Таҳлил“Яшил макон”: экиш бору қараш йўқми?

“Яшил макон”: экиш бору қараш йўқми?

Одатда кўпгина ташаббуслар жуда кўтаринки руҳда, ғайрат-шижоат билан бошланади. Бироқ иш охирига етказилмасдан ёки кўзбўямачилик оқибатида ҳаммаси аро йўлда қолиб кетади. Масалан, ҳар йили кўкламда миллионлаб кўчатлар экилади, қоғозлар тўлдирилади ва юқори идораларга ҳисобот берилади. Шу билан вассалом. Ёзга бориб ниҳолларнинг кўпи қуриб кетади. Ачинарлиси, бу жараён ўн йиллардан буён давом этиб келяпти. Ўтган йили ноябрь ойи бошида мамлакатни ёппасига қоплаган кучли чанг тўзонидан кейин ҳам қатъий хулоса чиқармадик.

«Яшил макон» умуммиллий дастурига кўра, келгуси беш йилда 1 миллиард туп кўчат экиш режалаштирилган. 2021 йил ноябрь–декабрь ойларида 85 миллион, 2022 йил февраль-май ойларида 125 миллион, жами 200 миллион туп ниҳол ўтқазилиши мўлжалланганди. Айтиш керакки, кўчат экиш мавсуми бутун республика бўйлаб давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик иштирокида уюшқоқлик билан ўтди. Мактаб ўқувчисию корхона ишчиси, маҳалла фаолию кекса отахонлар ҳам бу хайрли ташаббусдан четда қолмади. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, режадагидан анча кўп, аниқроғи, 213 миллион туп кўчат экилган. Бу албатта, яхши. Аммо…

Ғалвир сувдан кўтарилганда анча-мунча кам-кўстлар кўзга ташланиб қолди. Хусусан, февраль-март ойларида кўчат экиш мавсумида қўшиб ёзишлар юз бергани, суғориш ва парваришлаш ишлари етарлича олиб борилмагани ойдинлашди. Ҳисоб палатасининг ўрганиши натижаларига кўра, ҳисоботларда 6,2 миллион туп кўчат қўшиб ёзилган. 3,4 миллион туп кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган. 2,4 миллион туп кўчат суғорилмагани ва парваришланмагани оқибатида ҳали баҳор тугамасидан қуриб қолган. 341 минг туп кўчат табиий иқлим шароитлари ҳисобга олинмасдан экилган, 65 минг кўчат талаб қилинган масофага риоя қилинмаган ҳолда экилган. Хуллас, ҳаммасини жамлайдиган бўлсак, мавсумнинг биринчи ярмидаёқ 12 миллион 400 минг туп кўчат нобуд бўлди дегани. Эсиз, ҳавога совурилган меҳнат, маблағ!

Экология қўмитаси матбуот хизматининг билдиришича, «Шўртангаз» АК, Оҳангарон тумани ва Жиззах шаҳарларида кўчатларни экиш ва парваришлаш тизимли йўлга қўйилгани туфайли меҳнат самарадорлиги 90-95 фоизни ташкил этган. Таассуф билан айтиш керакки, олдинги йилларда экилган кўчатларнинг 85 фоизи тутиб кета олмаган. Хомчўтларга кўра, бу йил ҳам мазкур кўрсаткич 70 фоиздан кам бўлмайди. Айниқса, маҳалла ҳудудлари, кўп қаватли уйлар олдига ўтқазилган кўчатларда кўпроқ йўқотиш бўлиши кутиляпти. Бошқа қарорлар ва дастурлар ижросида ҳам худди шундай ҳолатга йўл қўйилаётган бўлса, ислоҳотлар самарадорлигининг неча фоизлигини тасаввур қилаверинг.

«Яшил макон» дастури давлат сиёсатига айланган бир пайтда пойтахтнинг Чилонзор кўчасида йўлни кенгайтириш мақсадида камида 7 та дарахтга шикаст етказилгани хабари тарқалди. Жами 99 та дарахтда шикастланиш хавфи аниқланган. Шунингдек, Фарғона вилояти экология бошқармаси хабарига кўра, Ўзбекистон тумани «Қирқкетмон» МФЙда туман электр тармоқлари ходимлари 48 туп кўп йиллик қарағай, 9 туп шумтол ва 30 тупдан ортиқ мевали дарахтларни электр симига тегиб, инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф солаётгани важидан ноқонуний равишда кесиб ташлаган. Бир томондан кўчат экиб кўкартиролмай сарсонмиз, бошқа томондан эса кўп йиллик дарахтларга хўжасизларча муносабат қилинмоқда.

Кейинги йилларда қиш-баҳор мавсумида ёғингарчиликнинг камайиши, тоғларда қор ва музларнинг тезда эриб кетиши натижасида минтақамизда сув танқислиги кучаймоқда. Айни пайтда республика ҳудудининг 31,4 миллион гектар майдони қурғоқчил ҳисобланади. Орол денгизининг қуриши туфайли 3 миллион гектарлик Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Республиканинг қатор вилоятларида чўлланиш юз бераётир. Бунга қарши энг самарали усул кўкаламзорлаштириш, боғ яратиш ва ўрмонзорлар барпо этишдир. Дарахтлар ҳавони тозалаш билан бирга ҳарорат кўтарилиб кетишининг ҳам олдини олади.

Инсон бир кеча-кундузда 5-6 литр кислород ютиб, ҳавога карбонат ангидрид чиқаради. Бир кишининг кислородга бўлган бир кунлик эҳтиёжини қондириш учун 22 та дарахт керак бўлар экан. Битта дарахтни вояга етказиш учун камида ўн беш-йигирма йил зарур бўлишини ҳисобга олиб, «Бирни кессанг, ўнни эк», деган нақлни ўзгартирган ҳолда, «Бирни кесмай, ўнта кўчатни экиб, кўкартириб вояга етказ», деймиз.

Абдумажид АЗИМОВ

Манба oyina.uz сайти.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img