Ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги босқичи

0

Бўлажак ҳуқуқшунос ва давлатимизнинг бир ёш вакили сифатида Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномасини катта қизиқиш билан тингладим.

Жаҳон амалиётига кўра бундай мурожаатномаларда бир томондан Президент якунига етаётган йилда давлат ҳокимияти органлари томонидан эришилган ютуқ ва натижалар ҳақида ҳисобот беради. Иккинчи томондан эса мамлакат раҳбари янги кириб келаётган йилда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар дастурини тақдим этади.

Давлатимиз раҳбарининг парламентга мурожаати дастурий сиёсий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Биринчидан, мурожаатномада Президентнинг мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йуналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинади.

Иккинчидан, мурожаатнома сиёсий, иқтисодий, ғоявий, мафкуравий қоидалар билан бир қаторда парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига таълуқли аниқ таклифларни ҳам ўзида акс эттиради.

Учинчидан, Президентнинг парламентга мурожаатномаси жаҳон конституциявий амалиётида ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институт саналади.

Президентимизнинг мурожаатномаларини тинглаганимда биз ёшларнинг таълим-тарбияси ва камолотига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва амалга оширилаётган ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари доимий равишда такомиллаштирилиб борилаётганлигини кўрдим.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунда ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш, истеъдодини қўллаб-қувватлаш масалалари қамраб олинган. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда эса ҳокимият ва бошқарув органларининг бу борадаги ваколатлари ҳамда соҳага доир бошқа ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солингани мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб боришни тизимли йўлга қўйилганини бугунгача ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинганлиги ва 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинганлиги эътирофга лойиқдир. Ушбу ишларни амалий давоми сифатида мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан таъкидлангандек, келгуси йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжумани ўтказилиши биз бўлажак соҳа мутахассисиларини руҳлантирди.

Шу ўринда алоҳида айтишим жоизки, биз ёшларга бўлган эътибор ва ҳар бир йўналишларда бошлаган ишларни изчил давом эттириш ҳамда янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида, кириб келаётган 2021 йилни мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номлангани биз ёшларга берилган яна бир улкан имкониятлар эшиги десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз таъкидлаганидек, катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини биз ёшларни ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштирган ҳолда кўзланган мақсадларимизга етиб, Янги Ўзбекистонни устозларимиз берган билимларини иқтидоримиз билан мустаҳкамлаб, меҳнатимиз билан биз бунёдкор ёшлар, албатта, биргаликда барпо этамиз.

 Бехруз Қурбонов,
ТДЮУ “Ҳалқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик”
факультети “Халқаро ҳуқуқ”
Беларусь қўшма таълим йўналиши 1-босқич талабаси