ЯнгиликларҲуқуқЙўл-транспорт ҳодисасини содир этган ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги мумкин, агар...

Йўл-транспорт ҳодисасини содир этган ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги мумкин, агар…

Инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаатлари биринчи ўриндалигини ва фуқаролар учун турли хил кўринишдаги енгилликлар тақдим этилаётганлигини қонунчилигимиздаги ўзгаришлардан кўришимиз мумкин. Шундай ўзгаришлардан бири бу ҳайдовчилар томонидан йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани тузиш имконияти берилганлиги, десак янглишмаймиз.

Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома ўзи нима?

 “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан киритилган ўзгаришларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома – содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида суғурталовчига хабар бериш учун ҳодиса содир этилган жойда унда иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ихтиёрий равишда тўлдириладиган, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги вужудга келганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Бундай ҳужжат хориж тажрибасида “Европротокол” деган ном билан жуда машҳур. Хабарноманинг бундай номланиши сабаби йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходими иштирокисиз расмийлаштириш тартиби биринчи бор Европа давлатларида юзага келган ва бундай ҳаракат бир неча йиллардан буён ўз самарасини бериб келган.

Хабарнома йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ички ишлар органи ходимларининг иштирокисиз тузилади. Бу эса ўзаро ярашиб турган (йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан келиша олган) фуқаролар йўл патруль хизмати ходимларини чақириб ўтирмасдан ўзлари хабарнома тўлдириб, йўл-транспорт ҳодисасида бўлган воқеликни шакллантириши мумкин.

Шунингдек, «Европротокол» жорий этилиши билан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги бевосита мулоқотни амалга оширишда “инсон омили”га ва ортиқча қоғозбозликка ва фуқароларни ортиқча сарсон бўлишига чек қўйишга, шу билан бирга ҳар бир содир этилган йўл-транспорт ҳодисасини расмийлаштириш учун йўл-патруль хизмати инспекторларининг ўртача 2-3 соат вақти тежалиши орқали тан жароҳати билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисасини кўриб чиқишда сифат даражасини ошириш ҳамда автомобил йўлларида тирбандликларнинг олдини олишда самара беради.

Энг катта ўзгаришлардан бири бу — ҳайдовчилар томонидан хабарномани расмийлаштириш маъмурий жавобгарликка тортилишни истисно этувчи ҳолат этиб белгиланлиги ҳисобланади. Эндиликда хабарномани расмийлаштирган ҳайдовчилар маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келган ҳолларда йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида хабарнома тузилган тақдирда ҳайдовчи жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди.

Ушбу ҳолат йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида зарар кўраётган фуқароларга ортиқчалик қиладиган маъмурий жазо тайинланишидан озод этиши анча енгиллик ва ёрдам бўлиши тайин.

Шунингдек, 2021 йил 1 ноябргача суғурта ташкилотларининг веб-сайтларида хабарнома бланкаси намунаси жойлаштирилади ва уни юклаб олиш имкони яратилади.

Қандай ҳолатларда хабарнома тузилиши мумкин?

Барча ҳолатларда ҳам хабарнома тузиш мумкин эмас. Чунки, айрим ҳолатларда фуқаро ушбу ўзгаришда кўрсатилмаган бошқа йўл ҳаракати қоидаларини бузган бўлиши мумкин ва бундай ҳолатларда йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномаси тузилишига йўл қўйилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 2021 йил 27 сентябрдаги 609-сон қарорига (қарор 2021 йил 25 ноябрдан кучга киради) мувофиқ, хабарнома икки нусхада қуйидаги асослар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлганида тузилади:

  • жабрланувчига енгил жароҳат етмаганида ёки мол-мулк шикастланмаганида;
  • иштирокчилардан бири ўз айбига иқрор бўлганида;
  • ҳодиса пиёда иштирокисиз содир этилганида;
  • ҳодиса фақат 2 та транспорт иштирокида бўлганида;
  • иштирокчиларнинг фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилинган бўлса;
  • ҳайдовчилик гувоҳномаси, рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳнома, ишончнома, йўл варақаси мавжудлиги;
  • ҳайдовчилар маст бўлмаса;
  • транспортларнинг шикастланиши низони келтириб чиқармаса.

Санаб ўтилган барча ҳолатлар мавжуд бўлсагина ҳайдовчилар ўзаро келишган ҳолда хабарнома тузишга ҳақли ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қонунчилигимиздаги бундай демократик ўзгаришлар нафақат фуқароларнинг оғирини енгил қилиши балки давлатнинг ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларининг самарасини ҳам бериши мумкин. Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, демократик ҳуқуқ ислоҳотлари давлатнинг инсон манфаатларини биринчи ўринга олиб чиқиш мақсадини рўёбга чиқариши аниқ.

Саламат ТУРЕМУРАТОВ,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказининг бош маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img