Юридик таълим ва фан такомиллашуви интеллектуал мулк соҳасига ҳам ўз таъсирини кўрсатади

155

Давлатимизда олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинган. Мазкур концепция олий таълим тизимини ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 11 июлдаги “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.

Концепция Ўзбекистон Республикасида олий таълимни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда соҳага оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб ҳизмат қилмоқда.

Концепцияда Олий таълим тизимининг ривожланишининг умумий стратегик мақсадлари  сифатида қуйидагилар белгиланган:

* мамлакатни модернизация қилиш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, инсон капиталини меҳнат бозори талаблари асосида ривожлантириш;

* олий таълим билан қамров даражасини ошириш, халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрлар тайёрлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини намоён этиши ва маънавий баркамол шахс сифатида шаклланиши учун зарур шарт-шароит яратиш;

* соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, унинг жозибадорлигини ошириш, жаҳон миқёсидаги рақобатбардошлигини таъминлаш.

Узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, олий таълим тизимини ривожлантириш қуйидаги устувор йўналишлар асосида амалга оширилади:

* олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш;

* таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этиш;

* олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш;

* маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар таъсирчанлигини ошириш;

* юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш;

* олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги ва барқарорлигини таъминлаш, моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш;

* олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва бошқарув фаолиятини такомиллаштириш;

* коррупцияга қарши курашиш, шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш;

* олий таълим тизимининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро миқёсда танилиши ва рақобатбардошлигини таъминлаш.

Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда айнан миллий юридик таълимни ривожлантириш бўйича ҳам ўқув-педагогик жараёнга инновацион илғор ва халқаро таълим стандартларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва профессор-ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш, шунингдек, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашни назарда тутадиган юридик таълим тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди ва сезиларли ижобий натижаларга эришилди.

Лекин, шуни таъкидлаш жоизки, юқори малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш ва мамлакатда юридик фанни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги сабабли миллий юридик таълимнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадга мувофиқ.

Миллий юридик таълим ривожидаги революцион ҳужжат

Жумладан, юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида рақобатнинг мавжуд эмаслиги миллий юриспруденция илмий мактабининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатмоқда, шунингдек, ҳудудлардаги иқтидорли ёшлар учун тенг таълим олиш имкониятларини чекламоқда.

Ҳуқуқ соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалий жиҳатдан жорий этиш, ўқитишнинг илғор услубларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, замонавий талабларни инобатга олган ҳолда таълим стандартларини модернизациялаш ва ўқув дастурларини қайта кўриб чиқишга етарли эътибор берилмаяпти, бу эса юридик таълим сифати ва илмий салоҳиятнинг пасайишига олиб келмоқда.

Юқоридигилардан келиб чиққан холда, миллий юридик таълим ва фан тизимини тубдан такомиллаштириш, уларнинг халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошлигини таъминлаш, юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Ушбу Фармонни миллий юридик таълимдаги революцион ҳужжат сифатида эътироф этилиши ўринлидир. Чунки ушбу Фармон миллий юридик таълимни халқаро стандартлар даражасига тенглашишига, рақобатбардош малакали юридик кадрларни тайёрлаш ҳамда дунё мамлакатларидан кўплаб ҳорижий талабаларни жалб этишга, нуфузли ҳорижий юридик олийгоҳлари билан академик алмашинув ва қўшма илмий ҳуқуқий тадқиқотларни ўтказишга катта имкониятлар очиб берди. Ушбу сифатлар қуйидаги Фармонда белгиланган юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларида намоён бўлган:

замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш;

ўқитишнинг кредит-модуль тизимини ва талабалар билимини баҳолаш усулларини такомиллаштириш, ўқув жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ҳамда ўқув базасини модернизациялаш;

клиник юридик таълимни ривожлантириш йўли билан ўқув жараёни ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасида узвий алоқани таъминлаш;

ривожланган хорижий давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни, қўшма ҳуқуқий тадқиқотларни, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўзаро алмашинувини фаоллаштириш;

ахборот ҳуқуқий технологиялар ва тизимларни (Legal Tech) ишлаб чиққан ҳолда давлат ва ҳуқуқ соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш;

хорижий ҳамкорлар билан биргаликда юридик кадрларни тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини (double degree) амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш;

“Электрон университет” (E-University) тизимини жорий этган ҳолда очиқ, шаффоф, субъективлик ва суиистеъмолчиликлардан холи бўлган таълим муҳитини яратиш;

ТДЮУ ва юридик факультетларни халқаро тан олинган таълим муассасалари рейтингига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш орқали миллий юридик таълим рақобатбардошлигини ошириш.

Тошкент давлат юридик университети фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”да ТДЮУни 2030 йилгача халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингларидаги энг яхши олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш бизнинг энг асосий мақсадларимиздандир. Бунинг учун биз олдимизга бир қатор вазифаларни қўйганмиз, жумладан, энг замонавий  янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмалари туркумини амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни инобатга олиб, хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда тайёрлаш, шунингдек, мамлакатдаги ислоҳотларнинг замонавий босқичи эҳтиёжлари ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ўқув режалари ва дастурларини янгилаш ва қайта кўриб чиқиш, энг долзарб эҳтиёжманд фанлардан тайёрлов ва қисқа муддатли курслар, шунингдек, ёзги ва қишки мактаблар ташкил этиш, шу жумладан, чет эл фуқаролари учун; Ҳуқуқ соҳасидаги халқаро маълумотлар базаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, ТДЮУ ўқув жараёнига масофавий ўқитиш платформасини жорий этиш бошқа яна кўплаб вазифалар қаторида белгиланган.

Дунёдаги энг даромадли юристлар интеллектуал мулк соҳасида ишлаган ҳуқуқшунослардир

