Ёшлар ишлари агентлиги ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий касблар эгаллашига кўмаклашиш мақсадида «Нажот Таълим» маркази билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида 100 нафар ўқувчи учун грант эълон қилди.

Грант доирасида қуйидаги:

• Веб дастурлаш;

• График дизайн;

• Моушн графика;

• Дигитал маркетинг;

• Социал медиа маркетинг йўналишларида таълим олиш имконияти бор.

Лойиҳада ИТ соҳасига қизиққан 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган ёшлар иштирок этиши мумкин.

Дастлабки босқичда умумий 100 нафар, яъни ҳар бир йўналишдан 20 нафардан ўқувчи қабул қилиниб, соҳага оид керакли кўникмалар ўргатилади. Дарслар «Нажот Таълим» жамоаси мутахассислари томонидан олиб борилади.

Лойиҳада иштирок этиш учун мурожаатлар 30 сентябрга қадар онлайн қабул қилинади. Номзодлар Ёшлар ишлари агентлиги ва «Нажот Таълим» маркази ходимлари томонидан суҳбат асосида саралаб олинади.

«Имкон» лойиҳаси бўйича онлайн дарслар аввалдан бошланган бўлиб, ушбу грант Тошкент шаҳридаги ногиронлиги бўлган ёшлар учун офлайн режимда чуқурлаштирилган ҳолатда олиб борилади. Лойиҳа натижасига кўра, кейинги босқичларда бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Лойиҳа тўғрисидаги ташкилий жараёнларни Ёшлар ишлари агентлиги ва «Нажот Таълим» расмий саҳифалари орқали кузатиш мумкин.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг