Ёлғон хабар тарқатганлик учун жавобгарлик бор

0

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали ёлғон ахборот бериш ҳолатлари учрамоқда. Бунинг натижасида эса фуқароларга, шу билан бирга жамоат тартибига ёки хавфсизлигига жиддий зарар тегмоқда.

Келинг мазкур ҳолат бўйича қонун нормаларида қандай тартиблар ўрнатилганлиги ҳақида тўхталиб ўтсак.

“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 121-моддаси 2-қисмига мувофиқ веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасида журналистнинг мажбуриятлари белгиланган бўлиб, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Келтириб ўтилган нормалар маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, кейин эълон қилиш ахборот тарқатувчи ҳар қандай шахс, шу жумладан, журналистлар ва блогерларнинг ҳам мажбуриятларидан бири ҳисобланади

Шунингдек, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасида оммавий ахборот воситаларидан айрим турдаги хатти-ҳаракатларни содир этишда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлса, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 121-моддасида ҳам қандай ахборот турлари Интернетда тарқатилиши мумкин эмаслиги номма-ном санаб ўтилган.

Шу билан бирга ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар ёлғон маълумотларни реклама қилиш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда. 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги қонунда нотўғри ва яширин реклама тушунчаларининг мавжудлиги ёлғон рекламага қарши курашиш бўйича норматив асос мавжудлигини англатади. Бунга мисол қилиб ижтимоий тармоқларда бир кунда бойиб кетиш ваъда қилинган, аслида эса реклама муаллифлари ташкил қилган гуруҳ ёки каналга аъзолар ва обуначиларни йиғишни мақсад қилувчи рекламаларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Кўпинча телеграм мессенжери орқали ва бошқа ижтимоий тармоқларда товар ёки ишлаб чиқарувчини обрўсизлантириш  орқали рақобатчиларга иқтисодий зарба беришга қаратилган овозли, фото ва видеохабарларга дуч келамиз (масалан, ичимликни ишлаб чиқаришда унинг таркибига сичқон қўшилиб кетиши каби). Аммо рақобатчини обрўсизлантириш, яъни босма ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнларда ёки оммавий ахборот воситалари орқали хўжалик юритувчи субъектнинг ишбилармонлик нуфузига путур етказиш мақсадида била туриб ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-моддасида жавобгарлик белгиланганлигини унутмаслик керак.

Шунингдек, шахс ҳақида уни обрусизлантириш мақсадида ўз асосини топмаган ахборот тарқатганлик учун ҳам қонунчиликда жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳамда Жиноят кодексининг 139-моддасида туҳмат, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд.

Шунингдек ёлғон хабар тарқатганлик учун қонунчиликда фуқаровий жавобгарлик ҳам келиб чиқиши мумкин. Хусусан, маънавий зарар шахснинг ор-номуси, шаъни ва қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса, уни етказувчининг айбидан қатъи газар қопланиши лозимлиги Фуқаролик кодексининг 1021-моддасида кўрсатиб ўтилган.

Шахснинг ор-номуси, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотлар ҳам ёлғон уйдирма бўлиши мумкинлигини инобатга олсак, мазкур ҳолатда зарар қандай ундирилиши мумкинлиги тўғрисидаги нормалар ҳам қонунчилигимизда ўз аксини топган.

Ёлғон хабарлар тарқалишини олдини олиш ва уни тарқатган шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида 2020 йил 25 декабрь куни қабул қилинган Ўзбекистон РеспубликасинингЎРҚ–658-сон Қонуни билан ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Яъни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2022-моддасига кўра жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, —

БҲМнинг 50 (11 млн 150 минг сўм) бараваридан 100 (22 млн 300 минг сўм)   бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 2446-моддасига кўра жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари юқоридаги қонун нормаларини билиб қўйиши фойдадан холи эмас. Бу тўғри маълумот тарқатиш масъулиятини ошириш билан бирга турли фейклардан ҳимояланиш воситаси ҳамдир. Журналистлар ва блогерлар ҳам олинган фактларни эълон қилишда уларнинг тўғрилигини текшириб кўриши, аҳоли ишончини суиистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлиши мақсадга мувофиқ.

Ҳурматли фуқароларимизни фейк ҳамда аҳоли орасида ваҳима ва саросима солишга сабаб бўладиган хабарларни тарқатмасликка чақирамиз. Ушбу қилмиш юқорида айтиб ўтганимиздек жавобгарликка сабаб бўлади.

Севара Ўринбоева,

Адлия вазирлиги матбуот котиби