ЎЗБЕКИСТОН халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида минтақавий ва жаҳон миқёсида фаол ташқи сиёсат олиб бориб, хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантирмоқда. Бундай изчил ва конструктив ташқи сиёсат халқаро экспертлар ва кузатувчилар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Сўнгги йилларда Жанубий Осиёнинг стратегик жиҳатдан муҳим минтақасида, айниқса, Афғонистон масаласида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаоллиги янада ортди. Шу маънода айтганда, Ўзбекистоннинг Ҳиндистон ва Покистон билан бу минтақа бўйича алоқаларини жадаллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиши муҳимдир.
Президентимиз 2020 йил 29 декабрда парламентга йўллаган Мурожаатномасида Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик масаласига ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши сифатида алоҳида тўхталиб ўтганди. Шу йилнинг 15-16 июл кунлари Тошкентда ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференция бу борадаги муҳим қадам бўлди. Мазкур конференция иштирокчиларига йўллаган табригида Юртбошимиз «Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва цивилизациявий муштараклиги, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатлари биргаликда фаровон келажакни бунёд этишимиз учун мустаҳкам замин яратади. Ўзаро алоқаларни ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб, бугунги кунда мамлакатларимиз дуч келаётган хавф-хатар ва таҳдидларни енгиб бўлмаслигини чуқур англаш вақти келди. Биз фаровонлик ва тараққиётга эришиш йўлида биргаликда ривожланиш истиқболлари бўйича яхлит ёндашувларни ишлаб чиқишимиз лозим”, дея таъкидлади. Ўшанда халқаро анжуман иштирокчилари минтақавий ўзаро боғлиқликни янада чуқурлаштириш йўлида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари суриш имкониятларини муҳокама қилдилар. Савдо, инвестиция, транспорт, энергетика ва инновация, «яшил» технологиялар, аниқ лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, икки минтақанинг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли фикр алмашиш ва таклифларни ишлаб чиқиш амалга оширилди.
Икки минтақанинг ўзаро боғлиқлиги масаласи тасодифан юзага келмади. Марказий Осиёда миллий давлатларни қуриш ва янги суверен ривожланишда фалсафий ва амалий маъноларни излашнинг замонавий саволларига жавоб бериш учун тарихга, маданий илдизларга мурожаат қилиш ҳамда ўзлигини англашда фаол изланиш муҳимдир. Бу эса мавжуд фарқларга қарамай, икки минтақанинг муҳим цивилизацион роли ва уларнинг умумий тақдирини англашга кенг йўл очиб беради.
Айни пайтда минтақамизнинг халқаро хавфсизлик тизимидаги аҳамияти кескин ошиб, хавфсизликнинг узвий боғлиқлиги яққол намоён бўлмоқда. АҚШ қўшинлари олиб чиқилганидан кейин кескин ёмонлашган Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазиятни юмшатишга асосий вазифа сифатида урғу берилмоқда. У ердаги вазиятни барқарорлаштириш, шубҳасиз, икки минтақа хавфсизлигига таҳдидларни камайтиришга кўмак беради. Бунга уларнинг ўзаро боғлиқлиги ва ижтимоий-иқтисодий макондаги муаммоларни изчил ҳал этиш орқали эришиш мумкин.
Бугунги энг муҳим мақсад – Жанубий ва Марказий Осиёни боғлаш масаласидир. Аммо улар ўртасида ҳамон нотинч бўлиб келаётган Афғонистон мавжуд. Бинобарин, иккала минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш орқали Афғонистондаги вазиятни имкон қадар тезроқ барқарорлаштириш муҳим ҳисобланади. Тошкент конференцияси эса Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасида минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг бир қатор долзарб масалаларини очиқ муҳокама қилиш учун ўзига хос имконият яратди. Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервюсида ҳақли равишда таъкидлаганидек: “Азал-азалдан ўзаро қардош ва биродар бўлган мамлакатларимиз кўпгина минтақавий ва глобал масалалар, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича яқин ҳамкорликда ҳаракат қилишни бошлади. Жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора пайдо бўлди”.
Шу ўринда конференция натижаларини тавсифловчи бир неча жиҳатларга эътибор қаратсак. Аввало, анжуман иштирокчиларнинг фикрича, ҳар икки минтақанинг гуманитар ва иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш лозим. Мавжуд транспорт ва транзит имкониятларидан самарали фойдаланиб, Марказий ва Жанубий Осиёнинг бутун ҳудудини инвестиция, технология ва инновация, фаол гуманитар ва сайёҳлик алмашувлар учун жозибадор маконга айлантиришда қадимий Буюк Ипак йўлини тиклаш орқали истиқболли ягона бозорни яратиш зарур бўлади. Шу билан бирга, транспорт-коммуникация инфратузилмаси билан боғлиқ кўп томонлама лойиҳаларни амалга ошириш муҳим. Анжуманда таъкидланган минтақалараро интеграция концепциясини амалга ошириш зарурлиги муносабати билан Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган улкан ҳамжиҳатлик ғояси олдиндан кўра билиш ва тўғри прогнозлаш натижаси сифатида баҳоланди. Энг муҳими, Ўзбекистон минтақанинг илғор давлати, унинг «локомотив»и ёки «Осиёнинг янги йўлбарси» мақомини олди. Қолаверса, мазкур халқаро анжуман янги Ўзбекистон олиб бораётган фаол ташқи сиёсатнинг улкан ютуғи ва мантиқий давоми сифатида баҳоланди. Бу эса ўз навбатида, миллионлаб турли маданият, тил ва динга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда самимий мулоқот, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини тубдан мустаҳкамлади. Шу билан бирга, икки минтақа ўртасидаги икки томонлама ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда янги даврни очди.
Тошкент конференциясида Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги формати мустаҳкамланди. Чунки барча мамлакатлар минтақалараро муносабатлар доирасидаги ҳамкорликдан манфаатдор. Яъни ўзаро манфаатли, минтақавий ҳамкорлик натижасида хавф-хатарлар камаяди, хавфсизлик даражаси ортади. Айни анжуман нафақат Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради, балки икки Осиё минтақаси мамлакатларининг фаровонлиги ҳамда ривожланишига ҳисса қўшиб, хавфсизликни таъминлаш ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатади.
Омонулла МУҲАММАДЖОНОВ,
Тошкент давлат юридик университети профессори,
юридик фанлар доктори