Бош саҳифаМуҳимАдлия вазири Жаҳон одил судлов лойиҳаси халқаро...

Адлия вазири Жаҳон одил судлов лойиҳаси халқаро ноҳукумат ташкилотининг раҳбарияти билан учрашди

Адлия вазири Русланбек Давлетов Жаҳон одил судлов лойиҳаси (World Justice Project) халқаро ноҳукумат ташкилотининг ижрочи директори Э.Андерсен билан учрашди.

Учрашув доирасида томонлар глобал пандемия шароитида юзага келган ҳуқуқий чақириқлар, Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга қаратилган сўнгги ўзгаришларни муҳокама қилди.

Хорижий томон мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат органларининг фаолиятида очиқликни таъминлаш, коррупцияга қарши кураш ҳамда одил судловни таъминлашга қаратилган ислоҳотларни ижобий эътироф этди.

Шу билан бирга, вазир Р.Давлетов бу жараёнларда ягона давлат ҳуқуқий сиёсати амалга оширилишини таъминлашда Адлия вазирлигининг вазифалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

Шунингдек, учрашув давомида Жаҳон одил судлов лойиҳаси томонидан юритиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2020 йилдаги нашрида Ўзбекистонга берилган баҳолар, ташкилот экспертлари билан доимий ҳамкорлик механизмларини белгилаб олиш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун: Жаҳон одил судлов лойиҳаси ташкилоти томонидан юритиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индекси ихтисослашган ягона халқаро рейтинг ҳисобланиб, ушбу Индекс, ўз навбатида, Жаҳон банкининг бошқарув сифати индикаторларини шакллантиришда энг муҳим ахборот манбаларидан бири саналади.

Шу билан бирга ҳар иккала рейтинг Ўзбекистон Республикаси учун устувор халқаро рейтинг ва индекслар сифатида белгиланган.

Ҳуқуқ устуворлиги индекси дунёдаги етакчи мустақил ахборот манбаи ҳисобланиб, унинг доирасида 128 та мамлакатда ҳуқуқ устуворлигининг таъминланиш даражаси баҳоланади.

Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2020 йилда эълон қилинган нашрида Ўзбекистон ўз ўрнини 4 поғонага яхшилаб 92-ўринни эгаллаган.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини юритишда Жаҳон одил судлов лойиҳаси ташкилоти билан доимий ҳамкорлик қилиш, шунингдек, ташкилотнинг эксперт кўмаги ёрдамида ушбу индексни янада такомиллаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Конструктив тарзда ўтган учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.

 Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов АҚШда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг ишчи ташрифи доирасида 2021 йил 27 июндан 4 июлгача бўлиб турибди. Ташриф дастурида АҚШнинг вазирлик ва идораларида бир қатор учрашув ва музокаралар олиб бориш кўзда тутилган эди.

 

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз