Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон1 февралдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

1 февралдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Электрон адвокатлик ордерини бериш амалиёти йўлга қўйилади

2023 йил февралдан адвокатлик тузилмалари адвокатларга муайян ишни олиб бориш учун бериладиган анъанавий шаклдаги ордер мақомига тенг бўлган махсус QR-код қўйилган “Электрон адвокатлик ордери”ни бериш амалиётини йўлга қўяди.

Ордер муқобиллик асосида қоғоз шаклда расмийлаштирилганида, ушбу ордер ҳақидаги маълумотни “Юридик ёрдам” ахборот тизимига киритиш мажбурий ҳисобланади.

Адвокат сўрови шаклига қўйилган талаблар, шу жумладан унга ордернинг кўчирма нусхасини илова қилиш, ордерни қайд этиш дафтарини юритиш талаблари бекор қилинади.

Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари Савдо-саноат палатаси аъзолигига текин қабул қилинади

2023 йил 1 февралдан бошлаб микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари палата аъзолигига, аъзолик ва кириш бадалларидан озод қилинган ҳолда текин қабул қилинади.

Қонунда назарда тутилган палата томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган қўшимча пуллик хизматлар бундан мустасно.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар аъзо сифатида рўйхатга қўйиш учун Палатага электрон тизим орқали юборилади.

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ҳудудий жамоат фондлари ҳисобидан Палатанинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ, мос равишда Палата ва унинг ҳудудий бўлинмаларига давлат субсидиясини ажратиш тизими жорий этилади.

100 миллион сўмгача бўлган заргарлик буюмларини божхона декларациясини тўлдирмасдан олиб чиқиш мумкин бўлади

1 февралдан бошлаб 2026 йил 1 февралга қадар “Навоий кон-металлургия комбинати” ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” томонидан ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металларни биржа савдоларида сотишда тадбиркорларга чегирмалар берилади.

Чегирмалар қуйидаги тартибда тақдим этилади:

100 дан 300 тагача иш ўринларини яратган тадбиркорлик субъектларига – Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг эрталабки фиксинг нархининг 1 фоизи миқдорида;

300 дан 500 тагача иш ўринларини яратганларга – 2 фоизи миқдорида;

500 дан 1000 тагача иш ўринларини яратганларга – 3 фоизи миқдорида;

1000 та ва ундан ортиқ иш ўринларини яратганларга – 4 фоизи миқдорида.

Бундан ташқари, шу йилнинг 1 февралдан бошлаб, резидент ва норезидент жисмоний шахслар қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан ташқарига олиб чиқиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агарда заргарлик буюмлари 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлса йўловчи божхона декларацияси асосида олиб чиқилади.

2023 йил 1 февралдан бошлаб аффинаж корхоналари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар қимматбаҳо металлар ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган хомашёни божхона ҳудудида қайта ишлаш, божхона режимига жойлаштириш ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган қайта ишлаш маҳсулотларини ташқарига олиб чиқишда махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия олиш мажбуриятидан озод этилади.

Айрим постларда «Яшил» ва «Қизил» тамойили асосида автотранспортлар ҳаракатланиши йўлга қўйилади

Қуйидаги йўл-патруль хизмати стационар постларида автотранспортларнинг “Яшил” ва “Қизил” йўлак тамойили асосида ҳаракатланиш тартиби жорий этилади:

🔹Андижон вилоятининг 45-ЙПХ стационар постида;
🔹Тошкент шаҳрининг “А.Турбонов”, “Эркин”, “Бектемир”, “Шарқ” ЙПХ стационар постларида.

Педагог кадрлар тайёрлашда халқаро доирадаги илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади

2022–2026 йилларда педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича йўл харитасига асосан, хорижий олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари билан ҳамкорликда халқаро доирадаги илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш йўлга қўйилади.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз