Маълумки, республикамизда мулкнинг хилма-хил шакллари муҳофазасини кучайтириш, мулк ҳамда мулкий ҳуқуқлар кафолатларини белгилашга алоҳида эътибор қаратилиб қатор мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ иқтисодиёт асосларига қарши жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш”[1] билан қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, ушбу соҳани тадқиқ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, бугунги кунда мулкни фирибгарлик йўли билан талон-тарож қилиш ўзгалар мулкини талон-тарож қилишнинг нисбатан кўп тарқалган тури бўлиб ҳисобланади. Ҳозирги кунда фирибгарликнинг умумий динамикаси, унинг кўринишлари кўпайиб бораётганлиги ҳам мавзунинг долзарблигидан далолат беради. Ундан ташқари, ҳаёт кечириш учун зарур маблағларни одамларни алдаш йўли билан топаётган шахс фақат жиноятчи сифатида хавфли бўлмай, унинг қилмиши туфайли давлатга, фуқароларга моддий зарар етказилиши билан бир қаторда, фирибгарлик оқибатлари аҳолига, айниқса ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Маълумот учун: 2004 йилда жами жиноятларнинг 1,6 фоизи фирибгарлик улушига тўғри келган бўлса, сўнги 5 йиллик статистик таҳлилларда жами жиноятларнинг 10-15 фоизи фирибгарликка тўғри келмоқда. 2019 йил республика бўйича 6321 та, 2020 йилда 10496 та фирибгарлик жинояти рўйхатга олинган бўлса, 2021 йилда бу рақам 24554 тани ташкил этган. Бундай ўсиш динамикаси фирибгарликка қарши курашишнинг замонавий усулларини жорий этишни тақозо қилади. Хўш, мамлакатимизда фирибгарлик жиноятчилигининг ортиб кетишига нималар сабаб бўлмоқда? Энг аввало, янгича замонавий, ахборот технологиялар, Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятлар пайдо бўлмоқда. Aйни пайтда мамлакатимиз бутун дунёда авж олган жиддий иқтисодий рақобат шароитида иқтисодиётни барқарорлаштириш ва ривожлантириш йўлидан бормоқда. Замонавий ахборот-телекоммуникация тизимлари ва молия-банк секторини такомиллаштиришсиз иқтисодиётни ривожлантириш мумкин эмас, бу эса, ўз навбатида, янги технологияларни ишлаб чиқиш ва банк хизматларининг жозибадорлиги, самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш воситаларини излашни тақозо этади. Шубҳасиз, бундай воситалардан бири банк пластик картаси бўлиб, у ўзига хос, кўп функцияли банк маҳсулотидир. Афсуски, замонавий тараққиёт билан бирга фирибгарлик жиноятлари ҳам тобора замонавийлашиб, энг сўнгги АКТ воситаларини қўллаган ҳолда содир этилмоқда. Дунёда ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ҳамда рақамли иқтисодиёт ривожланиши, хусусан, мулкий характердаги битимларни онлайн интернет платформалари орқали расмийлаштиришини оммалашиши билан мулкий ҳуқуқлар дахлсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Дунё иқтисодий тизимидаги жадал ўзгаришлар замирида фирибгарлик содир этиш анча осонлашди ва у дунёда латентлиги юқори бўлган жиноятлардан бирига айланди. Жумладан, PwC халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан 2020 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра сўнгги 2 йил ичида дунёнинг етакчи компаниялари иқтисодий жиноятчилик натижасида кўрган зарарининг 47 фоизи фирибгарликка тўғри келиши, жорий йилда эса ушбу компанияларга 42 млрд доллар миқдоридаги зарар етказилганлиги сўнгги 20 йилдаги энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилган. Банк карталари, турли хил молиявий “пирамидалар” ва бошқа янгича шаклдаги фирибгарлик жиноятлари унинг умумий жиноятчиликдаги салмоғини тобора ошириб бормоқда. Мисол учун, молиявий пирамида тузищда айбдор оғзаки ёки ёзма битим тузиб, ушбу битим шартларига амал қилади, битим шартлари бўйича белгиланган фоизлар ўз вақтида тўлаб борилади, битимда назарда тутилган вақт келганида пуллар тўлиқ қайтарилади. Бу билан айбдор кўпроқ фуқароларни ўзининг жиноий “молиявий пирамида”сига жалб қилади. Бунда айбдор янгидан пул киритаётган фуқароларнинг пуллари эвазига муқаддам олинган мажбуриятларини бажариб боради. Айбдор қабул қилиб олган пуллари учун банклар ва бошқа кредит ташкилотларига нисбатан юқори фоиз тўлаб, пулларни қайтарилишидаги қатъий интизоми эвазига