Фармондаги устувор вазифаларлардан бири, бу — Тошкент давлат юридик университети дунё бозорларида эҳтиёжи баланд, рақобатдардош юридик соҳа мутахассисларини етиштириши, ушбу соҳалардаги мавжуд муаммолар асосида илмий ишлар олиб бориш, ва илмий ишлар натижаларини дунё бозорига татбиқ этиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорлик олиб бориш. Хусусан, интеллектуал мулк соҳаси дунёнинг энг илғор мамлакатларида энг даромадли соҳа ҳисобланади. Халқаро ташкилотлар статистикасига кўра, дунёдаги энг юқори даромад ва ҳизмат ҳаққи айнан интеллектуал мулк соҳаси юристларида қайд этилган экан. Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда Президентимиз томонидан интеллектуал мулк соҳасига катта эътибор қаратиляпти. Жумладан, иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш, унинг рақобатбардошлигини таъминлаш, фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилган шароитларни яратиш, интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва уларнинг қаторига интеллектуал мулкни дунё бозорларида химоя қилишга қодир юридик кадрлар етиштириш киритилган. Бунинг сабаби шуки, инсон капиталидан самарали фойдаланиш, яратилган интеллектуал мулк объектларини тижоратлашув жараёнига кенг жорий этиш ва соҳани иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айлантириш каъби вазифалар – жаҳоннинг иқтисодиёти ривожланган давлатлари қаторига киришимиз учун энг муҳим кўрсаткичлардан биридир. Маълум, Ўзбекистон Республикаси ички бозори, инфратузилмаси йирик халқаро ва хорижий инвесторларга инвестицион жозибадор бўлиши учун, энг асосий шартларидан бири, бу — юртимизда интеллектуал мулкнинг ҳимояланганлигидир. Чунки улар ўз маблағлари, маҳсулотлари, товар белгиларини самарали ҳимоясини талаб қиладилар.  Бунинг учун, бир тарафдан, халқаро стандартларга жавоб берадиган қонуний база яратилганлиги талаб қилинса, иккинчи тарафдан интеллектуал мулк соҳаси бўйича кучли юристлар мавжудлиги талаб қилинади.  Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ўта мураккаб жараённи босқичма-босқич амалга ошираётган бир вақтда, Жаҳон савдо ташкилотининг Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо жиҳатлари бўйича Битими талабларини бажариш мажбуриятимизга нигоҳ ташлар эканмиз, интеллектуал мулк соҳаси қанчалик ривожланиши кераклиги, қанчадан-қанча халқаро майдонда интеллектуал мулкни ҳимоя қилишга қодир бўлган малакали юридик кадрларга эхтиёжимиз баландлигига амин бўлишимиз мумкин.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, интеллектуал мулк соҳаси бўйича юридик кадрларни тайёрлаш бўйича сўнги йилларда кўплаб ишлар амалга оширилди ва бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Ҳусусан, Президентимизнинг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Тошкент давлат юридик университетида Интеллектуал мулк кафедраси очилди. 2019 йилнинг ўзидаёқ “Ҳуқуқ ва интеллектуал мулк” алоҳида магистратура мутахассислиги ҳам очилди. Шу баҳорги семестр якунида ушбу магистратура мутахассислигининг биринчи битирувчилари ўз диссертацион тадқиқотларини муваффақиятли ҳимоя қилмоқдалар, ва кейинчалик ҳам илмий ишларини шу соҳа бўйича давом эттириб ҳамда ТДЮУ интеллектуал мулк мактаби давомчилари — ёш илғор мутахассислар сифатида етишиб келмоқдалар. Ҳозирги кунда ҳам, Фармонда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида, кредит-модуль тизимини, масофавий таълим ташкил этишда контент яратиш, янги авлод дарсликларни яратиш бўйича Интеллектуал мулк кафедрасида ҳам жадал иш кетмоқда. Энг илғор хорижий давлатлар тажрибаси, кредит-модуль тизимида энг юқори натижаларга эга бўлган олийгоҳларнинг ўқув дастурлари, фан дастурлари, дарсликлари ўрганилиб таҳлил қилинди ва шулар натижасида ҳамда Фармон талаблари асосида янги ўқув контенти яратилмоқда. Ундан ташқари, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти мутахассислари билан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлиги билан ҳамкорликда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан ТДЮУга тақдим қилган масофавий курсларни ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда миллий интеллектуал мулкка мослаштириш ишлари олиб борилмоқда. Курслар тайёр бўлгач, ТДЮУ электрон платформасига жойлаштирилади ва фойдаланишга очиқ бўлади. Бундан ташқари, кўплаб илғор хорижий мутахассислар билан ҳаммуалифликда Интеллектуал мулк сохасидаги янги авлод дарсликлари яратилмоқда. Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти вакиллари билан ТДЮУ томонидан интеллектуал мулк  ўргатиш бўйича ёзги ва қишки мактаблар ташкил этиш, ташкилот мутахассиларни ТДЮУдаги қиска ўқув курслар ҳамда мастер-классларга жалб этиш, ТДЮУ талаба ва ўқитувчиларини  Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти академиясига мунтазам равишда ўқишга ва малака оширишга юбориш масалалари устида иш олиб борилмоқда. Агар шу кунга қадар интеллектуал мулк модуль фанлари фақат магистратура ўқув режасига киритилган бўлса, то келаси ўқув йилдан бошлаб бакалаврларни ҳам укув режаларига интеллектуал мулк модуль-фанлари киритилиши режалаштирилган.

Шубҳасизки, Тошкент давлат юридик университети Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини ўз вақтида ҳамда самарали амалга ошириш бўйича барча имкониятларидан кенг фойдаланиб, яқин даврларда ўзининг юқори кўрсаткичларини намоён этади.

Нозимахон ГАФУРОВА,
 Тошкент давлат юридик университети
 Интеллектуал мулк кафедраси мудири, (PhD), доцент

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг