Мансаб ҳар кимга ҳам берилавермайди. Вазифага ўтирган киши ўз билими, заковати билан ҳалол, пок ишласа у албатта жамоаси, эл-юрт ўртасида ҳурмат-эътибор қозонади, таҳсинга сазовор бўлади. Бироқ ….
Рахмон Пўлатов (исм-фамилияси ўзгартирилган) тумандаги таълим муассасасида директор вазифасида ишларди. Ўзига яраша обрў-эътиборга эга эди. Афсуски, Пўлатовнинг оёғи ердан узилиб, босар-тусарини билмай қолди. Ўз манфаатини устун қўйиб, зиммасидаги масъулиятни бойлик орттириш учун айни имконият деб ҳисоблади. Нафси уни суднинг қора курсисига етаклаб келди.
Рахмонов Пўлатов ўз раҳбарлик қилаётган мактабда йўлланма асосида ишга келган ёш ўқитувчи Норбек Нуримов (исм-фамилияси ўзгартирилган)га ишлаш учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш, ёш кадрни сақлаб қолиш ўрнига, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, моддий манфаат кўриш мақсадида тамагирлик йўли билан Нуримовдан бакалавр дипломини олиши учун олий таълим муассасаси томонидан келгусида иш берувчи муассаса раҳбарининг муҳр ва имзоси билан тасдиқлатиш мақсадида берилган йўлланма ва далолатномага муҳр ва имзо қўйиб бериш ҳамда келгусида 20 соат ўқув дарс соатлар ажратиб бериш эвазига 800.000 сўмни пора тариқасида талаб қилади.
Айнан шу жойда Рахмон Пўлатов асосий фаолиятини ёш авлодни юртимиз равнақи йўлида хизмат қиладиган ва ўз соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиб етишишларига қаратиши кераклигини унутиб қўйди.
Фуқаро Норбек Нуримовнинг аризасига асосан ўтказилган тадбирда, “мактаб директори” Рахмон Пўлатов ёш ўқитувчи Нуримовдан 800.000 сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан бирга ушланди.
Неки қилганда ҳам энди ҳаммаси беҳуда.
Суднинг ҳукмига кўра, Рахмон Пўлатовга Жиноят кодекси 210-моддаси 2-қисми “в” банди (пора олиш) билан айбли топилиб, моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, жиноятнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар келгусида такрорланмаслиги учун хусусий ажрим чиқарилиб, Халқ таълими бошқармаси бошлиғи эътиборига ҳавола қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, пора олиш ҳам, пора бериш ёки унга воситачилик қилиш ҳам бир хил жиноятдир. Агар биз пора берувчиларнинг йўлини тўссак, ўз ўзидан порахўрлик ҳам барҳам топади. Бу борада кенг жамоатчиликка таянган ҳолда, ҳамкорликда иш олиб боришимиз лозим.
Шаҳзод Бахтиёров,
Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси