Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” санаторияси кутубхонасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи ва драматург Қўчқор Норқобил ҳамда юридик фанлар доктори, профессор, шоир ва детектив ёзувчи Комил Синдаровлар билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувни “Ўзбекистон” санаторияси директори Аббосхон Алимов кириш сўз билан очди. Шундан сўнг ижодкорлар бугунги адабий жараён, инсон ҳаётида адабиётнинг тутган ўрни ва босиб ўтган ҳаёт йўллари ҳақида сўзлаб беришди.
Жумладан, ёзувчи Қўчқор Норқобил қуйидагиларни хотирлади: “Эслаш бироз оғир бўлса-да, айтишим керак, мен ҳаётни энди англай бошлаган даврим, айни ўсмирлик пайтимда даҳшатли уруш гирдобида ётган қўшни Афғонистон Республикасига армия хизматига борганман. Тасаввур қилинг, мактабни тугатишим билан уруш оловининг ўртасига тушганман. Тўғрисини айтсам, қўлимга қалам тутишимга уруш даҳшатлари ҳам сабаб бўлган. Кейинчалик, бошимдан ўтказган бу унутиб бўлмас воқеаларни “Дарё ортидаги йиғи” асаримда ёзишга ҳаракат қилдим. Бир сўз билан айтганда, уруш менга ҳаётни англашга ўргатди. “Адабиёт инсонни эзгуликка етаклайди” деб бежиз айтишмайди. Ҳақиқий адабиёт одамзотни ёвузликдан қайтариб, фақат яхшиликка етаклайди. Адабиётни қадрлаш керак”.
Шунингдек, ўнлаб детектив китоблар муаллифи, ёзувчи Комил Синдаров ўз ҳаёт мактаби ҳақида тўхталиб ўтди. “Ижод, адабиётга ошнолик қонимда бор, десам, ҳақ гапни айтган бўламан. Мен ўлмас ўзбек бахшичилик санъатининг буюк дарғаларидан бири Эргаш Жуманбулбул ўғлининг неварасиман. Бу менга ҳамиша фахр ва ифтихор туйғуларини бахш этиши билан бирга, адабиётга, ижодга чорлайверади. Болалигимдан бахшининг дўмбираси сирли оҳангларини эшитиб вояга етганман. Бу оҳанглар қўлимга қалам тутқазган. Аввал шеърлар машқ қилганман. Кейинчалик касбим тақозоси билан детектив асарлар ёзишга киришдим. Адабиёт инсонни тарбиялашига жуда кўп марта амин бўлганман. Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ҳам адабиётни, китобни севишга чақираман”.
Учрашув қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди. Йиғилганлар ҳам адабиёт, ижод ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тадбир якунида ижодкорлар “Ўзбекистон” санаториясининг кутубхонасига ўзларининг муаллифлигидаги китоблардан совға қилишди.