ЯнгиликларЖаҳонЯпонияда ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси, депутатнинг дахлсизлиги берилган

Японияда ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси, депутатнинг дахлсизлиги берилган

Бугун мамлакатимизда таълим соҳаси ривожланган мамлакатларнинг тажрибаси ўрганилаётгани ҳам эътирофга молик.

Финландияда ўқувчиларга баҳо қўйилмайди…

Жумладан, Финландия тажрибаси. Финландиялик ўқувчилар дунёнинг энг яхши ўқувчиларидан ҳисобланади. Улар бошқа мамлакатлардаги тенгдошларига нисбатан мактабда камроқ вақт ўтказади ва кунига энг кўпи билан ярим соат дарс қилишади. Мактабларда тушлик, уюштириладиган экскурсиялар ва дарсликлар мутлақо бепул ва барча харажатлар давлат маблағлари (давлат бюджетининг 12,2 фоизи) ҳисобидан қопланади. Ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашув, баҳолар ўқувчининг ўзига билдирилади (ўқувчиларга 3-синф­гача баҳо қўйилмайди, 3-синфдан 7-синфгача баҳолар оғзаки тартибда қўйилади, улар “ўрта”дан “аъло”гача бўлиши мумкин). Эркинлик маскани мактабларда эса ўқувчи билим олиши учун, албатта, партада ўтириши талаб қилинмайди. Айрим ўқувчилар диванда ёки гиламда ўтиради, қуёшли кунларда дарслар очиқ ҳавода ёки махсус амфитеатрларда ҳам олиб борилиши мумкин. Уйга вазифаларни бажариш кўп вақт талаб этмайди ва қизиқарли бўлади. Масалан, тарих дарсида ўқувчига бобоси ёки бувасидан 50-йиллардаги ҳаёт қандай бўлганлиги ҳақида интервью олиб келиш ҳамда ўша йиллар ва ҳозирги давр ўртасидаги фарқлар ҳақида гапириб бериш вазифаси топширилиши мумкин. Болалар 45 дақиқали дарсдан сўнг 15 дақиқалик танаффусга чиқади.
Ушбу мамлакат ўқитувчилари дунёнинг энг зўр ўқитувчиларидир. Уларнинг ўртача маоши 3 минг 500 еврони ташкил қилади ва ўқитувчи бўлиш нуфузли касб саналади.
Мактабларда қатъий белгиланган ўқув дастури мавжуд эмас. Қандай методика ва ўқув дастуридан фойдаланишни ўқитувчининг ўзи ҳал қилади. Дарслар билан бирга ўқувчилар катта ва ҳақиқий ҳаётга ҳам тайёрланади. Айтайлик, сузиш дарсларида ўқувчилар чўкаётган одам белгиларини ўрганади. Мактабларда асосий эътибор табиатга дўстона муносабатда бўлишга, уни асраб-авайлашга қаратилади. Энг муҳими, мактаб­лардаги таълим тизими ўқувчиларни янги ва ўзгариб бораётган дунё муҳитига мослашиб кетишга ўргатади.

Нидерландияда ўрта таълим 5 ёшдан 18 ёшгача барча болалар учун мажбурий

Нидерландияда аксарият ўқув муассасалари хусусий ва барча ўқув юртларининг учдан бир қисми давлатга тегишлидир. Мактабгача таълимнинг ягона тизими йўқ. Ўрта таълим фақат дастурларда фарқ қилади. Мамлакатдаги ўрта таълим 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган барча болалар учун мажбурийдир. Биринчи ва иккинчи синф дарслари болалар боғчасидаги машғулотларга ўхшайди. Фақат учинчи синфдан бошлаб хат, ўқиш, ҳисоб ва табиий фанлар ўқитилади. Мактабларда уй вазифаси фақат 6-синфдан сўралади.
Бошланғич таълимнинг асосий вазифаси алоқа кўникмалари ва битта жамоада ишлаш қобилиятини, ўйин ва қизиқарли тажрибалар орқали дунёни билишдан иборат. Бунда ўқитувчилар болаларнинг қобилиятини аниқлайди. Бошланғич мактабнинг сўнгги синфида ўқув дастурлари ва IQ тести ҳақидаги билим даражасини аниқлаш учун синов ўтказилади. Ушбу тестларга асосланиб, ўқитувчилар талабага ўрта таълим турлари бўйича тавсиялар беради.
Ўрта таълим бир нечта босқичдан иборат. Нидерландия олий таълими Европада энг нуфузли таълим ҳисобланади. Кўпгина университетларда бакалавр, магис­тратура ва аспирантура дастурлари инглиз тилида юритилади. Бу эса дунёнинг кўплаб мамлакатларидан талабаларни жалб қилади. Шунингдек, уларнинг дипломлари дунёдаги кўплаб мамлакатларда тан олинади.

Жанубий Кореяда бошланғич таълим мажбурий

Жанубий Кореяда бош­ланғич мактабларнинг роли муҳим, унга 6 ёшдан (5 ёшли болалар ҳам ўқишга киришга ҳақли бўлиб, бунинг учун мактаб масъул шахсининг рухсатномасини олиши лозим) юқори бўлган болалар қабул қилинади. 6 йил давом этиб, 1 йил икки семестрга бўлинган ҳолда олиб борилади. Бош­ланғич таълим мажбурий этиб белгиланган.
Ўрта таълим 3 йил давом этади ва у ҳам мажбурий бўлиб, бир йилда 1222 соатни ташкил этади. Дарслар 45 дақиқадан этиб белгиланган. Мактабларда давлат тили, ахлоқ, ижтимоий фан, математика, жисмоний тарбия, мусиқа, санъат, чет тили каби 10 га яқин фанлар ўқитилади. Шунингдек, ўрта мактабда ўқувчи учун танлов фанлар мавжуд, буларга ахборот, чет тили кабиларни киритиш мумкин.
Ўрта мактаб тугатилгач, юқори мактабларда таълим давом эттирилади. Юқори мактаблар бир неча турларга бўлинади — давлат юқори мактаблари (Корея Таълим ва Техника фанлари вазирлиги, Маданият, Жисмоний тарбия ва сайёҳлик вазирлиги бошқаради), умумий юқори мактаблар (ҳар бир вилоятдаги юқори ташкилотлар томонидан бош­қарилади) ва хусусий юқори мактаблар. Шунингдек, юқори мактаблар ҳам ўқитиш фанларига кўра бир қанча турларга бўлинади: умумий мактаблар, ихтисослаштирилган мактаблар (қишлоқ хўжалиги, саноат, денгиз хўжалиги, ахборот), махсус мактаблар (лицей шаклидаги мактаб), техника мактаблари, чет тили мактаби, жисмоний тарбия мактаби, санъат мактаб­лари.
Жанубий Корея Республикасида Таълим вазирлиги махсус ташкил этган юқори мактаблар ҳам бор. Булар асосан қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, саноат, халқаро тилларга ихтисослашган бўлади.

Японияда ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси, депутатнинг дахлсизлиги берилган

Япония айнан таълим тизимини намунали йўлга қўя олгани сабаб жуда қисқа муддат ичида дунёнинг энг ривож­ланган давлатлари қаторидан ўрин олган. Мазкур давлатда ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси, депутатнинг дахлсизлиги берилганлиги сабабли ана шундай юксак натижага эришилганлиги ҳақиқат. Хулқ-атвор, муомала маданияти жуда юқори даражада. Ўқувчилар 4-синфга қадар имтиҳон топширмайди. Фақат кичик-кичик мустақил ишлар ёзади. Мактабнинг дастлабки уч йилида илм олишга катта куч сарфланмайди. Асосий эътибор болалар тарбиясига, яъни ўқувчилар бошқаларни ва уй ҳайвонларини ҳурмат қилишни, олижанобликни, ҳамдардликни, ҳақиқат излашни, ўзини ўзи назорат қилишни ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ўрганади.
Ўқув йили 1 апрелдан — табиат­нинг бениҳоя гўзал манзараси саналган сакура гуллаши билан бошланади. Академик йил уч семестрдан иборат – 1 апрелдан
20 июлга қадар, 1 сентябрдан 26 декабрга қадар ва 7 январдан 25 мартга қадар. Ўқувчилар ёзги таътилда 6 ҳафта, қишки ва баҳорги таътилда эса икки ҳафта дам олишади.
Мактабларда фаррош умуман бўлмайди. Шу йўл билан ўқувчилар жамоада ишлашни ва бир-бирига кўмаклашишни ўрганишади. Ҳар қайси ўқувчи ўзи тозалаган жойни ифлос қилмайди. Синфда овқатланилади, мактабларда тайёрланадиган таомлар менюсини ошпазлар билан бир қаторда тиббиёт ходимлари ҳам ишлаб чиқишади.
Қўшимча таълим зарурати билан бошланғич синфлардан ўқувчилар хусусий ва тайёрлов мактабларига борадилар. Мақсад — намунали ўрта ва кейинчалик юқори синфларда таълим олиш. Ўртача мактаб вақти кунига 6-8 соатни ташкил этади. Давомат 99,99 фоиз. Мактабларда болалар умуман дарс қолдиришмайди ва дарсга кечикиб келиш кам ҳолларда учрайди. Дарс жараёнида ўқувчиларнинг 91 фоизи ўқитувчини диққат билан эшитади.
Битириш имтиҳони ҳаммасини ҳал қилади — битирувчи олий ўқув юртига ўқишга кирадими ёки йўқ. Мактабни битириш арафасида ўқувчилар ягона тест имтиҳони топширадилар. Битирувчи фақат битта олий таълим муассасасини танлаши мумкин.
Бу борада сўнгги йилларда юртимизда ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, мактабгача таълим соҳасида алоҳида вазирлик ташкил этилиб, мактабгача таълимга қамров 2021 йилда 1,895 минг нафар 67,2 фоиз (2017 йилда 708,247 нафар (27,7 фоиз) қамраб олинган)ни ташкил этди. 2022-2023 йилларда 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга етказиш, мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг профессионал тайёр­гарлиги ва маҳоратини ошириб боришнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш, мактабгача таълим-тарбия жараёнларини илмий асосланган ёндашувлар асосида такомиллаштириш каби вазифалар белгиланди. Умумий ўрта таълим мактабларида таълим тизими қайтадан кўриб чиқилиб, 2022-2026 йил­ларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Унда илғор хорижий тажриба асосида таълим сифатини ошириш, ўқитувчилик касбининг нуфузини юксалтириш, инклюзив таълимни ривожлантириш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, инфратузилмани яхшилаш, соҳани рақамлаштириш бўйича долзарб йўналишлар белгиланган.
Бугунги кунда юртимизда 159 та (Тошкент шаҳрида 72 та, ҳудудларда 87 та) олий таълим ­муассасаси (28 та университет, 47 та институт, 3 та академия, 1 та консерватория, 26 та филиал, 30 та хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари ва 24 та нодавлат олий таълим муассасаси) мавжуд. Таълим муассасаларида таҳсил бериш тартиби ва уларни молиялаштириш тартиби ҳам тубдан такомиллаштирилмоқда.
Модомики, гап илм-фан ва таълим-тарбия масаласида кетар экан, бу ўринда Амир Исмоил Сомонийнинг “Аждодинг шуҳратига суян­ма, ўзингга ўзинг шуҳрат топ!” деган фикрини эслаш жоиз. Ёки фарзандларимиз онгига Гюгонинг “Китоблар жонсиз, аммо содиқ дўстлардир” ёхуд Демокритнинг “Масала билимнинг бутунлигида эмас, ақлнинг бутунлигида” деган фикрларини сингдириб, уларни китобхонликка кўпроқ жалб қилиш ҳамда шу орқали жамиятда ўз ўринларини топишга ўргатишимиз лозим.
Шунингдек, барча ўқувчилар учун бир хил дарсликлар яратишдан воз кечиш, ўқитувчи ташаббусига кенг йўл очиб, болаларга кўпроқ ижодий мус­тақил фикр­лашни (иншо, баён ёздириш) ўргатиш, дарс ўтиш услуби, дарс­лик ва қўлланмаларни уларнинг ўзи танлашига имконият яратиш лозим. Айниқса, қуйи синфдаги ўқувчиларга уйга вазифа бериш, баҳолаш, имтиҳон олиш тизими ўрнига асосий билимни мактабда ўргатиш орқали ихтиёрий изланишга йўналтириш лозим. Барча мактабларда хорижий тиллар ҳамда компьютер технологияларини чуқурлаштирган тартибда ўқитишни йўлга қўйиш, битирувчилар учун мазкур фанлардан минимал билим даражасини белгилаб қў­йиш лозим.

Ҳасан НАСИМОВ,
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img