ЯнгиликларМаҳаллийЙТҲларни камайтириш учун нима қилиш керак? — ЮМОМдан таклиф  

ЙТҲларни камайтириш учун нима қилиш керак? — ЮМОМдан таклиф  

Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, афсуски, мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бормоқда. Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази томонидан эълон қилинган йўл-транспорт ҳодисалари сони бўйича статистик маълумотларга қараганда, жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганлар сони ўнлаб ва юзлаб эмас, балки минглаб ҳисобланмоқда. Бу ўз навбатида, мактабга, ишга, харидлар қилишга кетаётган яқинларимиз ҳақида, бизларда асосли ташвиш уйғотади.

Шубҳасиз, қайд этилган йўл-транспорт ҳодисаларнинг маълум бир қисми ҳайдовчиларнинг маст ҳолатда бўлганлиги ёки бошқа қандайдир объектив ҳолатлар сабабли юзага келган.

Ўйлаймизки, буни узоқ вақт ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлган фуқаролар ҳам тасдиқлаши мумкин, йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпчилиги автомашинани бошқариш вақтида ўз бепарволигининг ҳуқуқий оқибатларини тушунмайдиган айрим ҳайдовчилар томонидан содир этилади.

Оммавий ахборот воситаларидаги маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, уларда фақат йўл-транспорт ҳодисалари, уларнинг қурбонлари ва фуқароларнинг бундай бахтсиз ҳодисаларда ҳалок бўлганлар сони қайд этилади.

ЙТҲларни камайтириш бўйича таклифлар

Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш самарали бўлиши учун, махсус автомактабларда тингловчиларни ўқитишда транспорт воситасини бошқаришга оид кўникмаларни шакллантириш мақсадида, амалий машғулотларга кўпроқ урғу бериш, тингловчиларни транспорт воситасини бошқаришда келиб чиқиши мумкин бўлган ҳолатларни инобатга олган ҳолда “вазиятли ўқитиш” усулини жорий қилиш ҳамда амалий машғулотларни кўп йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга ходимлар томонидан ўтказилиши лозим.

Шу билан бирга, назарий машғулотларни олиб боришда психолог ўқитувчиларнинг жалб қилиниши мақсадга мувофиқдир. Мазкур машғулотларда, тингловчиларда, транспорт воситасини бошқаришда одоб-ахлоқ қоидаларини, масалан, ҳайдовчининг муомила маданиятини, хайдовчиларнинг ўзаро ёрдам бериш, бошқа транспорт воситасига йўл бериш (йўлни қизғанмаслик) ва бошқа назарий билимларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишда, бундай ходиса содир этилишига сасбабчи айбдор шахсларнинг жавобгарлигининг муқаррарлигини тасдиқловчи материалларни намойиш этиш муҳим. Жумладан, йўл-транспорт ҳодисаларини содир этган айбдорларни жавобгарликка тортиш фактлари, тайинланган жазонинг тури ва миқдорлари, шунингдек, Жиноят кодексининг 266-моддасида назарда тутилган “Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларнинг пушаймонлиги бўйича маълумотларни тарқатиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Чунончи, бундай маълумотлар жамоат транспорти (автобус, маршрут такси) орқасида кўрсатилса, тўғри бўлади.

Бундан ташқари, битирувчилари йўл ҳаракати қоидаларини энг қўп бузган автомактабларни аниқлаш, уларда хизмат текшируви ўтказиш натижаларига кўра, уларнинг раҳбарлари ва масъулларини интизомий, маъмурий ва ҳаттоки жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўтариш асослидир. Ўйлаймизки, бу каби тадбирлар натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб, ушбу профилдаги бошқа таълим муассасалари раҳбарларига ҳам юборилса ўз самарасини беради.

Албатта, бундай ахборотлар тегишли давлат органларининг қарорлари қонуний кучга киргандан кейингина тарқатилиши лозим.

Рафик Шакуров,
Юристлар малакасини ошириш маркази
катта ўқитувчиси, юридик фанлари
номзоди, доцент

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img