ЯнгиликларҲуқуқЯнги “Йўл ҳаракати қоидалари”даги энг муҳим ўзгаришлар  

Янги “Йўл ҳаракати қоидалари”даги энг муҳим ўзгаришлар  

Сўнгги йилларда республикамизда автотранспорт воситалари иштирокида бўлаётган бахтсиз ходисалар натижасида кўплаб одамлар ҳаётдан барвақт кўз юммоқда ёки турли даражада тан жароҳати олиб бир умрга ногирон бўлиб қолмоқда. Бунинг энг асосий сабаби эса ҳайдовчиларнинг ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига бўйсунмаслиги ва қоидаларни назар-писанд қилмаслиги бўлиб қолмоқда.

Бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш, Йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати хавсизлигини назорат қилиш ва самарадорлигини ошириши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 12 апрел куни “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдқилаш тўғрисида”ги 172-сон Қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарор билан “Йўл ҳаракати қоидалари”га бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, 2022 йил 1 майдан бошлаб аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофидаги йўлларда 300 метргача бўлган масофада 30 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилди.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги ПҚ-190-сон Қарори билан ташкил этилган “Йўл ҳаракати хавсизлигини таъминлаш соҳасидаги республика комиссияси”нинг қарори асосида Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги йўл ҳаракати қатнови юқори бўлган ва аҳоли гавжум ҳудудларда транспорт воситалари ҳаракатланишининг юқори тезлигини соатига 60 километр этиб белгиланиши мумкин.

Шунингдек, енгил автомобилларда юк ташишга уларнинг том қисмига ўрнатилган юкхонадаги юкнинг баландлиги 1 метрдан (махсус мосламалар билан мустаҳкамланган ҳолда вилосипедларни ташиш бундан мустасно) ва узунлиги автомобилнинг габаритидан 0,5 метрдан ошмаган тақдирда йўл қўйилади.

Юк автомбиллари, Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган айрим истиснолардан ташқари барча ҳолатларда, йўлнинг фақат ўнг қатнов қисмидан ҳаракатланиши шарт.

Транспорт воситаларининг қайрилиб олиш жойларида ва унга 30 метр етмасдан ёки ўтиб тўхташ тақиқланади.

Бундан ташқари, сутканинг қоронғу вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланётган велосипедчилар нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтаргувчи элементлар бўлган устки кийимда бўлиши шартлиги белгиланди.

Бу каби амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси аҳолининг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинларини таъминлашдан иборатдир.

Шоҳдиёр Тўрамирзаев,
Наманган вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img