Айни вақтда “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази делегацияси билан Беларусь Республикаси миллий ҳуқуқий ахборот маркази вакиллари учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Учрашувни Беларусь Республикаси миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори Андрей Мательский кириш сўзи билан очиб, ҳуқуқий ахборот соҳасидаги тажриба алмашиш икки мамлакат учун ҳам фойдали эканлигини, бу борада ҳамкорликдан мамнун эканлигини ва келгусида давомли бўлишини таъкидлади.
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори ўринбосари ўз маърузасида ҳуқуқий ахборот тарқатиш соҳасида Беларуснинг ижобий тажрибалари амалиётга жорий этилаётганлиги, хусусан, миллий ҳуқуқий база имкониятларини кенгайтириш мақсадида Беларуснинг “Эталон” ва “Эталон on-layn” ахборот-қидирув тизимларини юритиш бўйича тажриба ўрганилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу тажриба Lex.uz мобиль иловасини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигига тўхталиб ўтди. Шунингдек, ҳуқуқий ахборот тарқатиш соҳасида Ўзбекистон тажрибаси ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди.
Шундан сўнг ушбу марказ томонидан ҳуқуқий ахборотларни тарқатиш борасидаги фаолиятига оид тақдимот намойиш этилди.
Учрашув давомида марказлар ўртасида ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.