ЯнгиликларҲуқуқЁлғон ахборот тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Ёлғон ахборот тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Баъзида турли интернет нашрларида, оммавий ахборот воситаларида айрим шахслар ҳақида ҳақоратли, уйдирмага асосланган ҳамда ҳали тўғрилиги исботланмаган маълумотларга кўзимиз тушиб қолади.

Хўш, бундай ҳаракатлар учун қонунчиликда қандай жавобгарлик назарда тутилган?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202(2)-моддасида шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик учун қонунчиликда жиноий жавобгарлик ҳам кўзда тутилган бўлиб, Жиноят кодексининг 244(6)-моддасига асосан шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган юқоридаги ҳаракатларни қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Бунда шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун шахс худди шу қилмиш учун илгари маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиши лозим.

Бундан ташқари, қилмишнинг ижтимоий хавфли оқибатларидан келиб чиқиб, Жиноят кодексида оғирроқ жазо чоралари ҳам кўрсатиб ўтилган.

Шу сабабли, ҳозирги ахборот алмашинуви тезлигининг жадал ривожланиши жараёнида биз тарқатаётган ахборотимизнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлигига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Фирдавс Бозорқулов,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img