Жорий йилнинг 7-8 июль кунлари Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) томонидан Марказий Осиёда тадбиркорлик ва инвестицион фаолият учун ҳуқуқий муҳитни яхшилаш лойиҳаси доирасида халқаро арбитраж ва шартномаларни ижро этилиши масалаларига бағишланган халқаро вебинар ташкил этилди.
Онлайн форматда ўтган анжуманда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари А.Каримов Ўзбекистонда маҳаллий компаниялар ўртасида юзага келадиган иқтисодий низоларни ҳал қилиш, бизнес муҳитини яхшилаш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришларга бағишланган маъруза билан иштирок этди.
Маълумот учун: тадбирда Марказий Осиё давлатларининг адлия вазирликлари раҳбарияти, ИҲТТ Котибияти вакиллари, шунингдек, бошқа халқаро ва хорижий ташкилотлатлар мутахассислари иштирок этишди.
Вазир ўринбосари мамлакатимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш, давлат органларининг фаолиятида очиқликни таъминлаш, куррупциявий хавфларини бартараф этиш, одил судловни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Қайд этиш жоизки, вебинар давомида Жаҳон банки мутахассислар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар учун иқтисодий соҳадаги судлов тизимини такомиллаштиришда рақамли технологиядан фойдаланиш бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Тадқиқот натижасида мазкур халқаро молия институти экспертлари томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар мамлакатимизда тегишли соҳадаги навбатдаги ислоҳотларни режалаштириш учун фойдали манба бўлиб хизмат қилади.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими