Япониядаги ҳукмрон партия — Либерал-демократик партия (ЛДП)нинг янги раҳбари Ёсихидэ Суга бугун мамлакат бош вазири лавозимига тасдиқланди. Унинг номзодини парламент қуйи палатаси депутатларининг катта қисми қўллаб-қувватлади. Овоз бериш тўғридан-тўғри эфирда ва қонун чиқарувчи орган сайтида намойиш этилди.

Номзод учун қуйи палатанинг 462 нафар депутатидан 314 нафари овоз берди. Унга юқори палатада ҳам кўпчилик овоз берган.

Яқин соатлар ичида Суга ўз маҳкамасининг янги таркибини эълон қилиши керак. Собиқ бош вазир Синдзо Абэ ҳукумати таркибига кирган бир қатор вазирлар ўз лавозимида қолиши кутилмоқда. Хусусан, ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги, молия вазири Таро Асо, давлат ерлари, инфратузилмалар, транспорт ва туризм вазири Кадзуёси Акаба, шунингдек, Токио олимпия ва паралимпия ўйинлари вазири Сэйко Хасимото ва иқтисодий тикланиш вазири Ясутоси Нисимура шулар жумласидан. Россия билан иқтисодий алоқалар учун масъул қилиб белгиланган иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Хироси Кадзияма ҳам ўз лавозимида қолиши мумкин.

Мудофаа вазири Таро Коно ўз лавозимини тарк этади ва унинг ўрнини Абэнинг укаси, вазир ўринбосари Нобуо Киси эгаллайди. Коно давлат хизматидаги ислоҳотлар бўйича давлат вазири лавозимини эгаллаши кутилмоқда.

Абэ 28 август куни саломатлиги ёмонлашгани сабабли истеъфога чиқишини маълум қилганди. У 2007 йилда ҳам ичак яраси хуруж қилгани сабабли ўз лавозимини тарк этганди. Шу билан бирга Абэ ўз ўрнига вақтинча ижрочини тайинламоқчи эмаслиги, токи унинг ўрнига янги раҳбар тайинланмагунча ишдан кетмаслигини таъкидлаганди.

Ўтган душанба куни Токиода ўтказилган ЛДП съездида Абэ ҳукумати даврида 2012 йилдан бери Вазирлар Маҳкамаси бош котиби бўлиб ишлаб келган Суга ғалаба қозонганди. Партия низомига кўра, у истеъфога чиққан Абэнинг ваколатлари тугагунга қадар — 2021 йилнинг сентябригача ушбу лавозимда ўтириши керак. Шундан сўнг уч йил муддатга янги раис сайланади.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг