Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги Президент Фармони билан адлия вазири Русланбек Давлетов “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Русланбек Давлетов 1980 йили Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. Маълумоти – олий, ҳуқуқшунос, иқтисодчи, 1-даражали адлия маслаҳатчиси.
2001 йил Буюк Британиянинг Варвик университетини, 2003 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини (магистратура), 2007 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ва 2010 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида етакчи мутахассис лавозимида бошлаган ва ўтган йиллар давомида Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Президент Администрациясида турли масъул лавозимларда ишлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, 2017 йил 14 августдан буён Ўзбекистон Республикаси адлия вазири лавозимида ишлаб келмоқда.
Адлия вазирлиги жамоаси Русланбек Қуролтайевич Давлетовни бундай эътирофга сазовор бўлганлиги муносабати билан табриклайди!
Келгусидаги ишларида муваффақият, ғайрат ва шижоат доимий ҳамроҳ бўлишини тилайди!
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими