Юридик шахслар жавобгарлиги: доминант – Фуқаролик кодексими ёки Жиноят кодекси?

0

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари сифатида маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш бобида: жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш, алоҳида жиноий қилмишларни декриминаллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлаштириш; маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик суд иш юритувининг процессуал асосларини такомиллаштириш вазифалари белгиланди.

Ушбу вазифаларга қонунларни қайта кўриб чиқиш ва адолатли дунёвий андозаларга мос қонунларни яратиш билан эришилади. Бу конституциявий тамойилларга асосланган ҳолда, инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият эканига алоҳида эътибор қаратишни талаб этади. Ўзбекистон Республикасининг халқаро миқёсдаги нуфузи кун сайин ошиб бормоқда. Халқаро миқёсдаги ютуқларга эришилган мавжуд натижалар ва халқаро ҳуқуқ нормаларининг таъминланиши натижасида эришилади. Механизм сиртдан қараганда жуда оддий: Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳужжатларни имплементация қилиши,  унинг талабларини қонунларимизга сингдириши ва ижроси. Тўғри, Конституцимизнинг муқаддимасидаёқ халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олганмиз. Аммо айнан ўша ерда “инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигимизни” эълон қилганмиз, “ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб” иш кўрганимизни ҳам билдирганмиз. Энг муҳими, давлатимизнинг бош ижтимоий вазифаси – фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсади эканини баён этганмиз.

Моҳиятга кириб борар эканмиз, халқаро ҳужжатларни қонунларимизга сингдирилишида миллий қонунчилик талаблари, миллий манфаатларимиз инкор этилишига ҳам йўл қўйиб бўлмаслигини  айтмоқчимиз. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги  Қонуни қўйган талабга кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир. Бинобарин, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, шунингдек ушбу Қонунга ҳамда халқаро шартномаларнинг ўз қоидаларига мувофиқ тузилади, бажарилади, тугатилади ва уларнинг амал қилиши тўхтатиб турилади.

Ўзбекистон Республикаси “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги 2008 йил 7 июлдаги ЎРҚ–158-сон Қонун билан ушбу конвенцияга айрим билдиришлар, баёнотлар ва шартлар билан қўшилди (Ўзбекистон Республикаси учун 2008 йил 28 августдан кучга кирган). 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни тасдиқланди. Ушбу қонуннинг моҳияти инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг таъминланишида коррупциявий муҳитга барҳам бериш ва унинг олдини олишга қаратилганидадир. Ўзбекистон Республикаси  конвенцияга қўшилиши билан унинг талабларини қабул қилиш вазифасини қонунларимизга сингдириш ва амалий таъминлаш вазифаларини ҳам олади.

Кун мавзусига доир турли давраларда Коррупцияга қарши конвенциянинг 26-моддасидаги “Юридик шахслар жавобгарлиги” масаласи юзасидан ОЭСР (Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти) томонидан “Ўзбекистон Республикасида юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлиги белгиланмаган”, деган эътирозлари бир неча бор таъкидланмоқда. ОЭСР тавсияларида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодексига “Юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлиги”ни киритиш тавсия этилади. Ушбу ташкилотнинг Ўзбекистон Республикасида юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлигини белгилашни тавсия қилишидан қандай мақсад кўзлаганлиги аниқ эмас. Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган тартибга кўра юридик шахсларнинг жавобгарлиги нима учун талабга жавоб бермаслиги ҳақида ҳеч қандай асослар баён қилинмаган, айни вақтда фуқаролик-ҳуқуқий тартибда кўрилишига ҳам эътироз билдирилмаган. Қолаверса, конвенция                    26-моддасининг биринчи қисмида “ҳар бир иштирокчи-давлат ушбу конвенцияга мувофиқ жиноятларда иштирок этганлик учун юридик шахсларнинг жавобгарлигини белгилашда ўзининг ҳуқуқий принципларидан келиб чиққан ҳолда чораларни кўриши”га ишора мавжуд. Конвенция                      26-моддасининг иккинчи қисмига кўра, “иштирокчи-давлатнинг ҳуқуқий принципларига риоя қилган ҳолда, юридик шахсларнинг жавобгарлиги жиноий, фуқаролик ёки маъмурий бўлиши мумкин”. Лексик, семантик нуқтаи назардан чуқур таҳлилга тортилса, бу ўринда “мумкин” – мумкин эмасликни ҳам билдиради. Масалага бироздан кейин яна қайтамиз…

Мамлакатда амалга оширилаётган ва оширилиши лозим бўлган иқтисодий ислоҳотларда қонун чиқарувчи (яъни, давлат)нинг иқтисодий муносабатларга қонуний аралашуви чегараларини аниқ белгилаш, давлат ва бозор муносабатларининг бошқа иштирокчилари ўртасидаги ўзаро иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларни шартномавий тартибига қатъий амал қилиш зарурияти юзага келди. Албатта, бозор муносабатларига ўтиш бўйича республикамизда ўтган даврда давлат ва бозор муносабатларининг бошқа иштирокчилари ўртасидаги иқтисодий, ҳуқуқий алоқаларнинг муайян механизми шакллантирилди ва бунда асосий восита сифатида шартномаларга катта эътибор қаратилди. Бироқ ўтиш даврида мамлакатнинг бозор иқтисодиётига яқинлашиб бориши сари бундай алоқаларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши такомиллашиб бориши ва секин-асталик билан маъмурий тартиб ўз ўрнини фуқаролик-ҳуқуқий институтларга бўшатиб бериши сир эмас.

Шу билан бирга, бозор иқтисодиётининг дастлабки даврларида давлатнинг бош ислоҳотчилик функциясида маъмурий-ҳуқуқий институтларнинг кенг амал қилиш ҳолатлари табиий ҳол сифатида қаралди. Бунда давлат мамлакатдаги турли иқтисодий номутаносибликларни бартараф этишда, ўрта қатлам вакилларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва шу орқали аҳолининг қашшоқлашиб кетишининг олдини олишда маъмурий усуллардан фойдаланишга мажбур бўлди. Бозор муносабатлари муайян маънода шаклланиб боравериши билан иқтисодий муносабатларда давлат иштирокидаги маъмурий тартиб ўз ўрнини – фуқаролик-ҳуқуқий мурватларга бўшатиб бермоқда. Шу маънода юридик шахсларнинг жавобгарлиги доираси, ҳажми ва характерини таҳлил этиш, дискуссияга киришиш ҳам қизиқарли, ҳам манфаатли, ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Аслини олганда, миллий юриспруденцияда, хусусан, фуқаролик ҳуқуқи назариясида юридик шахсларнинг жавобгарлик мақомини белгиловчи доктринани  заиф, деб бўлмайди.

ОЭСРнинг тавсиялари, эҳтимол, Ўзбекистон қонунларининг тўлиқ ўрганилмаганлиги ва конвенция 26-моддаси талабларининг тўғри талқин қилинмаганлиги натижаси бўлиши мумкин. Конвенция 26-моддасининг иккинчи қисмида юқорида қайд этилганидек, жиноий жавобгарлик эмас, балки умуман жавобгарлик ҳақида гапирилади ва ҳар бир иштирокчи-давлат ўзининг ҳуқуқ тизимидан келиб чиққан ҳолда, юридик шахсларнинг жиноий, фуқаролик-ҳуқуқий ёки маъмурий жавобгарлигини белгилаши мумкин экани белгиланган. Асли предмети шу масала бўлган қонун – Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси(ФК)нинг48-моддасида “юридик шахснинг жавобгарлиги” белгиланган. Ўз-ўзидан тушунарли: сўз юридик шахсларнинг фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлиги ҳақида кетмоқда. Унда “юридик шахс ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб беради”, дейилади. Юридик шахсга берилган таърифга кўра, “ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланади” (ФК, 39-модда). Юридик шахслар мустақил баланс ёки сметага эга бўлишлари керак. Ушбу қоидадан  юридик шахснинг қуйидаги ўзига хос белгилари келиб чиқади: ташкилий бирлик, мулкий мустақиллик, мустақил мулкий жавобгарлик, фуқаролик муомаласида ўз номидан қатнашиш. Юридик шахс шундай тузилмаки, унда (муассис, муассисларнинг) ғоя, саъй-ҳаракат ва капиталлари ягона мақсад йўлида бирлашади. Шундан келиб чиқиб, юридик шахсларнинг икки тури фарқланади: тижоратчи ташкилотлар (фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган) ва тижоратчи бўлмаган ташкилотлар (фойда олишни мақсад қилиб олмаган ташкилот).

Юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари унинг ўзига хос Конституцияси бўлиб, у устав (низом) ёки таъсис шартномасидан иборат. Таъсис шартномаси муассислар томонидан тузилади, устав ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

Юридик шахснинг таъсис ҳужжатида унинг номи, жойлашган ери (почта манзили), фаолият мақсади ва предмети, бошқариш, меҳнатни ташкил этиш ва ҳақ тўлаш, шунингдек тегишли турдаги юридик шахслар тўғрисида қонунда назарда тутилган бошқа маълумотлар бўлиши керак.

ФКнинг 55-моддаси (Юридик шахсни тугатиш тартиби)ўн биринчи қисмига кўра, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатиш, шунингдек уларни муассислари йўқлигида тугатиш таомили ва хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Ушбу масала Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон Қарори билан тасдиқланган “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ амалга оширилади. Юридик шахснинг тугатилиши ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиб қўйилганидан сўнг юридик шахсни тугатиш тамомланган, юридик шахснинг фаолияти эса тугаган ҳисобланади. Амалдаги Фуқаролик кодексининг 72-моддаси (Оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси) бешинчи қисмига кўра, “давлат корхонасининг мол-мулки етарли бўлмаганида давлат унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар (лат. subsidiarus – резервли, қўшимча) жавобгар бўлади”. 76-моддаси (Муассасалар) учинчи қисмида назарда тутилган тартиб ва шартлардан муассасанинг фаолияти мулкдор томонидан унинг олдига қўйилган мақсадлари билан белгиланиши ҳақида хулосага келамиз. Яъни, “муассаса ўз мажбуриятлари бўйича ихтиёридаги пул маблағлари билан жавоб беради. Бу маблағлар етарли бўлмаса, тегишли мол-мулкнинг эгаси унинг мажбуриятлари юзасидан субсидиар жавобгар бўлади”. Шуниси муҳимки, давлат корхонаси таъсисчининг, яъни давлатнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди.

Ҳа, умумий қоидага кўра, юридик шахс қарздор сифатида мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредиторга етказилган зарар (бунда зарар фуқаролик ҳуқуқида икки таркибий қисмдан: ҳақиқий зарар ва бой берилган фойдадан иборат бўлишини ҳам унутмаслик лозим – муаллифлар)ни тўлайди, йўқ, тўлаши шарт (ФК, 324-м.). Юридик шахслар характерига кўра, пул мажбуриятини бажармаганлик учун жавобгар бўлиши мумкин, солидар, субсидиар, учинчи шахсларнинг ҳаракатлари учун қарздор юридик шахс жавобгар бўлиши мумкин.

Деликт мажбуриятларда фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, юридик шахс ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказган зарарни ҳам қоплайди. Баъзан чекланган жавобгарлик қўлланилиши мумкин. Бироқ…

Дарвоқе, ўз даврида академик устоз Ҳ.Раҳмонқулов “фуқаролик ҳуқуқи предмети мулкий ва мулк билан боғлиқ муносабатлардан ташкил топар экан, бундай муносабатларни тартибга солиш методи биринчи галда тарафларнинг ҳуқуқий тенглигига асосланади, иккинчидан, ҳуқуқ ва мажбуриятлар бузилганлиги учун жавобгарлик тарафларнинг шахсига эмас, балки мулкига нисбатан қаратилади. Бундай жавобгарлик зарар етказилган ва уни ундириш учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган сабаблар юз берган тақдирда ўз ҳаракатлари билан ҳуқуқни ва мажбуриятни бузган шахс зиммасига ҳар қандай шароитда юклатилади”, – деганди.

Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни                    4-моддасининг янги таҳририга кўра, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги:

агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса – олти ой ичида бажарилмаган бўлса;

агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини ташкил этса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини ташкил этса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса, қарздорнинг банкротлик аломатлари ҳисобланади[1].

Юридик шахслар жавобгарлигига доир ҳуқуқдаги новеллалар Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августдаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунининг “Шартномавий мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик” деб номланган 5-бобида ҳам ўз аксини топган. Айниқса, “Шартнома мажбуриятларини бузганлик учун мансабдор шахснинг жавобгарлиги”га бағишланган 35-модда кун мавзусини жиддий ёпади. Яъни, шартнома мажбуриятлари хўжалик юритувчи субъект мансабдор шахсининг айби билан бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган, унинг томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулки мақсадга номувофиқ фойдаланилганлиги аниқланган, тўлов интизоми бузилган, хўжалик юритувчи субъект банкротликка дучор қилинган ёки шартнома муносабатлари соҳасида бошқа қоидабузарликлар содир этилган тақдирда, хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 45 ва 48-моддаларига мувофиқ фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликка, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 175, 1761, 1762, 212 ва 214-моддаларига мувофиқ маъмурий жавобгарликка, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 175, 181, 186, 205, 207 ва 209-моддаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин[2].

Яна бир мулоҳаза. Конвенциянинг 26-моддаси бўйича аъзо давлатларда жавобгарлик масалаларини ҳам ўрганиб чиқиш керак. Жумладан, юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлигини фақат Литва (Юридик шахсларнинг фаолиятини чеклаш, ЖК, 52-м.), Молдова (Жиноят субъекти, ЖК, 21-м.), Украина (Юридик шахсларга қўлланиладиган чоралар, ЖК, 961-9611-мм.), Франция (ЖК, 121-2-м.)да жиноятнинг субъекти сифатида назарда тутилганини кўриш, Қирғизистон Жиноят кодексида эса жиноятнинг субъекти бўлмаслиги нормаланган ҳолда,жиноий-ҳуқуқий характердаги чоралар қўлланилиши белгиланган (ЖК, 26-модда учинчи қисм). Шахсни жиноят субъекти сифатида эътироф этмай туриб, унга нисбатан мажбурлов чораларини қўлланилиши чора эмас, аксинча ноқонуний жазо ҳисобланади. Шахс буни жазо сифатида қабул қилади, унинг чора деб аталиши моҳиятаннотўғридир. Қолаверса, унутмаслик керакки, жиноят иши шахсга (бу ўринда шахс – индивид, жисмоний шахс) ва фактга нисбатан қўзғатилади. Ушбу давлатлар қонунларида юридик шахслар жиноий жавобгарлигининг назарда тутилганлиги ҳали амалиётнинг тўғри қўлланилаётганини англатмайди. Бу чуқур, тизимли таҳлилларга муҳтож.

Хориж давлатларида юридик шахсларнинг жавобгарлиги асосан фуқаролик-ҳуқуқий қонунларда белгиланганини кўриш мумкин. Жумладан, Озарбойжон (ФК, 52-м., Юридик шахснинг жавобгарлиги – ЮШЖ), Арманистон (ФК, 60-м., ЮШЖ), Беларусь(ФК, 52-м., ЮШЖ), Грузия (ФК, 38-м., ЮШЖ), Молдова (ФК, 57-м., ЮШЖ), Қозоғистон (ФК, 44-м., ЮШЖ), Россия (ФК, 53-м., ЮШЖ), Украина (ФК, 96-м., ЮШЖ), Туркманистон (ФК, 2-боб Юридик шахслар) ва ҳ.к. Ушбу давлатлар ҳам Коррупцияга қарши конвенцияни ратификация қилганлигига қарамай, юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлигини Жиноят кодексларига киритмаган.

Юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлигини Жиноят кодексига киритилишидан қандай натижага эришиш мумкин?

Юридик шахслар жавобгарлигининг жиноий-ҳуқуқий белгиланиши муайян салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Жумладан, юридик шахсларнинг жавобгарлигини жиноий тарзда белгиланиши билан амалда қўлланилаётган чоралардан ташқари, ҳеч қандай чораларни таклиф қилиб бўлмайди, юридик шахсларга иқтисодий (аввалги хўжалик) судлар томонидан жарима, фаолиятини тўхтатиб қўйиш, юридик шахсни банкрот деб топиб, тугатиш чораларини қўллаб келинади. Ушбу чораларни Жиноят кодексида белгиланишида бундан оғир чорани таклиф қилиб бўлмайди. Юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлиги белгиланиши натижасида  қуйидаги ташкилий, иқтисодий ва ижтимоий салбий оқибатларнинг келиб чиқиш эҳтимоли жуда юқори:

  • юридик шахс мақомига эга бўлиб тадбиркорлик фаолияти юритаётган минглаб субъектларнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши салмоқли бўлиб, улар меҳнатга лаёқатли аҳолининг катта қисмини қамраб олган – ижтимоий портлаш юз бериши эҳтимоли мавжуд;

  • ҳолат судларнинг ихтисослашувида номутаносибликларга ва ишларнинг кўрилишида сифат кўрсаткичларининг салбий томонга ўзгаришига олиб келиши мумкин. Юридик шахсларнинг жавобгарлиги кўрилишида судловга тааллуқлилик масалаларида ҳам муаммолар туғилади, иқтисодий судларга нисбатан жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жавобгарлик масалаларига доир ишлар сифатли кўрилишига путур етиши мумкин. Амалда иқтисодий судлар айнан юридик шахсларнинг жавобгарлигини кўрадилар, жиноят ишлари бўйича судлар ушбу ишлардан ташқари бошқа жиноят ишларини ҳам кўришлари керак;

  • бу ҳол олиб борилаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг эркинлиги сиёсатига ҳам зид бўлиб, тадбиркорлик субъектларининг репрессив жавобгарлиги оқибатларига ҳам олиб келади. Шунингдек, юридик шахсларнинг жавобгарлигини жиноий-ҳуқуқий тарзда белгиланиши юридик шахсга нисбатан бизнес-ҳамкорлараро ишончсизлик келиб чиқишига, ҳамкорлар камайишига, охир-оқибатда банкротликка ҳам олиб келиши мумкин. Бу юридик шахсда ишлаётганходимларнинг иш ўринлари йўқолишига, ишсизликка сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2021 йил 3 февралдаги “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–6155-сон Фармони “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари”нинг 2.2.-бандида “Юридик шахсларнинг молиявий жавобгарлиги институтини қайта кўриб чиқиш” белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида 1995-1996 йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси “ўтиш даври”нинг кенг кўламли ўзгаришларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнагани ва мамлакатда бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратишга имкон бергани белгиланиб, бундан буён ҳам фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик институтини такомиллаштириш, жумладан, зарарни қоплашнинг адолатли тартибини таъминлаш назарда тутилди.

Шу сабабли мазкур масаланинг қонуний ечимини топишда ҳеч шубҳасиз, миллий манфаатларимиз устувор бўлиши ҳамда ҳуқуқ тизимимизнинг хос хусусиятлари ҳисобга олиниши лозим.

Баҳром Ахраров,
юридик фанлар доктори,
Юристлар малакасини ошириш маркази профессори

Миродил Баратов,
юридик фанлар доктори,
Тошкент давлат юридик университети профессори