Бош саҳифаМуҳим14 ёшгача бўлган болали оилаларнинг ҳаммасига нафақа...

14 ёшгача бўлган болали оилаларнинг ҳаммасига нафақа берилиши керакми?

14 ёшгача бўлган болалар нафақаси ҳаммага берилиш керакми? Акам ва келинойим ҳеч қаерда ишламайди. Давлат ишида ишламайдиганларга 14 ёшгача нафақа пули  берилмайди дейишди. Шу тўғрими?

— 2 ёшгача, 14 ёшгача болали оилаларига нафақа ва моддий ёрдам кам таъминланганларга берилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 8-бандида “Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.” деб кўрсатилган.
Бундан ташқари,  Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 3-иловасининг 19-бандининг д-кичик бандида даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида меҳнат органларига мурожаат қилмаган ва ҳисобда турмаган ёки ҳақи тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжудлиги сабабли ариза рад қилиниши белгилаб қўйилган. Акангиз ва келинойингиз ишламаганлиги сабабли 14 ёшгача болали оилаларга бериладиган нафақа олиш бўйича берган аризалари рад қилинади. Шу сабабли акангиз ва келинойингиз биринчи навбатдан Ўзбекистон Республикаси “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунига асосан туман бандликка кўмаклашиш марказига ариза билан мурожаат қилиб ишсиз сифатида рўйхатдан ўтгандан сўнг МФЙ раисини номига 14 ёшгача болали оилаларга бериладиган нафақа олиш бўйича ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Саволга «Мадад» ННТ масъул ходими Аброр Эзозонов жавоб берди.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз