринда вилоят даражасидаги 3 та суд битта суд сифатида бирлаштирилиши хусусида гап бормоқда.

Ушбу янгилик албатта, аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади.

Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.

Келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади.

Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.

Яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.

Энди йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.

Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, онлайн тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилмоқда.

Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларининг кўриб чиқилиши жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.

Соҳадаги барча ислоҳотларнинг асосий мақсади – жамиятда адолат, қонун, одил судловни таъминлаш, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдир.

Бугунги кунда бу борада судьялар ва суд ходимлари олдига катта ва ўта масъулиятли вазифалар қўйилган.

Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим.

Сардор Рахмудинов,
Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси