Янгиер шаҳар қурилиш касб-ҳунар коллежида ўқиётган 19 ёшли йигитча Жамшид Жумақулов (исм-шарифи ўзгартирилган) акасининг номида бўлган …1671 рақамли сим карта ўрнатилган “Lenovo” русумли телефонидан фойдаланиб юрган пайтлар телеграм ижтимоий тармоғида танишлари билан ёзишиб ўтирган вақти унинг профилига “севги шеърлари” номли дастур келади. У ушбу дастурни қизиқиб юклаб олганида телефон аппарати блок ҳолатига тушиб қолади. Бироздан сўнг телефон экранида “20 минг сўм пайнет қилсангиз, телефон аппаратингизни блокдан очамиз, мурожаат учун @admin” деган ёзув пайдо бўлади. Шундан кейин бир курсдошининг телефонидаги телеграми қидирувидан ўз телефон экранинга ёзилган “@admin”ни қидириб топади. Жамишид мазкур профилга кириб телефони қулфланиб қолганлигини, уни очишда ёрдам беришини ёзиб, СМС хабар юборади. Орадан бироз вақт ўтгач, унга 20 минг сўмлик ваучер рақамларини ёзиб юборса, шунда телефон рақамини блокдан очиш кодини ёзиб юбориши ҳақида хабар келади.

Ж.Жумақулов нотаниш админнинг кўрсатмасига биноан 4 дона 5 минг сўмлик ваучер сотиб олиб, ўша нотаниш шахс телефон рақамга ёзиб юборади. Шундан сўнг унинг телеграм профилига 4 та рақамли код келади. Ушбу кодни телефон экранидаги “очиш” деган жойига ёзганида телефон блок ҳолатидан чиқади. Ж.Жумақулов нотаниш админга ҳам ҳаваси, ҳам ҳасади келиб, унга ушбу дастурни ўргатиб қўйиши ҳақида ҳар қанча СМСлар ёзмасин, лекин у томондан умуман жавоб келмайди. Д.Жумақулов “@admin” номли профилни қидириш жараёнида “Хакерлик сирлари” номли канални топиб олиб, ушбу каналга мунтазам кириб бориб, ундаги турли хил дастурлар ва видеоларни томоша қилиб, ушбу дастурлардан фойдаланиш тартибларини “қунт” билан ўргана бошлайди.

Бир куни Ж.Жумақулов “Хакерлик сирлари” каналида беҳаё дастурга кўзи тушади. Ушбу дастур эмблемаси остига 4 та рақамли код ёзиган эди. Жамшид бу дастурга қизиқиб қолиб, кодни эслаб қолади ва дастурнинг устига босган вақтида телефон аппарати блокка тушиб қолиб, сўнгра ўзи эслаб қолган кодни терганида телефон блокдан чиққанини кўриб, бу “ҳунар”ни янада мукаммал ўрганишга киришиб кетади.

Ушбу дастурнинг ичига кириш, ундаги ёзувларни ўзгартириш учун “Хакерлик сирлари” каналидан номи эсида бўлмаган бошқа дастурни юклаб олиб, ўша беҳаё дастурга кириб, ундаги ёзувларни ўзгартириб, ўзи истаган ёзув ва рақамларни ёзиб қўяди. Ушбу дастурдан фойдаланишни ўрганиб олганидан сўнг, ўзининг телефон контактидаги ўзи хоҳлаган барча рақамларга юборганида ўша шахс у юборган дастурига ўзининг телефон рақамини жойлаштиради. Агар кимдир ушбу дастурни ўз телефонига ўрнатса, унинг телефон аппарати блокка тушиб қолади ва экранда фақат Жамшиднинг рақами пайдо бўлиб қолиб, рақам тагида “Ушбу рақамга пайнет ёки клик орқали тўлов қилсангиз, кодини очиб бераман” деган хабар келади. Телефон аппарати қулфланиб қолган одамлар унинг телефон рақамига қўнғироқ қилмоқчи бўлганларида унга туша олмайдиган қилиб қўйиб, фақат СМС хабарлари орқали “гаплашадиган” бўлди.

Жамшидбой энди ҳар куни шу тариқа ушбу вирусли дастурни Ўзбекистон Республикасининг хоҳлаган уяли оператор фойдаланувчисига юбориб, кодни юбориш эвазига фуқаролардан пайнет ёки клик орқали 10 минг, 20 минг, 30 мингдан ўтказишларини талаб қилиб, пул ишлай бошлайди. Кўплаб телефон эгалари бир неча ойлар мобайнида унинг тузоғига “хўрак” бўладилар. Чўнтагидан доимо “шамол елиб юрган” талаба энди 20-30 минг майда пулларга қаноат қилмай қўйиб, мўмайроқ пул ишлаш вариантларини қидиради. Энди у “Хакерлик сирлари” каналидан ўрганган қинғир ишларини каттартирмоқчи бўлади. Натижада Ж.Жумақулов телефон рақамлари клик тизими орқали пластик карталарга уланган фуқароларни чалғитиб, уларнинг клик кодини билиб, клик хизматига яширинча уланиб олиб, сўнгра уларнинг пластик карточкаларидаги пул маблағларини бирин-кетин ечиб олиб, ўзи хоҳлаган пластик карточкага ўтказиб, Гулистон шаҳрига келиб, эски деҳқон бозоридаги нотаниш шахсларнинг пластик картасига 5 фоиз ҳисобига ўтказиб, нақд пулга алмаштириб, “ялло” қилиб юради. Ноинсоф Ж.Жумақулов шу тариқа оз эмас, кўп эмас, тергов давомида аниқланган 67 нафар юртдошларини виртуал тарзда тунайди. 20-30 мингнику арзимаган пул дермиз, лекин 100 000, 160 000, 188 000, 280 000, 290 000, 303 000, 420 000, 470 000, 752 000, 772 000, 1 040 000 пулларидан жудо бўлган одамларнинг ўрнига бир фурсат ўрнингизни қўйсангиз, бўлиб ўтган ҳолатни яна ҳам яхши тушуниб оласиз.

“Текин тешиб чиқади” деганларидек, виртуал хакер Ж.Жумақуловнинг кирдикорлари тез орада ошкор бўлиб, у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олинади. Ж.Жумақулов фуқароларга келтирган моддий зарарларни унинг яқинлари тергов ва суд давомида қоплаб бердилар. 10 минг, 20 минг пайнет қилган фуқаролар аниқланиб, уларга ҳам пул маблағлари тўлиқ қайтарилди. Унинг “RedMi” русумли телефони жиноят қуроли сифатида давлат фойдасига мусодара қилинди.

ЖИБ Ховос туман суди ҳайъати судланувчи Ж.Жумақуловни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди, 169-моддаси 3-қисми “а” банди ва 2786-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топди.

Суд судланувчи Ж.Жумақуловга энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида жарима, Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан узил-кесил ўташ учун 4 йил 5 ой 29 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Отабек НАБИЕВ,
ЖИБ Ховос туман суди раиси,
Шуҳрат СУЯРОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг