Саволимиз бироз ғалати туюлаяптими? Бугун айнан ана шу саволимиз жавобсиз қолди?
Тошкент шаҳридаги “ТиБиСи Банк” акциядорлик тижорат банкига кредит олиш учун боришга тўғри келди. У ердаги шарт-шароитларнинг жаҳон андозаларига мослигидан, барча иш замонавий ахборот коммуникацион технологияларда бажарилишидан қувондик. Банк ходимларининг мижозлар билан ишлаши борасидаги муомала маданиятига эса гап йўқ.
Бир пасда телефонимиз орқали берилган электрон буюртмалар қабул қилинди, барча маълумотлар жойлаштирилиб, деярли ўн-ўн беш дақиқада бизнинг буюртмамизга шартнома ҳам тайёр бўлди. Банкда ҳисоб рақами очиш ва банк хизматларидан фойдаланиш учун шартномани ҳам бир дақиқада имзолаб топширдик. Иш шунчалик силлиқ ва тез битганига тўғриси ишонгимиз ҳам келмасди.
Афсуски, қувончимиз узоққа бормади. Чучварани хом санаган эканмиз. Шу заҳотиёқ, банкдан кредит буюртмамиз рад этилганлиги ҳақида қўл телефонимизга келган хабарномани ўқиб, ҳайрон қолдик. Сабабини банк ходимидан сўрасак, бизда қоида шунақа, деб жавоб берди. Хуллас, “ТиБИСи Банк”нинг ғалати қоидаси оёғимизга тушов бўлди. Қанақа қоида дейсизми? Мазкур банк ёши 52 дан ошган аёлларга кредит бермас эмиш. Ажабо… Ўзбекистон аёллари учун шунақа қоидалар ҳам борлигини биринчи бор эшитиб ҳайратландик.
“Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” деган баландпарвоз шиор ҳақида ўйлаб, рад жавобини олганим аламини қоғозга тушираётсам, телефонимга бегона рақамдан қўнғироқ бўлиб қолди. Олсам худди ўша мени хафа қилган банк ходими. Наҳотки, банкдагилар фикридан қайтган бўлса-я, деган хаёлдан қувониб кетдим. Йўқ, афсуски, бекорга қувонган эканман. Банк ходими банкка мурожаат қилганимдан, менга ҳисоб рақами очилиб, уларнинг мижозлари яна биттага кўпайганидан мамнунлигини билдириш учун (мен эса ишим битмаганимга хунобман), “ТиБИСи Банк” ҳақида кимдан ва қаердан хабар топганим ҳақидаги маълумотларни билиш учун менга қўнғироқ қилганлигини билдирди.
Мазкур банк мамлакатимизда кредитлаш сиёсатига доир қонунчиликнинг қайси нормаларига асосан иш юритаётган экан, билмадик.
Сабаби яна бир ҳамкасбимиз ҳозир ҳеч қандай қарзи йўқлигига қарамасдан, ўтган йили бошқа бир банкдан олган кредитини тўлаш карантин муддатларида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан чўздирилганлиги боис, кечиккан тўловлар учун рад жавоби олганлигига ҳам ҳайрон қолдик.
Ҳа, дарвоқе, банк ходими пенсионерларга кредит ажратилмаслиги ҳақида изоҳ берди. Аммо Ўзбекистонда аёлларга 52 ёшдан пенсия тайинланмаслигини банкирлар билмайдими? Ёки бу банк мижоз учун хизмат қилмайдими?
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист