Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқАдлия 1008да эшитади! Иш ўринлари яратиш бўйича...

Адлия 1008да эшитади! Иш ўринлари яратиш бўйича лойиҳаларга қанча миқдорда кредит ажратилади?

Туман ва шаҳарларда самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд лойиҳаларга дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваридан ортиқ миқдорда кредит ажратилиши мумкин.

Самарали лойиҳалар тегишли туман (шаҳар) марказлари томонидан танлаб олинади ва ушбу лойиҳанинг ҳақиқатда мазкур ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги аҳамияти қайд этилган ҳолда кредитлашга хулоса тайёрланади ва хулоса туман (шаҳар) марказларининг барча аъзолари томонидан имзоланади.

Туман (шаҳар) марказларининг самарали лойиҳани амалга ошириш бўйича хулосаси Ҳудудий марказларга кредит ажратиш учун қарор қабул қилишга тақдим этилади.

Ҳудудий марказлар томонидан самарали лойиҳани кредитлаш бўйича қарор қабул қилишда қуйидагилар асослантирилиши зарур:

  • самарали лойиҳанинг тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги аҳамияти;
  • самарали лойиҳа ташаббускорининг лойиҳани амалга оширишдаги тажрибаси, обрўси;
  • банк орқали амалга оширган пул айланмаси миқдори, дебитор ва кредитор қарздорликлари, кредит тарихи;
  • самарали лойиҳани амалга ошириш натижасида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, яратиладиган янги иш ўринлари.

Дастур координаторлари самарали лойиҳани кредитлашга рухсат бериш бўйича Ҳудудий марказларнинг қарори асосида якуний хулоса чиқаради ва ижобий хулоса берилгандан сўнг ушбу хулоса тегишли хизмат кўрсатувчи тижорат банкига тақдим этилади.

 Кредит ажратиш тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқиш муддати қанча?

Қарз олувчининг аризаси келиб тушган кундан бошлаб, тижорат банки томонидан уч иш кунидан ошмаган муддатда ушбу ариза бўйича асослантирилган қарор қабул қилинади.

Кредитларни ажратиш ва уларни қайтариш

Кредитлар қарз олувчига алоҳида кредит ҳисобварағи очиш ва унинг тўлов топшириқномаларига мувофиқ, ушбу ҳисобварақдан нақд пулсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан берилади.

Бунда, кредитлар товарлар (хизматлар) шартнома асосида келишилган нархда етказиб берилгандан (хизматлар кўрсатилгандан) ва лойиҳа эгаси ундан қаноатланиш ҳосил қилганидан сўнг ажратилади ва маҳсулот етказиб берувчи (хизмат кўрсатувчи)нинг ҳисобрақамига ўтказиб берилади.

Қарз олувчи кредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни нақд пулда, банк пластик карточкалари орқали ёки қарз олувчининг ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш йўли билан тўлаши мумкин.

 

Адлия вазирлигининг 1008 қисқа телефон рақамига келиб тушган мурожаатлар асосида тайёрланди.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз