Президент фармони билан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.
Давлат дастури жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинган эди. Дастур муҳокамаларда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган.
Давлат дастурида аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2023 йилда хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмлари 1,6 бараварга оширилиб, 90 мингга етказилади.
32 минг нафар фуқарога ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратилиши белгиланди.
Энди уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилади.
Халқаро ва маҳаллий фонд биржаларида “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖнинг ипотека облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш учун компаниянинг устав фонди 100 миллион АҚШ доллари эквивалентига етказилади.
Бунда, ипотека облигацияларини жойлаштириш ҳисобига жалб қилинган маблағлар ипотека кредитлари учун ресурс сифатида банкларга жойлаштирилади.