ўзининг “мижозлари”ни сонини кўпайишига эришади. Бунда фуқаролар томонидан ушбу “моливий пирамида”га кириталётган пуллар ҳеч нима билан кафолатланмаган бўлиб, пул тушуми тўхтаб қолса, моддий қимматликлар киритган барча фуқаролар ўзларини моддий қимматликларини тиклай олмайдилар, яъни мазкур фаолиятнинг охири кўплаб фуқароларни касодга учратиш билан тугайди. Ушбу ҳолатлар интернет имкониятларидан фойдаланиб келаётган фойдаланувчилар орасида фирибгарликнинг ўсишига сабаб бўлмоқда. Интернет тармоқларида фойдаланувчиларнинг пул мағлабларини онлайн казино ва қимор таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга жалб қилиш орқали интернет-фирибгарлик жиноятлари содир этилмоқда. Шунингдек, хизмат кўрсатиш, электрон савдо соҳаларида шу жумладан, интернет орқали авиачипталар, маиший техника ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиш жараёнида интернет фирибгарликни содир этиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Хорижий мамлакатларда хусусан, Россия, Германия ва бошқа давлатлар Жиноят кодексида компютер маълумотлари соҳасидаги фирибгарлик жавобгарлик назарда тутилган. Япония жиноят қонунчилигида фирибгарлик бошқа шахсдан мулкни алдаш орқали эгаллашни англатади (Япония ЖК 246-модда). Япония жиноят қонунига кўра, агар шахс ўзи ёки бошқа шахс учун ноқонуний мулкий фойда кўриши ҳам фирибгарлик ҳисобланади. Франция жиноят қонунчилигида фирибгарлик жисмоний ёки юридик шахсни алдов асосида чалғитиб, бегона исм, ёлғон мавқе ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб пул, қимматли қоғозлар, моддий бойликлар ёки бошқа мулкларни ўзлаштиришда ёки уларни ўзларига наф келтирмайдиган битимлар тузишига эришишда ифодаланади. Германия жиноят кодексида фирибгарлик оддий, алоҳида оғир, компьютер, субсидия олишга қаратилган, капитал киритишга оид, кредит турларига бўлинади. Шунингдек, Германия жиноят қонунида тўлов ва банк карталаридан алдов йўли билан фойдаланиш, суғурта соҳасидаги ишончни суиистеъмол қилиш каби жиноят таркиблари ҳам мавжуд. Мазкур жиноятга қарши кураш борасида айнан шу борада муаммоларнинг мавжудлиги бу соҳадаги амалий ишларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “в” бандида “компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб” фирибгарлик содир этганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Юқорида қайд этилганидек, ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган даврда коммуникация тармоқларидан фойдаланиб жиноят содир этиш учун албатта компьютер воситаларидан фойдаланиш шарт эмас. Замонавий уяли телефонлар, планшетлар (гаджетлар) ёки бошқа воситалар билан ҳам компьютер билан бажариладиган амалларни имконияти мавжуд. Фирибгарлар томонидан АКТ воситаларининг замонавий турларидан фойдаланиб жиноят содир этилган ҳолатларда қилмишни квалификация қилишда фирибгар томонидан қўлланилган замонавий воситаларни “компьютер техникаси воситаси” сифатида малакалашда вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш учун айнан норманинг шу қисмини қайта таҳрирдан ўтказиш лозим. Фуқароларнинг фирибгарлар таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари йилдан йилга кўпаймоқда. Айрим шахсларнинг фирибгарликни касб этиб олиши, кўплаб инсонларни алданиб қолишга сабаб бўлмоқда. Фирибгарликка қарши курашда энг аввало, уни олдини олиш ва барвақт аниқлаш масалалари долзарб масалалардан бири саналади. Маълумот учун: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ ҳолатлар қайд этилган, натижада 17 мингдан ортиқ одам алданиш фирибгарлик жинояти қурбонига айланган. Таҳлилларга кўра, барча жабрланганларнинг 58,8% эркаклар ташкил қилган. Бундан ташқари, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига комплекс тарзда ёндашилмаганлигини кузатиш мумкин. Аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга доир вазифаларнинг умумий тусда белгиланганлиги ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ таъсирчан механизми мавжуд эмаслиги жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларнинг самарасиз олиб борилаётганлигини кўрсатади. Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишларининг етарли олиб борилмаслиги ҳам қонун устуворлигини таъминлашга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатмоқда. Айнан шу масала, яъни шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш муаммоси, кўп ҳолатларда ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш жиноятларини кўпайиб боришига олиб келмоқда. Шунингдек, амалиёт ҳужжатлари шуни кўрсатадики, фирибгарлик жиноятларидан жабрланганларнинг 90% ҳуқуқий билимларга етарли даражада эга бўлмаган ёки тез ва осон бойлик ортиришга ружу қўйиш ҳолати бўлиб саналади. Шунга кўра, фирибгарлик жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилиши фуқароларни фирибгарлик жиноятини ўзига касб қилиб олган шахслардан огоҳ бўлишга ҳамда улар таъсирига тушиб қолишини олдини олади. Фирибгарлик учун белгиланган жазолар айбдорга муносиб даражада таъсир кўрсата олмаяпти Мисол учун, ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми санкциясида саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлиб, суд томонидан фирибгарга нисбатан максимал ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Айни чоғда, мазкур модданинг 4-қисмида озодликдан маҳрум қилиш билан биргаликда базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима жазоси мавжуд бўлиб, айнан бир қилмишга нисбатан назарда тутилган бу жазо турлари ўзаро номутаносибдир. Бу борада МДҲ давлатлари жиноят қонунчилигида фирибгарлик жинояти учун белгиланган жазонинг максимал миқдори юқорилигини кўриш мумкин. Жумладан, Украина Жиноят кодексида 12 йилгача, Молдавия Жиноят кодексида 15 йилгача, Озарбайжон Жиноят кодексида 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Шунингдек, хорижий давлатларда оғирлаштирувчи ҳолатда фирибгарлик жиноятини содир этилганлиги бўйича модда санкциясида жарима жазоси назарда тутилмаган. Хусусан, Қозоғистон Жиноят кодексининг 190-моддаси 4-қисмида фирибгарлик жинояти уюшган гуруҳ томонидан ёки кўп миқдорда содир этганлик учун мол-мулкини мусодара қилиш орқали беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш, муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Қирғизистон Жиноят кодексининг 166-моддаси 3 ва 4-қисмларида назарда тутилган фирибгарлик жиноятини уюшган гуруҳ томонидан, кўп миқдорда, муқаддам икки ва ундан ортиқ ўғирлик ёки товламачилик жиноят учун судланган ва хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жинояти учун мол-мулкини мусодара қилиш билан беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.[13] Шунга кўра, оғирлаштирувчи ҳолатларда фирибгарлик жинояти содир этганлик учун санкцияда назарда тутилган жазолар турларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Таклифлар: Юқоридаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда фирибгарлик жинояти содир этилишини олдини олиш ва қарши курашиш борасида қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан қуйидаги таклифлар берилмоқда: Жиноят кодексининг 168-моддасида ахборот тизими, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб ҳамда банк тўлов карталаридан ёки сохта банк карталардан ёхуд электрон тўлов воситаларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик учун жавобгарлик белгилаш; фирибгарлик жиноятни такроран рецидив шаклда содир этилиш имкониятларини чеклаш мақсадида жавобгарликка тортиш ва судланганлик муддати ўтмаган бу тоифадаги шахсларнинг суд томонидан бир қатор ҳуқуқларни чеклаш. (хорижга чиқишни вақтинчалик чеклаш, кредит олиш ва кредит бериш ташкилотларида фаолият кўрсатишини чеклаш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларда имтиёзлар тақдим этмаслик, мулкий масалалар бўйича битимлар тузиш миқдорини чеклаш) фирибгарлик жиноятга қарши курашишда коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри каби ушбу жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан ҳам шу каби очиқ электрон реестри юритилишини йўлга қўйиш ва ушбу реестрга киритилган шахсларга коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар нисбатан қўлланиладиган таъқиқлар каби чекловларни белгилаш. Ш.Мирзаев, Р.Нурматов, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходимлари
