Замонавий технологиялар суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади

0

Сир эмаски, жамият ҳаётининг барча соҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этиляпти. Судлар фаолияти ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Бунинг натижасида фуқаролар, қолаверса, тадбиркорлар ҳам ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга бемалол мурожаат қила оляпти.

Маълумки, Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизимда янгиланишлар жараёнини изчил давом эттиришни кўзда тутиб қабул қилинди. Унга кўра фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига судлар томонидан кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари янада кенгайтирилиши назарда тутилди.

Эндиликда ҳар бир фуқаро ўз мурожаатини кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бора олади. Суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.

Судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилаётган эди. Айнан шунинг учун судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш мақсадида вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имконияти жорий этилмоқда. Шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш мумкин бўлади. Айни пайтда суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш ҳам назарда тутилган.

Энг асосийси жорий йил 1 октябрдан эътиборан барча иштирокчилар суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул  хабардор қилинади. 2022 йил 1 январдан эса суд қарорлари иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилиши белгиланган.

Бу каби замонавий технологияларни судлар фаолиятида кенг жорий этиш фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш баробарида, уларнинг одил судловга эришиши ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

Абдурасул Миножиддинов

жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси

Аввалги мақолаЎзбекистондаги суд ислоҳотлари Index of Economic Freedom 2021 йилги ҳисоботида эътироф этилди
Кейинги мақолаНега аёллар байрами айнан 8 мартда нишонланади?