“ZOOM” — онлайн мулоқотга қулай платформа

0

Юртимизга COVID-19 касаллиги кириб келганлиги сабабли 16 мартдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотлари, ўрта таълим мактаблари, олий таълим муассасаларига карантин эълон қилинди. Ташкилотларга мажлислар ўтказиш бўйича чекловлар ўрнатилди. Энди кўпчилик онлайн мулоқот, масофавий таълим олиш учун махсус платформага мурожаат қилишга тўғри келмоқда. Айнан шуни инобатга олиб сизга шундай дастурлардан бири бўлган “ZOOM” платформасининг имкониятларини тушунтириб берамиз.

Ўқишлар вақтинча тўхтатилганлиги сабабли барча масофавий таълимга бирин-кетин ўтмоқда. ОТМларда эса бу жараёндан унумли фойдаланиш мақсадида кўпчилик телеграм тармоғида махсус фаннинг гуруҳларини очишмоқда. Албатта, телеграм тармоғи онлайн видео мулоқот учун бироз ноқулай фақат бир дақиқалик видео хабарлар жўнатиш мумкин холос. Ҳар бир ўқитувчининг ёки талабанинг бир дақиқалик видеосини очиш учун бир дарс соати етмай қолиши табиий! Телеграм тармоғида файллар алмашуви ва ёзишмалар учун қулайлиги барчага маълум. Энди, ҳозирги кунда актуал дастур ҳисобланган “ZOOM” платформаси ҳақида гаплашсак, онлайн мулоқот учун жуда қулай платформа. Барча бир вақтнинг ўзида бир-бирини кўрган ҳолда мулоқот олиб бориши мумкин. Керак пайти микрофон ва камералар ўчирилиб тақдимотлар (сурат, ҳужжат в.ҳлар) ҳам берилиши мумкин.

Платформадан қандай фойдаланиш мумкин

Агар онлайн конференция шахсан ўзингиз уюштирмоқчи бўлсангиз (сизнинг компьютерингиз, планшетингиз ёки мобил телефонингиз орқали) албатта “ZOOM” платформасида рўйхатдан ўтган бўлишингиз лозим.

Рўйхатдан ўтишнинг уч хил йўли мавжуд “facebook” ижтимоий тармоғидаги мавжуд профилингиз орқали, “Google” почтаси орқали ёки ўзингиз танлаган бошқа бир почтангизни ва исм-шарифингизни киритиб рўйхатдан ўтишингиз мумкин. Бунда, сиз ихтиёрий киритган почтангизни манзилини ва хавфсизлик паролини ёддан билишингиз шарт. Сиз киритган почта манзилига рўйхатдан ўтишни тасдиқлаш учун хабар боради сўнгра махсус ҳавола орқали уни фаоллаштирасиз. Ва сиз “ZOOM”нинг доимий фойдаланувчиси бўлиб қоласиз. Рўйхатдан ўтганингиздан сўнг дастурга бириктирилган сизнинг махсус манзилингиз ва платформадаги шахсий ID идентификация рақамингиз бўлади.

Рўйхатдан ўтмай туриб мулоқотда бўлиш

Агар сиз конверсияда қатнашувчи бўлсангиз (ўзингиз ташкил қилмасангиз маърузачи, ўқитувчи в.ҳ) бўлмасангиз биз айтган босқичларни босиб ўтишингиз шарт эмас. Мисол учун, сиз бирон-бир онлайн дарсга ёки мажлис, мулоқотга “ZOOM” платформаси орқали таклиф қилинаётган бўлсангиз сизга махсус ҳавола (link) ёки конференциянинг ID идентификация рақами (мобил телефонга, почта ёки телеграм тармоғидаги рақамингизга жўнатувчи ва сизнинг хоҳишингизга кўра) тақдим қилинади ва сиз мазкур конференцияга шу йўллар орқали кириб қатнашасиз.

Платформанинг қулайликлари

Онлайн конференцияни олдиндан, қайси санада, соат нечадан бошлаб ишга тушишини белгилаб қўйингиз мумкин бўлиб, биргина сиз орқали амалга оширилган онлайн мулоқотни 100 нафар одам кузатиб бориши мумкин. Агар онлайн мулоқотда қатнашувчилар сони 3 нафардан ошмаса сизнинг мулоқотингиз узилиб қолмайди (бу платформанинг лимити ҳисобланади) сизнинг мобил телефонингиз ёки уланиб олган интернет тармоғингиз алоқадан узилиб қолиши ёки бошқа ҳоллар бу лимитга кирмайди. Яна бир жиҳати шундаки, мулоқотга кечиккан қатнашчиларни мазкур онлайн конференцияга боғланишига чеклов қўйишингиз мумкин улар аввалдан махсус ҳавола ёки шахсий ID идентификация рақамингизни билсалар ҳам. Шунингдек, мулоқотни ёзиб олишингиз ва суратга олиб (screenshot) қилиб қўя оласиз.

“ZOOM”нинг бироз ноқулайлиги

Агар онлайн мулоқотни 3 нафардан ортиқ 100 нафаргача бўлган қатнашчилар билан ўтказмоқчи бўлсангиз сизга берилган онлайн мулоқотнинг лимити 40 дақиқани ташкил этади. Ҳар 40 дақиқада онлайн мулоқот платформа томонидан автоматик тарзда тўхтатилади ва онлайн қатнашчиларни янги мулоқотга бошқатдан киришилари керак бўлади. Бу ҳолат онлайн дарслар жараёнида бу бироз ноқулайлик туғдириши табиий. Бу лимитни олиб ташлангиз учун халқаро карталар орқали платформа белгилаб берган таърифлардан бирини танлаб улар белгилаб берган халқаро валютада пул тўлаб ўзгартишингиз мумкин. Яна қайтариб ўтамиз, 3 нафаргача бўлган онлайн мулоқотчиларга бундай чекловлар йўқ. Сиз уланиб олган интернет тармоғи узилмагунча онлайн мулоқот ҳар 40 дақиқада тўхтамайди. Фақат бу платформадан барча бирдек фойдалана олиши ҳаммаси ИНТEРНEТ сифатига боғлиқ. Шаҳар марказларидан четроқ ёки антенна узоқроқ ҳудудда яшайдиганлар учун уланиш ҳам қийин бўлиши табиий. Оддийгина телеграм тармоғидаги биргина хабарни ҳам жўната олмайдиган ҳудудлар республикамизда талайгина.

Республикада жорий қилинган карантин ниҳоясига етгунга қадар, айни ҳозирги шароитда ахборот технологиялари ёрдамида вақтдан унумли фойдаланиб ўз иш фаолиятимизни, таълим олишимизни узликсиз масофадан туриб бажаришимиз мумкин. Зеро, уйда қолиб яқинларимизни, мамлакатимизни бу синовли дамлардан ўтиб олишига ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Жасур ТОЖИБОЕВ

Аввалги мақолаМарказий ҳарбий округ қўмондонлиги карантиндаги шифокорлар ҳолидан хабар олди (+фото)
Кейинги мақолаСабр ва саховат бугун сув ва ҳаводек зарур!