ТаҳлилЁшлар ҳуқуқига эътибор халқаро ҳамжамият кун тартибида

Ёшлар ҳуқуқига эътибор халқаро ҳамжамият кун тартибида

2021 йилнинг 8 октябрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг (ИҲК) Женевада бўлиб ўтган 48-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган илк резолюция қабул қилинди. Мазкур резолюция COVID-19 пандемияси даврида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, давлатимизнинг мазкур илк ташаббуси Кенгашнинг барча 47 та аъзо-давлатлари томонидан бир овоздан маъқулланди.

Маълумки, 2020 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон ўз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузли институтларидан бири ҳисобланмиш Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзоликка қабул қилинган эди. Ушбу сана мамлакатимиз янги тарихига муҳим сана сифатида кирди. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш БМТ тизимидаги ҳукуматлараро орган бўлиб, у бутун дунёда инсоннинг барча ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш мажбуриятини олган 47 давлатдан иборатдир. Кенгашнинг асосий вазифаси — унинг эътибор марказида турган инсон ҳуқуқлари соҳасини қамраб олувчи барча масалаларни ва инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини кўриб чиқиб, муҳокама этиш ҳисобланади. Айтиб ўтиш лозимки, Кенгашга аъзолик БМТнинг аъзоси ҳисобланмиш ҳар қандай давлат учун очиқ бўлиб, унга аъзолик муддати уч йилни ташкил қилади.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида пандемия даврида ёшлар ҳуқуқлари бўйича резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йилнинг 22 февралида ИҲКнинг 46 сессиясида илгари сурилган эди. Резолюцияни ишлаб чиқишда БМТ тизимининг барча минтақавий гуруҳларининг 37 та давлати ҳаммуаллиф бўлди ва ҳомийлик қилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий Маркази томонидан тайёрланган ҳужжат лойиҳасига асосланиб, БМТнинг Женевадаги қароргоҳидаги Ўзбекистоннинг доимий ваколатхонаси норасмий маслаҳат учрашувлари ўтказиб, унда 70 га яқин мамлакатдан 400 дан ортиқ вакиллар ва БМТ котибияти ходимлари иштирок этдилар. Олиб борилган маслаҳат учрашувлари давомида ҳужжат лойиҳаси қоидалари бўйича 300 дан ортиқ шарҳлар қабул қилинди. Уларнинг лойиҳа ҳужжати Ўзбекистон томони ишлаб чиққан асосий ғоя ва мазмунга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда гуруҳланган ва таснифланган.

Мазкур резолюция давлатларни ёшларга тенг имконият яратишга, COVID-19 пандемиясининг салбий таъсирини каматириш шароитида ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга кўмаклашишга чақиради. Резолюцияда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари томонидан глобал пандемиянинг ёшлар ҳуқуқларига таъсирини юмшатиш усуллари, шу жумладан, ёшларнинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишда камситиш ҳолатларини аниқлашга эътибор қаратилади. Ҳужжат ёшларга жамиятда самарали иштирок этишларига имконият яратибгина қолмай, унда аёл ва қизларнинг ҳуқуқларига ҳам эътибор қаратилган.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасига бўлган эътибори, хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзоликка номзодини кўрсатиш давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурида ўз аксини топган эди. Ўзбекистоннинг ИҲКга аъзо бўлиб сайланиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига бўлган эътиборнинг янада ортиши натижасида ушбу соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дунё ҳамжамияти томонидан тўлиқ эътироф этилаётгани исботидир.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи янги босқичга кўтарилиб, унинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлиги янада кенгайди. Хусусан, 2017 йил 19 сентябрда давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясининг юқори минбаридан туриб БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилганлиги, 2020 йилнинг 23 сентябрида эса, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илк бора она тилимизда нутқ сўзлаб, дунё ҳамжамияти эътиборини инсон ҳуқулари, гендер тенглиги, ёшлар масалаларига қаратганлиги фикримизнинг ёрқин исботидир. Пандемия шароитида давлатлар мажбуриятлари билан боғлиқ муаммолар кун тартибига қўйилганлиги, иқлим ўзгариши ва қашшоқлик каби масалаларни ҳал қилишга қаратилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг дунёдаги долзарб муаммоларга бефарқ эмаслигининг яна бир бор далили бўлди.

Бундан ташқари, мамлакатимиз 2018 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллигига бағишланган Инсон ҳуқуқлари Осиё форумини ўтказишда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, халқаро ва миллий экспертларни бир жойда йиғиб, инсон ҳуқуқларига бўлган этиборни янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилишда жонбозлик кўрсатди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимиз сўнгги йилларда улкан ютуқларга эришди. Сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш борасида қўйилган қадамлар, аёллар, болалар ва ёшлар ҳуқуқларига эътибор кучайтирилганлиги, мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганлиги, Жаслиқ колониясининг ёпилиши ва суд-ҳуқуқ соҳасининг ислоҳ қилиниши, гендер тенгилигини таъминлаш каби масалалар бунга мисолдир.

Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг мақсад ва тамойилларига амал қилган ҳолда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йилнинг 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари шулар жумласидандир. Шунингдек, бола ҳуқуқларига бўлган эътибор ҳам кучайтирилиб, Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги “Болалар ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан Омбудсманнинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилиши режалаштирилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда, яқин келажакда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар талайгина. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ушбу соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилган яна муҳим қадам бўлди. Миллий стратегиянинг мақсади — Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олиш ҳисобланади.

Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда демократик принципларга асосланган ва инсон ҳуқуқларининг замонавий талабларига жавоб берадиган мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий тизим шаклланди. Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга амал қилиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштиришда, инсон ҳуқуқлари стандартларига риоя этишда аниқ мақсадлар ва режалар ишлаб чиқилди. Бу эса, “Янги Ўзбекистон” имиджини халқаро майдонда мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир қадамдир.

Умида Шерханова,
Тошкент давлат юридик университети “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси ўқитувчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img