Бош саҳифаМуҳим2 июль – Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби...

2 июль – Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қабул қилинган кун

«Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби гуллаган водий узра чарақлаб турган қуёш тасвиридан ҳамда сўл томонида буғдой бошоқлари, ўнг томонида очилган пахта чаноқлари суврати туширилган чамбардан иборат.

Гербнинг юқори қисмида республика жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган: саккиз қирра ичида жойлашган ярим ой ва юлдуз мусулмонларнинг қутлуғ рамзидир.

Гербнинг марказида ҳиммат, олижаноблик ва фидойилик тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб турибди. Ушбу рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди.
Гербнинг пастки қисмида республика Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бандига «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.

«Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзи ҳисобланади.

Давлат гербининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.

Ушбу Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари томонидан ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши устидан назорат эса ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

Расулбек ИБРАГИМОВ,
Хоразм вилоят адлия бошқармаси
етакчи маслаҳатчиси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз