Бундан бир неча йил аввал гарчи “ягона дарча” тамойили йўлга қўйилган бўлса-да, давлат хизматларини кўрсатишнинг миллий тизими мақтанарли даражада бўлмаган. “Ягона дарча” имкониятидан фақат тадбиркорлик субъектларининг фойдаланиши мумкинлиги, фуқароларнинг турли давлат органларида ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мураккаб тартиб-таомиллардан ўзлари ўтишга мажбур бўлиши каби муаммолар тизимни сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишига тўсқинлик қилар эди.
Қолаверса, қатор давлат ташкилотларида ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларининг мавжуд эмаслиги, уларни идоралараро интеграция қилинишининг сустлиги жисмоний ва юридик шахслар томонидан барча давлат хизматлари мажмуасидан қулай ва ўз вақтида фойдаланишга имкон бермасди. Шу билан бирга аксарият давлат хизматларини кўрсатиш тартибининг мураккаб ва фойдаланиш учун ноқулайлиги оддий аҳолига қийинчилик туғдирар эди.
Роппа-роса тўрт йил аввал 12 декабрь куни давлат хизматларини кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ этиш сари дадил қадам қўйилди. Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан янги ташкилот фаолиятига асос солинди. Унинг асосий вазифалари этиб эса, бюрократия ва коррупцияни олдини олиш, халқимизнинг давлат органларига бўлган ишончини оқлаш этиб белгиланди.
Мамлакатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган улуғвор ғояни шиор қилган холда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан ўтган йиллар мобайнида қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилди.
Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари аҳоли учун муҳим ва керакли хизматларни олиши мумкин бўлган жойга айланишга улгурди.
Ташриф буюрувчилар учун қулай, кўркам бўлган Давлат хизматлари марказларининг 160 га яқин (70 таси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида) инновацион бинолари барпо этилди, 40 га яқин биноларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда инсон кундалик ҳаётида зарур бўлган
160 дан ортиқ турдаги хизматлардан ортиқча оворагарчиликларсиз ва энг муҳими, яшаш жойидан қатъий назар экстерриториал тамойили асосида фойдаланиши мумкин.
Бугунги кунда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига доир 129 та қонун ҳужжати ишлаб чиқилди, 100 дан ортиқ маъмурий регламентлар қабул қилинди. Бунинг натижасида талаб этиладиган ҳужжатлар сони 181 тадан 86 тага камайтирилди, хизмат кўрсатиш муддати ҳам 499 кундан 271 кунга қисқартирилди.
Ўтган тўрт йил давомида Давлат хизматлари марказлари орқали 40 миллиондан ортиқ хизматлар кўрсатилди.
Давлат хизматлари агентлиги ҳар бир фуқаромиз, яшаш жойидан қатъий назар, сифатли давлат хизматларидан фойдланиши учун имкон яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хусусан, давлат идоралари орасидан биринчилардан бўлиб, Агентлик томонидан “мобиль”, яъни сайёр давлат хизматлари тушунчаси халқ орасида танитилди.
Дам олиш кунлари ДХМ ходимлари махсус техникалар билан жиҳозланган транспорт орқали бориш қийин бўлган чекка ва тоғли ҳудудда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатиш мақсадида жойларга бориб уларга зарур ҳужжатларни тақдим этишади. Шу кунга қадар қулай ва шаффоф услублардан фойдаланган ҳолда республика бўйича 1 млн.га яқин сайёр хизматлар кўрсатилди.
Туман марказидан узоқда (100-300 км) жойлашган ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда уларнинг сони 150 дан ошди, кўрсатилган хизматлар сони қарийб 300 мингга яқин.
ДХМларнинг асосий вазифалари қаторида, фуқароларнинг давлат идоралари вакиллари билан алоқасини имкон даражада камайтирадиган тизимни яратиш. Буларни амалга оширишнинг асосий мезони эса — давлат идоралари архив ҳужжатларини рақамли кўринишга ўтказиши ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида зарур бўлган маълумотларнинг электрон тизимларини ташкил этишдан иборат.
Давлат хизматларидан фойдаланиш янада қулай бўлиши учун Агентлик мутахассислари томонидан электрон рақамли имзони онлайн олиш имконияти яратилди.
Фарзанд туғилганлигини расмийлаштириш учун ФҲДЁ органларида композит (бирлаштирилган) хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилганлиги ҳам навбатдаги қулайликдир. Яъни, туғилишни қайд этиш, болани поликлиникага рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда мактабгача таълим ташкилотларига навбатга қўйиш хизматлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.
Композит давлат хизматлари кўрсатилишининг йўлга қўйилиши билан 15 дан ортиқ ҳужжат қисқариб, 4 та идорага боришга чек қўйилди.
Тадбиркорлик соҳасида ҳам бир мунча жараёнлар осонлашди.
Эндиликда бизнесни рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда 30 та тижорат банкда ҳисобрақам очиш имконияти мавжуд. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан бирга ходимларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, шунингдек, электрон рақамли имзо олиш ҳам мумкин.
Давлат хизмати учун тўлов қилишдаги муаммоларни бартараф этиш учун марказларда “pay.davxizmat.uz” электрон тўлов тизими орқали нақд пул қабул қилиш механизми жорий этилгани ҳам марказнинг муҳим янгиликлардан биридир.
Давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида тўланган пул маблағлари ҳақидаги маълумот мурожаат муаллифларининг телефон рақамларига смс-хабар тарзида юборилади.
Давлат хизматлари агентлиги ташаббуси билан ташкилот фаолиятига асос солинганлигининг 4 йиллиги арафасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани “Шўрбозор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун тақсимланган интенсив узумзор учун 10 минг туп турли навдаги узум кўчатлари етказиб берилди. Бу эса, келгусида ўзининг натижасини бериши тайин. Ерга эгалик қилиб, ер билан тиллашаётган қишлоқ аҳлининг мамнунлигини уларнинг юз-кўзларидан ҳам англаш қийин эмас.
Агентликнинг 4 йиллиги муносабати билан республика бўйича «Давлат хизматлари карвони» акцияси ташкил қилинди.
Карвон “Афросиёб” поездининг Тошкент—Бухоро йўналишидан старт олди. Акция доирасида поездда йўловчиларга Давлат хизматлари агентлиги фаолияти, онлайн хизматлардан фойдаланиш тарғиб қилинди. Йўловчиларга сайёр хизматлар кўрсатилиши биллан бир қаторда, турли викториналар ўтказилиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди..
Карвон доирасида Тошкент шаҳрида “Давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш кўникмангизни оширинг!” акцияси ўтказилди. Бунда Давлат хизматлари марказлари ходимлари пойтахтимиздаги йирик савдо марказлари ҳамда Талабалар шаҳарчасида фуқароларнинг онлайн давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларини ўтказдилар.
Карвон Наманган вилояти Тўрақўрғон, Чуст, Поп туманларида ҳам аҳолига сайёр хизмат кўрсатиш мақсадида йўлга чиқди. Бунда қишлоқ аҳолисига давлат хизматларидан фойдаланиш, марказда кўрсатилаётган хизматларни ўз маҳалласидан чиқмаган ҳолда олиш имконияти ҳақида тушунтиришлар бериб ўтилди.
Самарқанд вилоятида эса, азим кентнинг марказий кўчасидаги йирик савдо мажмуаси ёнида, очиқ ҳавода бошланган тадбир доирасида Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан фуқаролар ўртасида давлат хизматлари ва уларнинг турлари, хизматларни олиш тартиби, айниқса, онлайн фойдаланиш ҳамда унинг афзаллик томонлари, соҳадаги янгилик ва қулайликлар тўғрисида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Карвон Хоразм вилоятининг энг олис ва чекка ҳудудларига ҳам етиб борди ҳамда вилоятнинг олис овулларида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларига қулайлик яратиб, уларнинг вақтини ва нақтини тежаган ҳолда, сайёр давлат хизматларини кўрсатилди. Вилоятнинг чекка қишлоқлари аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, барча қулайликларга эга Давлат хизматлари марказининг 4 та филиали фаолияти йўлга қўйилди.
Республика бўйлаб ҳаракатланган “Давлат хизматлари карвони” акцияси Қорақалпоғистон Республикасида ўз ниҳоясига етди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус тумани “Саманбай” ОФЙ Узункўл массивида жойлашган 19-сон умумтаълим мактабига ташриф буюрилиб, ўқувчилар ҳамда ўқитувчиларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш билим-кўникмаларини ошириш учун талаб юқори бўлган давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби ўргатилиб, мактабга компьютер қурилмаси топширилди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида истиқомат қилувчи аҳолига давлат хизматларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш, хизматлардан фойдаланишда қулайликларни яратиш мақсадида янги замонавий Давлат хизматлари маркази фойдаланишга топширилди.
Акция якунида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри “Тошкент” меҳмонхонасида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Давлат хизматлари агентлигининг тўрт йиллик фаолияти сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.