Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон“Адлия вазирлиги стипендияси” жорий этилмоқда

“Адлия вазирлиги стипендияси” жорий этилмоқда

Бу ҳақда адлия вазирининг ёшлар билан учрашувида таъкидланди

Жорий йилнинг 23 январь куни адлия вазири Русланбек Давлетов Тошкент давлат юридик университети талабалари билан учрашди.

Учрашув нимаси билан аҳамиятли?

Биринчидан, унда иштирок этган ҳар ёш келажакда ҳуқуқшунослар учун асқатадиган билим ва кўникмага эга бўлди;

Иккинчидан, учрашув талаба ёшларга катта мотивация берди;

Учинчидан,  янги ғоялар  ва ташаббусларни илгари сурувчи мулоқот майдони бўлди;

Тўртинчидан, юридик соҳадаги кадрларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги лойиҳалар эълон қилинди;

Бешинчидан, етук ҳуқуқшунос бўлишнинг ўзига  хос формуласи яратилди.

Эркин мулоқот тарзида ўтган учрашувда бугунги кунда ҳуқуқшунос кадрларни олдига қўйилаётган талаблар, таълим сифати ва манбалар билан ишлаш усуллари бўйича фикрлар алмашишди.

Учрашувнинг энг эътиборли жиҳатлари сифатида унда адлия вазирининг талабалик йиллари қандай кечганлиги, хориждаги ўқиш даври ва илм олиш машаққатлари, муҳим қарорлар пухта ўйланган режалар асосида қабул қилиниши кераклиги ҳақидаги тавсияларини санаш мумкин. Шу ўринда айрим иқтибосларни келтириб ўтирамиз:

Лавозим, мансаб учун ишламанг

Вазир ўзининг фаолияти ҳақида гапирар экан, талабаларга касбий фаолиятда лавозимга интилмаслик кераклиги, фақатгина ўз устида тинимсиз ишлаши ва ҳаракатдан тўхтамаслик лозимлиги, ўз ишининг устаси бўлган инсон ҳаётда ўрнини топишини таъкидлади.

Тил ўрганиш — бу мотивация

Адлия вазири Умид жамғармаси стипендианти бўлганини, Британиянинг “Warwick” университетида ўтказган талабалик даврини эслади. “Варвикда ўқишни бошлаганимда, илк 40 кун жуда қийин бўлган. Ўқиш қийинлигидан қаттиқ депрессияга тушган пайтларим ҳам бўлган. Профессорларнинг нутқи жуда тез, акценти ғайриоддий эди. Шундай бўлса-да, қаттиқ меҳнат қилиб, янги таълим стандартларига мослашганман. Тил билиш жуда муҳим. Тил бу шунчаки мулоқот воситаси эмас, бу сиз учун аввало дунёқарашингизни кенгайтириш воситаси ва муваффақият калитидир.

Ишни оиладан устун қўймаслик керак

Иш – бу иш, оила – бу оила.  Ҳар бири ўз ўрнида бўлиши керак. Иш шахсий ҳаётдан устун бўлмаслиги лозим.

Шунингдек, тадбир давомида адлия вазири юридик соҳадаги кадрларни қўллаб- қувватлаш бўйича илгари сурилаётган режалар ва таклифларга ҳам тўхталиб ўтди.

Хусусан:

  • талабалар учун хорижий ҳамкор университетларда бир семестрдан бир ўқув йилигача ўқиб келиш имконияти яратилади;
  • хорижда магистратурада ва докторантурада ўқиш учун грантлар ва стипендиялар ажратилади;
  • “Йил талабаси” танлови ўтказилади ва унинг ғолиби тўғридан тўғри Адлия вазирлигига ишга қабул қилинади;
  • ҳуқуқшуносликка ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари талабалари орасида олимпиадалар, “Балли ҳуқуқшунослар” кўрик танлови ташкил қилинади;
  • Марказий Осиё давлатлари юридик олий таълим муассасалари талабаларининг “Central Asia Law Congress” юридик конгрессини Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилади.

Шу билан бирга, билимли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Адлия вазирлиги стипендияси”ни жорий этилаётганлиги, ўқув жараёнини инновацион инфратузилма билан қамраб олган замонавий Тошкент давлат юридик университетини кампусини қуриш имконияти ўрганиб чиқилаётганлиги айтиб ўтилди.

Талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга вазир билан юзма-юз мулоқот қилиш жараёнида жавоб олишди.

Севара Ўринбоева,
журналист

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз