ЯнгиликларҲуқуқЮридик шахслар бирлашмалари қаерда давлат рўйхатидан ўтказилади?

Юридик шахслар бирлашмалари қаерда давлат рўйхатидан ўтказилади?

Юридик шахслар бирлашмалари жамиятимиз ривожида муҳим ўрин тутади, айрим юридик шахслар бирлашмалари томонидан бошқа тадбиркорлик субъектларига маълум бир фаолият билан шуғулланиши учун рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштириб берилади.

Шу сабабли, юридик шахслар бирлашмалари давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш зарурати мавжуд эди.

Вазирлар Маҳкмасининг 2022 йил 28 август куни “Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларни ташкил этиш ва тугатишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 542-сон қарори қабул қилиниб, ушбу жараёнлар тартибга солинди.

Яъни, ушбу қарор билан“Юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш буйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланди.

Ҳўш кимлар юридик шахслар бирлашмалари ҳисобланади?

Юридик шахс бирлашмалари деганда Ўзбекистан Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган таркибига икки ва ундан ортиқ тижоратчи юридик шахсларни жамлаган нотижорат ташкилотлар ҳисобланувчи уюшмалар (иттифоқлар) ва ўзга бирлашмалар тушунилади.

Ўзбекистан Республикаси Фуқаролик кодексининг 77-моддасига кўра, тижорат ташкилотлари ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек муштарак мулкий манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида нотижорат ташкилотлар ҳисобланувчи уюшмалар ва ўзга бирлашмаларига бирлашишлари мумкин.

(Маълумот учун: агар иштирокчиларнинг қарорига мувофиқ уюшмага ва ўзга бирлашмага тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш вазифаси юклатилса, бундай уюшма ва ўзга бирлашма Фуқаролик кодексида назарда тутилган тартибда хўжалик ширкати ёки жамиятига айлантирилиши керак ёхуд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун хўжалик жамиятлари тузиши ёки уларда иштирок этиши мумкин)

Нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек муштарак манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) шаклида бирлашмалар тузишлари мумкин.

Уюшма ва ўзга бирлашмалар юридик шахс ҳисобланади. Уюшма ва ўзга бирлашмаларнинг аъзолари ўз мустақилликларини ва юридик шахс ҳуқуқларини, шунингдек, ундан эркин чиқиш имкониятини сақлаб қолади.

Юридик шахс бирлашмалари қаерда давлат рўйхатидан ўтказилади?

Эндиликда, юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш давлат хизматлари марказларида автоматлаштирилган электрон тизими орқали амалга оширилади.

Бунда, юридик шахслар бирлашмалари вакили (ариза берувчи) давлат хизматлари марказларига келган ҳолда ёки масофадан интернет жахон ахборот тармоғи орқали электрон тизимда мурожаат этишлари мумкин.

Юридик шахслар бирлашмаларининг номи лотин алифбосида танланади ва унинг бошқа юридик шахсларнинг номлари билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга ўхшаш бўлмаслиги керак, бундай номалар электрон тизим томонидан автоматик тарзда текширилади.

Юридик шахслар бирлашмалари давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.

Юридик шахс бирлашмаларини рўйхатдан ўтказиш учун қандай ҳужжатлар тақдим қилинади?

Ариза берувчи томонидан сўровномага қуйидаги ҳужжатлар электрон шаклда (pdf форматда) илова қилиниши лозим:

давлат тилидаги таъсис шартномаси ва (ёки) устав қабул қилинганлиги тўғрисидаги таъсис йиғилиши (конференцияси) баёни;

давлат тилида белгиланган тартибда тасдиқланган таъсис шартномаси ва (ёки) устав;

юридик шахслар бирлашмалари қайта ташкил этилганда (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) қайта ташкил қилинаётган юридик шахслар бирлашмаларининг барча кредиторлар ва қарздорлар олдидаги барча мажбуриятлар бўйича, жумладан тарафлар ўртасидаги даъволашаётган мажбуриятлар юзасидан ҳуқуқий ворисликни ўз ичига олган тақсимлаш баланси ёки топшириш далолатномаси.

Юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан ёки қайта рўйхатдан ўтказганлик учун “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунда белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

Ушбу турдаги мурожаатлар ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганда 2 иш куни давомида кўриб чиқилиб, давлат рўйхатдан ўтказилади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган ташкилот электрон тизим орқали автоматик тарзда давлат солиқ хизмати ва статистика органларида давлат ҳисобига қўйилади.

Юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳадидаги гувоҳнома QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда автоматик шакллантирилади.

Юридик шахслар бирлашмаларини ҳужжатлари тўлиқ тақдим этилмаганлиги уларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади.

Қайта рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат этилганда аъзолар сонига кўйилган минимал талаб бузилган тақдирда юридик шахслар бирлашмалари бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклда қайта ташкил этилиши ёки ихтиёрий тугатилади.

Давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинганда хабарнома расмийлаштирилади ҳамда у ариза берувчига тақдим қилинади (ўзи келиб мурожаат этганда) ёки ариза берувчининг элеткрон тизимдаги шахсий кабинетига юборади.

Шунингдек, юридик шахслар бирлашмалари ўзининг почта манзили ва раҳбари ўзгарганда бу ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни ўн кундан кечиктирмай ўзининг элктрон тизимдаги шахсий кабинета орқали хабардор қилиши шарт. Рўйхатдан ўтказувчи орган юридик шахслар бирлашмалариининг почта манзили ва раҳбари ўзгарганлиги ҳақида хабарнома олган вақтдан бошлаб бир иш куни давомида Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларнинг давлат реестрига тегишли ёзувни киритади ва бу тўғрисида давлат солик хизмати ва статистика органларини хабардор қилади.

Ариза берувчилар рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги, аниқлиги ёки бузиб кўрсатилганлиги, шунингдек таъсис ҳужжатларининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги учун жавобгар ҳисобланади.

Бунёд АЗИЗОВ,
Адлия вазирлиги
Маъмурий тартиб-таомилларни ривожлантириш
ва мониторингини юритиш бошқармаси бошлиғи

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img