Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев пандемия билан боғлиқ вазият ҳақида фикр билдирди:
— 2020 йилда мамлакатимизга кириб келган коронавирус пандемияси, айниқса дастлабки ойларда кўпчиликни, жумладан тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларини ҳам нафақат ташвишга, маълум даражада ваҳимага ҳам солди. Чунки коронавирус ҳар йили бўладиган мавсумий грипп, шамоллашдан тубдан фарқ қиладиган инфекция бўлиб чиқди.
Биринчидан, унинг юқумлилик даражаси жуда юқори, деярли 90-100 фоизга яқин. Шу инфекция билан контактда бўлган инсонларнинг қарийб ҳаммасида шу касаллик ривожланди.
Иккинчидан, коронавирус одатий гриппга ўхшаб, 7-8 кунда ўтиб кетмасдан, кўп ҳолларда турли асоратларга, хусусан пневмонияга олиб келди. Пневмония оғир кечиши, ҳатто ўлим ҳолатларига сабаб бўлиши билан бошқа ҳар қандай грипп шаклларидан фарқ қилди.
Учинчидан, коронавирус инфекцияси ўзи касаллик чақириши билан биргаликда организмда илгари бўлган сурункали касалликлар, масалан, қандли диабет, ўпка хасталиги, юрак қон-томир касаллигининг кескин зўрайиб кетишига олиб келди.
“Коронавирус билан боғлиқ барқарор вазиятни ушлаб туриш — кўп жиҳатдан халқимизга боғлиқ”, — деди Соғлиқни сақлаш вазири. — Инсон ўз саломатлигини асраш устида биринчи навбатда ўзи ўйлаши лозим.
Бунинг учун нималар қилиш лозим? Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан холи бўлиш, касалликнинг илк белгилари пайдо бўлгандаёқ бирламчи бўғим муасасаларига мурожаат қилиш жуда муҳим. Ана шунда касалликнинг олдини олиш ва ўз вақтида чора кўриб, оғир формаларга ўтиб кетмаслигини таъминлаш мумкин.