Бош саҳифаМуҳимАдлия қурилиш муаммоларига амалий кўмак берди

Адлия қурилиш муаммоларига амалий кўмак берди

Фарғона адлия бошқармаси мутасаддилари вилоят қурилиш бош бошқармасида давлат хизматларини кўрсатилиши юзасидан мониторинг ўтказди. Бу галги мониторинг жараёнларида адлия текширмади, балки  амалий кўмак берди. Аслида, эътиборли жиҳат ҳам ана шунда.

Фарғона вилоят адлия бошқармаси таҳлилларига кўра, Фарғона вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан давлат хизматлари кўрсатишда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича тегишли таъсир чоралари қўлланилаётган бўлса-да, ушбу соҳада қонунбузилиши йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги очиқланган.

Масалан, 2020 йилда 1 минг 120 та, 2021 йилда 1 минг 583 тани ташкил қилган. Жорий йилнинг 6 ойида эса 940 та қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.

Бемор муолажага муҳтож бўлса, аввало касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилади. Омиллар аниқлангач, вазиятдан келиб чиққан ҳолда амалиёт олиб борилади. Адлия масъуллари ҳам шу йўналишдан боришди. Фарғона вилоят қурилиш бош бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) қурилиш бўлимларида тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратилганлиги ҳолатлари мониторинг асосида чуқур  ўрганилди.

Йиллар давомида тўпланиб  қолган  муаммолар…

Аввало, ўрганишлар давомида аксарият қурилиш бўлимлари муқим бино-иншоотлари билан таъминланмаганлиги аён бўлди. Вилоятнинг 19 та туман-шаҳар қурилиш бўлимларининг 7 тасининг балансида бино-иншооти мавжуд эмас.

Шу сабабли, сўнгги 2 йил давомида Учкўприк туман бўлими 5 маротаба, Қўқон шаҳар, Бувайда туман бўлимлари 4 маротаба, Бағдод туман бўлими 3 маротаба бошқа бинога кўчиб ўтишга мажбур бўлган. Бу эса ўз ўрнида ходимларнинг ишчанлик фаолиятига, энг аввало, ижро интизомига путур етказиб, аҳолининг бўлим хизмати билан боғлиқ масалаларини сифатли бажарилишига салбий таъсирини кўрсатган. Ёзёвон, Тошлоқ, Риштон ҳамда Ўзбекистон туман қурилиш бўлимларининг балансида бино-иншоотлари бўлсада, улар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Энг  ачинарлиси,  қурилиш бўлимларининг моддий-техник таъминотини етарли, деб бўлмайди. Жумладан, соҳада жами 54 та штат бирлиги бўлиб 8 таси вакант мақомида. Шундан 15 нафар ёки ходимларнинг  28 фоизи компьютер жамланмалари билан таъминланмаган.

Мониторинг давомида аниқланишича, ажратилган транспорт воситаларини таъмирлаш ҳамда ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш  учун маблағ ажратилмаган. Оддий канцелярия молларини ҳам ходимлар йиллар давомида шахсий маблағлари ҳисобидан сотиб олишган.

Давлат хизматлари кўрсатиш учун ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши аҳволини ҳам етарли деб бўлмайди.

Қурилиш бўлимларининг иш фаолияти ҳамда хизмат кўрсатиш жараёни узвий интернет тармоғи билан боғлиқ бўлсада, Қўқон шаҳар, Ёзёвон, Данғара, Риштон, Қўштепа, Учкўприк, Тошлоқ, Фурқат, Бувайда, Боғдод туман қурилиш бўлимлари (53 фоиз) интернет тармоғи билан таъминланмаган.

Юқоридаги салбий ҳолатлар, ходимларда иш кўникмаларининг шаклланмаслиги ва қўнимсизлигига жиддий сабаб бўлган.

Кадрларни жой-жойига қўйиш соҳасида мавжуд тизимли камчиликлар бартараф этилмаганлиги боис, Олтиариқ туман қурилиш бўлими бошлиғи лавозими 2021 йил 19 августдан буён, Риштон туман қурилиш бўлимида бош мутахассиси лавозими 2022 йил 21 февралдан буён вакант бўлиб келмоқда.

Соҳада аниқланган юқоридаги хато ва камчиликлар, энг аввало, ходимларнинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланишига олиб келиши хавфи юқори бўлиб қолмоқда.

Муаммоларнинг амалий ечими…

Фарғона вилоят адлия бошқармаси муммоларни бартараф этиш юзасидан ҳамкор ташкилот билан қуйидаги амалий ишларни амалга оширди.

Биринчи навбатда, Қўқон шаҳар, Ёзёвон, Данғара, Риштон, Қўштепа, Учкўприк, Фурқат, Тошлоқ, Бувайда, Бағдод туман қурилиш бўлимларида интернет тармоғи учун Вилоят қурилиш бош бошқармаси ва «Ўзбектелеком» АК ўртасида тузилган НЕТ-1449-сонли шартнома билан марказлашган тартибда тўловлар амалга оширилиши бошланди.

Қува туман қурилиш бўлимига жаратиб берилган  «Ғалаба» МФЙ худудидаги таъмирталаб икки қаватли бинода тез фурсатларда таъмирлаш  ишлари бошлаб юборилди.

Фарғона туман қурилиш бўлимини бино билан таъминлаш мақсадида Халқ демократик партияси туман бўлими билан ID 762759-сонли ижара шартномаси тузилди. Бувайда туман қурилиш бўлими – туман прокуратурасининг собиқ биноси туман хокимлиги томонидан бириктирилиб, хужжатларни расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Туман-шаҳар қурилиш бўлимларини тўлиқ концелария моллари билан таъминлаш бўйича буюртма қилинган махсулотлар марказлашган тартибда бериб борилиши механизми йўлга қўйилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, туман-шаҳар қурилиш бўлимлари моддий техник базасини ривожлантириш мақсадида туман-шаҳар хокимларининг Қурилиш бош бошқармасидан бўлган қарздорликлар учун мақсадли маблағ ажратилиши бўйича 2022 йил 11 августда 01-08/1566-сон хат билан мурожаат қилинди. Вилоятдаги 19 та қурилиш бўлимлари хизмат автотранспортлари учун ёқилғи ва хизмат хоналарига қўшимча мебель жихозлари ҳамда компьютер тўпламлари учун маблағ ажратилиши белгиланди.

Хулоса ўрнида…

Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган нақл бекорга айтилмаган. Фарғона вилоят адлия бошқармаси ана шу иситма сабабларини вилоят қурилиш бошқармаси мисолида  ўрганишга ҳаракат қилди. Бироқ ҳали олдинда қиладиган ишлар бисёр…

Масалан:

Коммунал соҳада  ҳисоблагичларни ўрнатиш, қайта ўрнатиш, лабараториядан ўтказиш каби ўнлаб мурожаатлар давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Бироқ ҳамкор ташкилотлардан бўлган  туман ва шаҳар электр тармоқларида, газ таъминот корхоналарида, бу аризаларнинг регламент бўйича ўз вақтида амалга оширишнинг шунчаки имкони йўқ. Сабаби оддий – иш хажмига нисбатан ходимлар етарли эмас. Бу эса тайёр қонунбузилиш ҳолати дегани.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар қандай соҳани таҳлил қилиш ва тегишли хулосалар чиқариш учун бевосита статистик рақамларга мурожаат қилиш ўринли. Жумладан, 2020 йилда Фарғонада энг кўп муддат бузилиш ҳолатлари 5664 та газ таъминоти корхоналарида, 1327 та электр тармоқлари корхоналарида, 1476 та сув таъминоти корхоналарида юз берган.

2021 йилда ҳам қонун бузилиши билан боғлиқ жами 6215 та ҳолатлар аниқланган. Жорий йилнинг 8 ойи давомида эса 4956 та муддат бузилиши билан боғлиқ қонунбузиш ҳолатлари очиқланган.

Бу келтирган мисолимиз хамир учидан патир, десак тўғрироқ бўлади. Ҳали айтилмаган, аниқланмаган ва қонунбузилиш ҳолатларига сабаб бўлаётган муаммолар қанча?

Мақсадимиз, қонунбузилиш ҳолатларига фақатгина жарима солиш эмас, балки Фарғона тажрибаси сифатида ана шу ноқонуний ҳолатларга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, уни таг-томири билан қўпориб ташлаш, ечим топишдан ва шу орқали қонунбузилиши ҳолатларига чек қўйишдан иборат.

 

 

Фарғона вилоят

адлия бошқармаси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз