ЯнгиликларМаҳаллийАҳоли муаммолари билан ишлаш соҳасида янги тизим

Аҳоли муаммолари билан ишлаш соҳасида янги тизим

Давлатимиз раҳбари топшириғига мувофиқ аҳоли билан мулоқотнинг мутлақо сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилмоқда. Тажриба сифатида Тошкент вилоятининг оғир ҳудудларидан бири бўлган Оққўрғон тумани танлаб олинди.

Унга кўра, Президент маслаҳатчиси Ғ.Мирзаев бошчилигидаги 24 та вазирлик ва идора раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи 4 та сектор кесимида тумандаги 29 та маҳаллада фаолият олиб бормоқда.

Ишчи гуруҳи туман ҳудудини маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадоннинг шароити билан танишиб, аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини ўрганиб, уларни тезкор ва самарали ҳал қилиш чораларини кўрмоқда. Ушбу жараёнда асосий эътибор — оғир ижтимоий аҳволдаги, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган инсонларни қийнаётган масалаларга ечим топишга қаратилмоқда.

Яна бир муҳим жихати масъуллар, ишчи гуруҳи аъзолари бевосита чекка ҳудудлардаги қишлоқларда тунаб, ўша ерда маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, кекса нуронийлар, фаоллари билан аҳолида мавжуд муаммолар хусусида муҳокамалар ўтказиб, жойида ечим излашмоқда.

Айни пайтда  Оққўрғон туманининг “Ёшлик”, “Маданият”, “Жағалбойли”, “Сувти”, “Қўштамғали”, “Мустақиллик”, “Хонобод”, “Элтамғали”, “Султон Сегизбоев”, “Толовул” маҳаллаларидаги 920 та хонадон ва 15 та ижтимоий соҳа объекти ўрганилди. Уларда аниқланган 547 та масаланинг 76 таси (13,8 фоизи) ҳал қилинди, 471 та масала бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Мисол учун, “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи 70 ёшли оғир ижтимоий аҳволдаги Владимир Вятчинин даволаниши учун Тошкент вилояти ихтисослаштирилган соматика шифохонасига ётқизилган бўлса, “Маданият” маҳалласидаги А. Мамазоитов хонадонига 40 метр қувур тортилиб, табиий газ таъминотига улаб берилди. Ҳудудда ташкил қилинган чуқурлаштирилган тиббий кўрик натижасида амбулатор шароитдаги 36 нафар бемор керакли дори-дармонлар билан таъминланди.

“Мустақиллик” маҳалласидаги эскирган симёғочлар бетон устунларга алмаштирилаётган бўлса, “Ёшлик” маҳалласи Замаҳшарий кўчасидаги сув қувурлари таъмирланмоқда.

Шу билан бирга, муддат ва маблағ талаб қиладиган қатор масалаларни келгуси йил дастурларига киритиш белгиланди. Хусусан, “Сувти” маҳалласидаги яроқсиз  кўприк таъмирланиши билан камида 400 нафар аҳолини ўйлантираётган тизимли масала ҳал қилинади. Ёки “Хонобод” маҳалласидаги 1960 йилда қурилган 450 ўринли 9-сонли мактабга қўшимча бино қурилиши режалаштирилди. Худди шундай “Маданият” маҳалласидаги 22-, 27-, 47-, 50-сонли мактабларни, айниқса, 50-мактабнинг ачинарли аҳволдаги спорт залини реконструкция қилиш, маҳаллаларнинг қишда лой, ёзда чанг кўчаларини таъмирлаш, “Қўштамғали”даги 500 та яроқсиз симёғочларни бетон устунларга алмаштириш билан минглаб инсонлар реал ҳаётида амалий ўзгаришларга эришилади.

Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img