Бош саҳифаЭ-мутолаа“Инсон ва қонун” газетаси20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги ўтказилади

20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги ўтказилади

Шу йилнинг 20-28 февраль кунлари мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, прокуратура, адлия, Омбудсманнинг ҳудудий вакиллари ва судлар ҳамкорлигида “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги ўтказилади. Мазкур ҳуқуқий тадбир Президентимизнинг 2023 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилмоқда.

Ҳафталик доирасида барча маҳаллаларда “Судья ва ёшлар” тарғибот учрашувлари, таълим муассасаларида эса “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида маърифат ҳамда ахборот соатлари ўтказилиши режалаштирилган. Биз судьялар бунда фаол иштирок этишимиз шарт.

Эътироф этиш керак, инсонпарварлик давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг бош мақсадига айланган. Бу борадаги ислоҳотлар эса инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштиришни тақозо этди. Президентимизнинг айни қарори ана шу олий мақсадга қаратилган.

Юқоридаги қарор билан илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш, шунингдек халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури” ҳамда дастурни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Натижада Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия мунтазам мониторинг ўтказиб, “йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ҳамда тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб бориш, доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотнинг расмий веб-саҳифаларда ва оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш, ҳар ярим йилда Президент ва Олий Мажлис палаталарига умумлаштирилган маълумот киритиш, ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрланиши, хорижий тилларга таржима қилиниши ва эълон қилинишини таъминлаш каби вазифаларни амалга оширади. Олий Мажлис палаталари эса Миллий таълим дастури ва “Йўл харитаси”нинг ижросини танқидий муҳокама қилиб боради. Шунингдек, келгуси ўқув йилидан бошлаб аниқ рўйхати шакллантирилган профессионал ва олий таълим ташкилотларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилади.

Қолаверса, 2023 йил 1 июндан бошлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ҳар йили “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилади. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида эса ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилади. Шу билан бирга, 2023 йил 1 апрелга қадар ушбу йўналишларда туркум қўлланма ва рисолалар тайёрланиб, чоп этилади.

Ушбу қарорнинг яна бир  эътирофга молик жиҳати шундаки, 2023 йил 1 мартдан бошлаб доимий равишда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари, 2023 йил 1 майдан эътиборан эса раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари) ташкил этилади.

Миллий комиссия таклифига биноан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар йўналиши ташкил этилиб, улар бу борадаги тизимлашган илмий-ҳуқуқий, услубий манбалар, халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари, халқаро нашрлар ва хронология материаллар билан доимий, тизимли равишда таъминлаб борилади. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган кўрик-танловларда аёллар, бола ва ёшлар ҳуқуқлари масалалари қамраб олинишидир. Бу эса ҳамюртларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга, бир сўз билан айтганда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Нодиржон КИМСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз